Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№14, 31.03.2016

Янги китоб

Ойдин МАМАДАЛИЕВА номи газетхонларимизга яхши таниш. Унинг қаламига мансуб ҳикоя, қатра, ҳажвлари вилоятимиз ва республика нашрларида мунтазам бериб борилади. Бадиий ижод билан мактаб даврларидан буён шуғулланиб келади. Ҳозирда "Холис" ижтимоий-оммабоп газетаси таҳририятида фаолият юритмоқда.

Яқинда ижодкорнинг "Наврўз" нашриёти томонидан "Севги бекати" номли илк китоби нашрдан чиқди. Ушбу китобга О. Мамадалиеванинг узоқ йиллик кузатишлари маҳсуллари бўлган бадиа ва ҳикоялар жамланган. Муаллиф уларда аёл қалбининг турфа ранглари, дунёқарашидаги паст-баландликлар, руҳиятидаги чақнашлар ҳақида ҳикоя қилади. Қуйида эътиборингизга ана шу китобга киритилган ижод намуналаридан бирини ҳавола этмоқдамиз.

СЎЗ СЕҲРИ

Бир аёл руҳшунос олдига борди. У балоғатга етган, чиройликкина қизи борлигини, уни тарбиялашда қийналаётганини, қизи келган совчиларни хушламай, "турмушга чиқмайман!" деб тихирлик қилаётганини айтди. Шу масалада унга ёрдам беришини сўради.

- Қизингиз билан бирга келинг, - деди шифокор.

Қиз шифокор ҳузурига онасининг мажбури билан истамайгина келди. Шифокор аввал она, кейин қиз билан алоҳида гаплашиб, шуни аниқладики, уларнинг оила бошлиғи спиртли ичимлик ичувчи экан. Эр доимо хотинига қўполлик қиларкан. Рўзғор ишларида оила аъзоларига ёрдам бермас экан. Қиз кунора бўлиб турадиган ота-онасининг жанжалига гувоҳ бўлар, она доимо қизига дадасини ёмонларкан. Шу орқали у эридан ўч олишга, қизини ўзи томон оғдириб олишга уринаркан. Она қизига: "Эркаклар занжир, улар қафас, гўёки ёввойи ҳайвонга ўхшайди", деркан. Хуллас, аёл эркак кишининг инжиқликларига, тергашларига чидаш қийин эканлигини уқтираркан.

Улар билан суҳбатлашган шифокор муаммонинг илдизини топгандай бўлди. Қизнинг оила қуришини хушламаётганинига онаси айбдор эканлигига амин бўлибди. Чунки она қизининг миясига "эркаклар душман" деган фикрни сингдириб бўлган экан. Шифокор қизнинг миясида шаклланган нотўғри фикрни ўзгартиришга уринди. У қизга бу ҳаётда яхши ва ёмон эркаклар бўлишини, унга албатта яхши йигит учрашини, қиз у томондан ардоқланишини, меҳр кўриши, унинг ҳимоясида қийналмай умр ўтказишини ётиғи билан тушунтирди. Ҳаётдан мисоллар келтирди.

Суҳбатдан қизнинг дили яйради. Унинг ўй-фикрлари яхши томонга оға бошлади. У деди:

- Мен китобда оила муқаддас, деб ёзилганини ўқиганман. Шунинг учун ўзимни унга хали тайёр эмасман, деб ҳисоблайман. Таваккал қилишга эса қўрқаман...

Орага сукунат чўкди. Бир пайт унинг кўзлари намланиб, ёш томчилари юзига туша бошлади.

- Ҳаётда кўнглимга ёқадиган бирор яқин кишим, сирдошим йўқ. Йигитлардан ўзимни олиб қочаман, қўрқаман. Ўзимни шунчалар ожиз сезаманки, баъзан яшагим ҳам келмай қолади...

Қиз кўз ёшларини артиб, сўзлашдан тўхтаганда, шифокор деди:

- Жон қизим, асал қизим! Сен бунчалик ёмон ўйларга борма. Отанг ичувчи бўлгани билан сен яхши тарбия олибсан. Бу ҳаётда оилавий шароити сеникидан оғир бўлган қизлар бор. Шифохоналарда руҳий касалликдан, наркология диспансерларида гиёҳвандликдан даволанаётганлар орасида ёш қизларнинг борлигини билсанг эди. Уларнинг ҳаётига ачинасан. Сен жуда ақлли, мулоҳазали бўлганинг учун ҳам, уларнинг қаторида эмаслигинг учун шукр қил. Сен зеҳнли, иродали қиз экансан, бахтли бўлишга ҳам муносибсан. Келажакда яхши бир йигитга турмушга чиқиб, энг бахтли аёлга айланасан. Келгусида бахтли бўлишга уринсанг, фақат ўзингга эмас, ота-онангга ҳам ёрдам берган бўласан. Ота-онанг тез-тез жанжаллашсалар-да, сени ўйлаб ажрашиб кетишмаган. Бундан кўринадики, уларнинг иккиси ҳам сени яхши кўради, бахтли бўлишингни исташади.

Орага жимлик тушди. Қиз шаҳло кўзларини, қуюқ киприкларини пирпиратди. Унинг чеҳрасига табассум югурди ва деди:

- Опажон, сўзларингиз шунчалар маъноли ва таъсирлики, мен дунёга, ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараяпман. Дунёқарашим тиниқлашяпти.

- Жуда соз. Мен ҳам сени ёқтириб қолдим. Турмушга чиқаётганингда тўйингга мени ҳам таклиф қилгин-а? Албатта бораман.

- Хўп, опажон! Сиз билан бўлган суҳбатни ҳеч қачон унутмайман. Айниқса, мени "Жон қизим, асал қизим" деганингиз бир умр хаёлимдан кетмайди. Бунчалар ширин муомалани энди эшитдим.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди