Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№16, 14.04.2016

Турмуш чорраҳаларида

ЁЛҒИЗ АЁЛ

Ҳали 30 ёшга кирмаган гўзал Салтанатхоннинг эри ошқозон касали билан хасталаниб вафот этди. Икки қиз - 6 ёшли Нодира, 4 ёшли Шоира отасидан айрилиб, онасининг қарамоғида қолишди.

Тақдирга тан берган аёл бор кучи билан меҳнат қилди. Фабрикада ишлади. Кечалари чеварлик қилди. Икки қизни оқ ювиб, оқ тараб тарбиялади. У болаларга ҳам оналик, ҳам оталик қилди. Таниш - билиш, баъзи одамлар ёлғиз умри ўтаётган бу аёлга "Ҳали ёшсиз, турмушга чиқинг!" дейишди. Салтанатхон кўнмади. Турли ўй-хаёлларга борди. "Қандай бўларкин? Иккинчи эр қизларимни малол олса чидай олармикинман?" деган андишага борди. "Таниш-билиш, эшитган қариндош-уруғ нима деб ўйлайди" деди. Ҳуллас, у эрга тегмай ўтди.

Йиллар ўтиб, қизлари ҳам бўй чўзишди. Бирин-кетин балоғат ёшига етишди. Улар ўқиб, ўрганиб маълум мутахассисликни эгалладилар. Катта қизи - Нодирани турмушга чиқарди. Салтанатнинг ота-она, ака-укаси тўйда ёнида тик туришди. Улар келинчак қизга отасининг йўқлигини билдиришмади. Вақти соати етиб, кенжа қиз Шоира ҳам муносиб хонадонга узатилди. Икки қизни чиқарган Салтанатхоннинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Эркин нафас олди. У тўйни ўтказиб, мазар ташидию, тезда келин-куёв чақириқ маросимини ўтказишни ният қилди. Икки ёш келин-куёвни оила аьзолари, ошна оғайниси билан чиройли меҳмон қилишни хоҳларди.

Бу тўғрида қудалар билан маслаҳатлашди.

- Мен эри йўқ хотиннинг уйига меҳмонга бормайман, - дебди бу гапни хотинидан эшитган куёвнинг дадаси Иброҳим ака. - Хаётда эрсиз яшаш жуда қийин. Хотин қуда шунча йил қийналиб, ёлғиз ўзи икки қизни тарбиялаб, вояга етказибди. Турмушга узатибди. Буларни бажариш ёлғиз бошига осон бўлмагандир. У кенжа қизини ҳам турмушга узатиб, ўз вазифасини бажарибдими, бўлди бас, Салтанатхоннинг болалари олдида қиладиган вазифаси тугабди. Энди кўпроқ ўзини ўйлаб, ўзи учун яшасин. Бошида эри бўлган қизларининг ғамини еб, ўзини ўққа-чўққа урмасин. Ойда бир марта бериладиган маошга қараб яшайдиган аёл кишига ҳозирги кунда чақирди қилиш осонми?! Салтанатхон бизни деб овора бўлмасин. Сарпо- суруғ оламан деб, қарз кўтармасин. Ўғлимиз тўйдан олдин ҳам кийим топиб кийиниб юрган, энди ҳам ўзига кийим керак бўлса, ўзи топиб кияди. Мен маросимга керакли бозор-учарни сизларга қилиб берай. Чақирдига келин билан ўғилнинг ўзи борса бўлди. Бизнинг ўғлимиз энди Салтанатхонга ҳам ўғил бўлди. Уларни ҳам жўнатмасак, қуда ҳафа бўлади. Хоҳласанг ҳотин синглингними ёки опамними олиб сен ҳам бор. Боринглару, хотин қудани кўп уринтирманглар...

Ханифа опа эрининг гапларини Салтанат опага етказди. "Эри йўқ хотиннинг уйига бормайман" деган сўз унинг қулоғига ғалати эшитилган бўлса-да, бу гапнинг таг-замирида эрсиз аёлни авайлаш, қийналиб ортиқча ҳаражатлар қилишига йўл қўймаслик маънолари борлиги уни ич-ичидан севинтирди. Қизнинг онаси қуда томонни авайловчи шундай диёнатли, кишининг қадрига етадиган одамларга қуда бўлганидан қувонди.

"Илоё, умринг зиёда бўлгур янги қуда - Иброҳим ака шунақа антиқа одам экан-а!" дея ичида алқаб қўйди Салтанатхон.

Унинг хонадони билан қуда бўлиб ҳеч қийинчиликка учрамади. Тўйни кам харажат, кам чиқим қилиб, жуда чиройли тарзда ўтказишди. Тўйдан олдин онаси ўзича катта талабларни қўяётган бўлғуси келинчак Шоиранинг ҳам "уни ўчди", қолди. "Сиз қийналманг, нима керак бўлса, ёшлар тўйдан кейин ўзлари ишлаб, топиб олишади. Ўшанда ҳар бир буюм улар учун қадрли бўлади. Қарзга келган нарсаларни уйимга киргизмайман" деганди қуда ўшанда.

Салтанатхон тўйдан кейин мазар, тоғора-тоғора егуликлар ҳам ташиб қийналмади. Иброҳим ака бу бидъатни ҳам таъқиқлади.

Икки қизни узатиб уйда ёлғиз қолган аёлга таниш-билишлари:

- Энди қизларнинг ғалвасидан қутилдингиз, ўргилай. Энди ўзингизга муносиб бирортасига турмушга чиқинг-да, - дейишди.

Чақириқ маросими бўлди. Орадан маълум вақт ўтди. Салтанатхонга эркак қуданинг гаплари оғир ботдими, кейинги гал қизи уникига меҳмонга келганда: - Бошимда агар эрим бўлса, даданг бизникига меҳмонга келар эканми, - деди у қизи Шоирага. - Ундай бўлса, энди сенларга янги дада топганим бўлсин...

Тақдир эканми, ниҳоят 45 ёшли, аёллик нафосатини йўқотмаган Салтанат нафақага энди чиққан яхши бир эркак билан умрини боғлади. Ҳаётда бахтли инсонлар кўпайди. Салтанатхон ва Каримжон ака хонадонидаги меҳмондорчилик янги қудаларнинг ташрифи билан янада кенгроқ тарзда ўтказилди.

Ҳурматли газетхон! Бу воқеага, Иброҳим аканинг хатти-ҳаракатига сиз қандай қарайсиз, билмадиму, лекин мен хонадонларимиздаги оила бошлиқларини худди Иброҳим акага ўхшашини жуда-жуда хоҳлардим. Зеро, эркакларимиз оиламиз бошлиғи. Ҳар бир иш уларнинг бошчилигида, рухсати билан амалга оширилиши керак, деб ўйлайман.

Оилада эркакнинг борлиги бахт. Унинг йўқлиги кўргулик, алам. Лекин уни оиладан ўлим бевақт олиб кетган бўлса-чи?! Йўқлигига чидаймиз. Барча вазифаларни аёл ўз бўйнига олиб, сабр ва тоқат билан уларни бажаради. Ҳозирги ким ўзарга бўлаётган дабдабали тўй маросимлари анча-мунча бели бақувват эркакларни ҳам шошириб, ўйлантириб қўймоқдаки, бошида эри йўқ аёллар қиз чиқариб, ўғил уйлаш пайтида нима қилсинлар, қайга бориб бошини урсинлар?! Шундай вазиятда Иброҳим акага ўхшаган танти, ўзининг қатъий сўзи, фикри бўлган эркаклар оқилона иш тутиши билан тул хотинларга енгиллик бериши одамийлик, савоб ишлардан бири эмасми?!

Ҳаётда ўлим, ажралиш можаролари бор экан, дунёда ёлғиз яшовчи, эрсиз аёллар бор. Биз - инсонлар, эркакми, аёлми, ким бўлмайлик, аёлни ёлғиз эканлигини билдикми, унга қўлимиздан келганча мадад беришга шошилайлик. Уларнинг ҳаёт ташвишларини енгиб ўтишларига, айниқса, улар ўтказаётган тўй маросимларини камчиқим, чиройли бўлиши учун кўлимиздан келганча кўмак берайлик. Чунки у ёлғиз, ҳаёт синовларига дош бериши жуда қийин. Зотан, ҳофиз ўз қўшиғида айтганидай:

Еганин ош деманг

ёлғиз аёлнинг.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди