Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№17, 28.04.2016

Талқин

ЮРАКДАН ЯРАЛГАН ШЕЪРИЯТ

(МУҲАММАД ЮСУФ ШЕЪРИЯТИДА ЮРАК ТАЛҚИНИ)

Муҳаммад Юсуф... Шеърият оламига Яратгандан омонат бўлган юрагини машъаладай кўтариб киргану, шу машъаладан парча-парча тўкила тушган учқунлар-латиф шеърлари билан миллионлар қалбига ўт, идрокига нур сингдириб кетган шоир.

М. Юсуф шеъриятининг ўқувчига ва тингловчига бунчалик тез таъсири, осон ёд бўлишининг сабабини топгандайман. Асл ижод кишиларини кўнгил одамлари дейишади. Яъни улар ҳеч қачон совуқ ақл билан иш юритолмайдилар, бу уларга жамиятда кўпинча панд берса-да, бетакрор ижодий обидалар яралишига ҳам айнан шул сабаб. Натижада шоирликни йиллаб орзу қилганлар қолиб, "азалдан дили ғамгин халойиқ аҳлини суйган" Машраб, Муҳаммад Юсуф каби кўнгил аҳли ўзи билмаган ҳолда халқнинг суюкли шоирига айланиб кетажак. Йўқса шоирнинг ўзи шундай ёзармиди:

Шоирлик мен учун асло орзумас,

Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга.

Барча шоир зотин йиғса арзимас

Онамни соғиниб тўккан ёшимга.

Инсонда икки томон - моддият ва руҳият бўлганидек, шеърда ҳам шу икки жиҳат муштарак бўлгандагина тирикдир,шеърдир. Шеърга руҳни эса шоирнинг юраги беради.

Шоир ўтган асрнинг 90- йилларидаёқ машҳур бўлиб кетган бир шеърида юрагига мурожаат этади:

Юрагим-ей, бошлаб келдинг

мени қайга?

Бағрим ўхшар пора-пора

бўлган найга.

Тарихда сарбадорлар деган фидоийлар ўтганини биламиз. Бошини дорга тиккан мардоналар, демак. Мен асл шоирларни, хусусан, Муҳаммад Юсуфни юрагини дорга тиккан, битта-ю битта жонини гаровга тикиб шеърлар битган шоир дегим келади. Шоир бир мақоласида "Шеър ёзиш шундай қийинки,баъзан ёзиб бўлгач, қўшдан чиққан жонивордай терга тушиб кетасан", деб эътироф этади.

"Қизил олма" шеърида севги гулбоғи дея алданиб, ҳойу ҳавас чорбоғига кириб қолган лирик қаҳрамон:

Юрагим-ей,сени не ўй ўртамоқда?

Севгига йўл бўлсин

бизга бу чорбоқда,

деб куюнса, "Ёлғончилар" шеърида чинакам жон олгувчи муҳаббатни улуғлаб шундай қуйма сатрларни битади:

Кимни суйсам суйганимдан

куйган дилим,

Кўз ўнгимда бўлақолсин

тилим-тилим,

Ҳаром бўлсин муҳаббатсиз

ўтган куним,

Юрагимни йўлбарсларга

едираман.

Бу ўринда Нодирабегимнинг "Муҳаббатсиз киши одам эмасдур" мисраларини ёдга олсак, М. Юсуфнинг юракдай беминнат ҳамроҳини нега йўлбарсларга едирмоқчи эканлигини тушуниш осонлашади.

Шоир "Юрак билан суҳбат" шеърида ўз юрагини жонлантириб (ташхис санъати) ўқувчи хотирасида образли тарзда эсда қоладиган диалогнинг гўзал намунасини яратади:

-Соҳибдилим, нега кунда

йиғлайверасан?

Кунда йиғлаб юрак-бағринг

тиғлайверасан?

-Кунда шу ҳол, дўсти ҳалол,

ҳайронман мен ҳам,

Ўпкам тўлиб кетар бир кун

йиғламай қўйсам.

Шоирнинг юрак шахслантирилган - одамга хос хусусият, ҳаракатлар билан "сийланган" "Бир кеча" номли шеърини кўрайлик:

Бир кеча бехосдан уйғониб кетсам,

Йиғлаб ўтирибди юрагим юм-юм.

Чўчиб турдим: сенга нима бўлди,

эркам,

Нега йиғлаяпсан, мен нима қилдим?

Банддаги ўқувчи завқини қитиқлайдиган унсур - жонлантириш. Тўсатдан уйғониб кетган одамнинг юм-юм йиғлаб ўтирган юрагини "кўриши" охорий бадиий топилмадир. Шоир бедор юрак дардини ҳам жисм, ҳам кўнгил ҳаракати билан очади. "бехосдан уйғониш" ва "чўчиб туриш","юракнинг юм-юм йиғлаши"нинг илмий асоси эса (бу ўринда!) тиббиёт тили билан айтганда ценокардия, халқ тили билан айтганда "юрак ўйноғи"нинг ўзи эмасми?!

Шоир айнан кўнгил кишиси бўлгани учун юракдан қуйма сатрлар ярата олган, юрагига хилоф иш тутмагани учун ҳам бир шеърининг якунида:

Қишлоққа кетаман,

Тонг отса бўлди.

Қуёш, уйғотиб қўй мени эрталаб.

Юрагим,

Юрагим оғримай қўйди,

Эҳ, қалбни бир ўпиб бўлмас эркалаб.

деб ёзади.

Тараққиёт!

Тошдан ясаб бўлсайди,

Юракни темирдан ясаб бўлсайди.

Қанийди, ўкинч не,билмаса кўнгил,

Қанийди, шеър ёзмай

яшаб бўлсайди...

Муҳаммад Юсуф худди Машраб каби улкан қалб эгаси эди, худди Машраб каби эл ичра машҳур-у матлуб бўлди. Камтар шоирнинг:"Бу шеър эмас, шунчаки бир гап келди кўнглимга", деб ёзиб кетган битиклари-да бугунги китобхоннинг қалбида некбин туйғуларни сайқаллайверади, унга руҳий-маънавий озуқа беришдан тўхтамайди. Йиллар ўтган сари юрагимизга чуқурроқ кириб бораверади. Шоира Ҳалима Худойбердиева айтганидай:

Юракларда юрмагини,оҳ,

олдиндан билган қуш.

Ҳар ўзбекнинг юрагини

ўзиники қилган қуш.

Наргиза АЛИХОНОВА,

Марҳамат туманидаги 13-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди