Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№17, 28.04.2016

Ҳикоя

ЁМҒИРДАН СЎНГ....

Баланд бино... Унинг энг юқори, ҳатто кабутарлар ҳам чўчиб қўнадиган қаватида бир қиз турарди. Ҳали йигирма бешга ҳам тўлмаган, сочлари худди катта аёлларникидек турмакланган, бир қўлини бошига, бир қўлини пешонаси аралаш юзига босганча паришон ҳолда юм-юм йиғламоқда. Оёқлари орасига йиғилиб қолган кўйлагининг этаги кўп йиғлагани боис кўз ёшларидан бироз намиққан.

Упа суртилган юзлари, чаросдек тим қора кўзлари ўн саккизга кирган каби у ҳали ўзининг гўзал қиёфасини йўқотмаган. Ўша-ўша маъсум ва беғубор. Бироқ негадир бу кўзлар худди булут аралаш тоғлар бағрида ботиб бораётган қуёшдек кўримсиз, ҳаёт ташвишларидан анчагина толиққан, лекин хали ҳамон ҳаётга тўймагандек...

Ниҳоят, у ўрнидан секин қўзғалиб бироз "уйишиб" қолган оёқларини ҳаракатга келтирди. Эй, воҳ! Мана сизга оламни лол қолдирган малаксиймо қиёфаси. Эндигина ҳосилга кирган янги ниҳол новдаси каби оёқлар, чиройли бўй-баст. Елка бўйлаб ташланган ҳарир шарф остидан унинг нозик бўйнига тақилган оғир марварид шодаси элас-элас кўзга ташланади. Қулоқларига тақилган зирак эса миттигина, унинг ўртасида жойлашган ферузаранг тош бу зиракка уйғунлашиб кетган.

Оёқларига кийиб олган баланд пошнали туфли бу хушрўй малакни янада жозибали кўрсатмоқда. Аммо кун бўйи шу туфлини кийиб юрганлигидан оёқлари анча толиққан ва бунинг натижаси бутун гавдага таъсир қилиб, уни бироз букчайиб юришга мажбур қиларди. Шу сабабли у туфлисини оёқларидан ечиб, жуфт ҳолда қилиб, қўлига ушлаб олди ва бинонинг ғишт териб, бироз бўрттирилган жойига яқинлашди. Беихтиёр у мактаб давридаги хотираларни ёдга олди. Ўша пайтларда барча қиз ва йигитларнинг мурғак қалбида уйғонган севги унинг ҳам юрагини четлаб ўтмади. У ҳам севди...

Қўшни синфда ўқийдиган бу бола унинг бутун хаёлини банд этганди. Юрса ҳам, турса ҳам ўша йигит ҳақида ўйлар, хаёлан у билан суҳбат қурарди. Қизнинг синф раҳбари эса бу ҳолдан ташвишга тушарди. Чунки у синфнинг энг намунали ва аълочи қизларидан бўлиб, кейинги пайтларда у шунчалик хаёлпараст бўлиб қолгандики, ҳатто дарсда ўтирганида устозлари гапирса, ҳам эътибор бермасди. Йигитга чекка-чеккадан тикилиб, юрагида туғён кўтараётган ҳис-туйғуларини оз бўлса-да жиловларди. Лекин ана шу ҳиссиётлар йигитга бор гапни айтишга изн бермасди.

Ҳатто унинг кўзларига тик қарай олмайман-у, бу ҳақда унга айтишга йўл бўлсин, деб ўйларди. Шу тарзда улар мактабни, сўнг коллежни ҳам тамомлашди. Ниҳоят, қизнинг ўзга бир йигит билан тўй куни ҳам белгиланди. У ҳамон йигитнинг дил изҳорини кутарди. Аммо йигит ҳар доимгидек жим...

У "майли нима бўлса тақдирдан" деб тақдирга тан берганди. Бироқ бугунги воқеадан сўнг яна ўша телбасифатга айланди. Бугун у ишдан қайтар чоғида мактабдош дугонасини кўриб қолди. Дугонасининг айтишича, йигитнинг ҳам қизда кўнгли бор экан. Бироқ у ҳам "қиз бошқасини севса керак", деб индамай тақдирга тан берганмиш.

Бу сўзларни эшитган қиз не қиларини билмай, юм-юм йиғлади. Унинг кўз ёшларини кўрган осмон ҳам бир наъра тортгандек бўлдию, ёмғир томчилаб, қизнинг кўз ёшларини юва бошлади. Шу пайт у кутган йигит ёнига соябон кўтариб келди. У кўзларига ишонмасди. Узоқ йиллар кутган инсони ва дил изҳори уни эсанкиратиб қўйди. Бироқ энди кеч эди. Қиз нима дейишни билмай лабларини қаттиқ тишлади. Ахир унинг тўй куни яқинлашмоқда. Йигит дадиллашди қизга тикилиб, "сизни энди топганимда, йўқотмоқчи эмасман, ота-онангиз билан ўзим гаплашаман" дея нозик қўлларини ушлади...

Орадан йиллар ўтди. Бугун ҳам у ёмғир остида ўтирибди. Шу онда ичкаридан чамаси олти ёшлардаги, қўлига дадасининг катта соябонини аранг тутган ширингина бола чиқиб келди ва аёлга қараб: "- Ойижон, уйга кирмайсизми? Ёмғирда кўп ўтирманг, шамоллаб қолсангиз мен нима қиламан?" - деди мунчоқ кўзларини унга қадаб ва бошини қия солиб, онасига табассум қилиб қаради. Аёл боласининг сиймосида яна ўша севгини кўрди ва тиззасини ерга бериб ўғлини бағрига босди. Шу кундан бошлаб у ёмғир остида соатлаб соябон тутиб, сайр қиладиган бўлди. Аммо энди бу соябон остида у ёлғиз эмас, севгига йўғрилган ҳис-туйғуларининг нишонаси, ширингина ўғли ҳам бор эди...

Юлдуз БОБОМУРОДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди