Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№19, 05.05.2016

Тадқиқот

МАШРАБ ШЕЪРИЯТИ

Ўзбек мумтоз, ўрта асрлар адабиёти асарлари мазмун-моҳияти жиҳатидан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Бетакрор асарлар яратиб, адабиётимиз ривожига сезиларли ҳисса қўшган, ўзидан салмоқли адабий мерос қолдирган Бобораҳим Машраб ҳам адабиётимизнинг етук намоёндаларидан биридир.

Унинг ижоди классик адабиётимизнинг илғор анъаналари заминида шаклланди ва камолотга етди. Айниқса, шоирнинг ишқий лирикасида ана шу анъаналарнинг жиддий таъсирини кузатиш мумкин. Машрабнинг ижодига мумтоз адабиётимизнинг йирик вакиллари мавлоно Лутфий, Алишер Навоий адабий мероси катта таъсир ўтказди. Бобораҳим Машрабнинг ёзган асарларини мутолаа қилиш асносида Навоийнинг ижоди каби ҳаққонийликка, фалсафага йўғрилганлигини, фикрлар моҳиятининг чуқур маънога эга эканлигини, тил соддалиги, вазн равонлиги, сўзлар ва қофияларнинг ўйноқилигини, мавзулар ва уларнинг бадиий талқинида ўхшашликни, ҳамоҳангликни ҳис қиламиз. Буни Машраб ғазалларининг қуйидаги матлаълари билан Навоий ғазаллари матлаъларини қиёслаб кўриш мумкин:

Навоий:

Оҳким ул ошно бегона бўлди оқибат,

Хажридин бехудлугум афсона

бўлди оқибат...

Ёшурун дардимни зоҳир қилди

афғон оқибат,

Асраган розимни ёйди сайли

мужгон оқибат.

Машраб:

Найлайин, дилдордин

бегона бўлдим оқибат,

Юз ғаму ҳасрат билан ҳамхона

бўлдим оқибат...

Қилди бу чархи фалак расвои

даврон оқибат,

Бору йўқким бўлди охир

ерга яксон оқибат...

Машраб мухаммасларининг бирида маъшуқанинг ошиққа учрашув учун ваъда берганлиги, ошиқнинг тунларни бедор ўтказиб, висол дақиқаларини интизорлик билан кутиши ҳақида сўз боради. Аммо маъшуқа ваъдани бузади, яъни, келмайди. У мазкур сатрларида лирик қаҳрамоннинг юқоридаги каби ҳис-туйғуларини, дарду ҳасратларини, кечинмаларини юксак бадиийлик билан ифодалайди:

Ваъда қилди бир келай деб, кўзга уйқу

келмади,

Термулиб йўлида қолдим,

шўхи бадху келмади,

Неча келди шум рақиблар,

ул париру келмади,

Дардидин ўлдум табиб,

дардимга дору келмади,

Мен шаҳиди ишқ бўлдум қатраи

сув келмади.

Машрабнинг бу мухаммаси Алишер Навоийнинг "Кеча келгумдир дебон..." деб бошланувчи машҳур ғазалидан илҳом олиб яратилган. Шоир йирик ижодкорлар анъаналарини давом эттириб, жуда кўп ғазаллар, мухаммаслар яратади.

Шоир шундай бир даврда яшадики, бунда зулм ва зўровонлик кучайган, ҳоким ва беклар ўртасида ўзаро тахт учун тўхтовсиз урушлар бўлиб, натижада марказий давлатда иқтисодий ҳаёт издан чиққан, ўлка вайрон бўлган, меҳнаткаш халқ ниҳоятда эзилган эди. Шоирнинг кўплаб асарларида меҳнаткаш халқнинг дарди қаламга олади.

Дили тиғи ситамдин пора бўлган

халқни кўрдум,

Тани дарду аламдин ёра бўлган

халқни кўрдум,

Кузи вақти саҳар сайёра бўлган

халқни кўрдум...

Машраб доимо таъқиб, қувғин остида яшади, амалдорлар томонидан хақоратланди. У ҳаётда шод-хуррамлик кўрмаганлигини, яқин ҳамдард кишиси бўлмаганлигини, доимо азоб ва уқубатда яшаганлигини қайта-қайта баён этади. Кўп бора хориж мамлакатларда сафарда бўлиб, ҳар дам ўз Ватанини, туғилиб ўсган юртини ва ватандошларини қўмсайди. Ана шу кечинмаларини куйиниб тилга олади:

Дарбадар бўлдум, жаҳонни кўп

тамоша айладим,

Ҳеч гулни кўрмадим оламда

бўлган хорсиз.

Хулоса қилиб айтганда, Машраб шеърияти халқоналиги билан ажралиб туради. Бу жиҳат у битган ашъорнинг оҳангдорлигида, сўзларнинг тушунарли ва самимийлигида, тасвирнинг аниқ ва таъсирчанлигида намоён бўлади. Машраб ижоди адабиётимизда ўзининг беқиёс ўрнига эгадир. У ёзган шеърлар замирида юксак инсоний фазилатлар тараннуми юксак бадиий аҳамиятга эгадир. Шоир ижодий мероси ёш авлод қалбига эзгулик ва яхшилик улашувчи, гўзаллик, ҳақпарварлик туйғулар ҳамда одоб-ахлоқ тушунчаларини кенг тарғиб этувчи адабий манбаа сифатида яна узоқ йиллар хизмат қилишига асло шубҳа йўқ.

Ҳамида АБДУЛАҲАТОВА,

АДУ филология факультети 2- босқич талабаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди