Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№21, 19.05.2016

Ҳикоя

ҚИСМАТ

Банк эшиги қия очилди-ю, бўйдорроқ икки йигит кириб келди. Уларнинг бири шеригига нимадир деди-да, иккинчи қаватга чиқиб кетди. Бири эса Раъно ўтирган дарча ёнига келди:

- Яхшимисиз, опа, бизнинг пулимиз ўтибдими?

Раъно қаршисидаги кўзларида ажиб бир маъно балқиган, бўйинбоғи ўзига қуйиб қўйгандек ярашиб турган йигитга қаради-ю, ичида нимадир "чирт" узилди. Борлиғини тушуниб, англаб бўлмас аллақандай туйғулар қуршади. У тезгина ўзини ўнглаб олди-ю, мониторга кўз ташлаб:

- Қайси ташкилот? - деб сўради.

- "Ёрқин ҳаёт" фирмаси, - деди йигит.

Раъно керакли файлни излаб, топиб кўрди-да, "йўқ, ўзгариш бўлмабди", - деди. Йигит раҳмат айтди-ю, ортига ўгирилди. Нарироққа бориб ким биландир телефонда гаплашди-да, эшикка йўналди. Раъно унинг ортидан қараб қоларкан, ҳаяжони ҳали ҳам босилмаганини сезди. Беихтиёр у ўрнидан қўзғалди. Столни шошиб айланиб ўтди-да, иккинчи қаватга кўтарилиб, ойнадан пастга қаради. Бояги йигит кўчани шошилмай кесиб ўтди-да, йўл четида турган оппоқ "Ласетти"га чиқиб, кўздан ғойиб бўлди.

Раъно турган жойида пича туриб қолди. Сўнг изига қайтди. "Менга нима бўлди, - ўйлади қиз, - наҳотки... Ишқилиб битта-яримта, айниқса, анови Ойиста опа кўриб қолмаган бўлсин. Йўқса, бирга ўн қўшиб, уни эртагаёқ ғийбатларга бош қаҳрамон қилади". Қиз шу хаёллар гирдобида чарх уриб, тезгина жойига келди-да, ишини давом эттирди.

***

Ўша учрашувдан сўнг фикри-ёдида ўша йигит бўлиб қолди. Ким у, исми нима - бари жумбоқ. Фақат "Ёрқин ҳаёт" фирмасида ишлашини билади, холос. Бир хаёли ўша фирманинг маълумотномасини топиб, йигит ҳақида сўрамоқчиям бўлди. Аммо ўзини босди. Одатда, йигитлар бу масалада "ташаббус" кўрсатган қизларни унча писанд қилмайдилар. Ҳар ҳолда, Раъно шундай деб ўйларди. Аксига олиб, йигит бошқа келмади. Иттифоқо, бир куни йигитнинг ўша куни бирга келган шериги келиб қолди. У орқали гапни айлантириб, йигит ўзи билган фирмада бош ҳисобчи эканини исми Элдорлигини билиб олди.

- Ҳа, ошнам ёқиб қолдими? - сўради йигит.

Раъно дув қизариб кетди, аммо сир- бой бермай, гапнинг нишобини бошқа ёққа буриб юборди.

- У жуда "қаттиқ", - деди йигит, - қизларга умуман қизиқмайди, иккита жойда ишлайди, ҳозир инглиз тилини ўрганяпти. Кузда Японияга ўқишга кетмоқчи.

"Қизларга қизиқмайди эмиш! Қизиқмайдиган йигит бор эканми дунёда? Нечтасини бошини айлантириб юргандир, ҳали уни ўзимга шундай боғлаб олай", ўйлади қиз.

***

- Элдор, - деди Акмал. - Ҳалиги банкдаги қиз сенга қизиқиб қолибди.

- Ким?

- Банкдаги қиз. Ҳалиги оқ футболка кийиб юргани бор-ку!

- Ҳа, хўш?

-Бугун борувдим, сени роса сўраб-суриштирди. Рақамингни сўраганди, бермадим.

- У билан бир марта гаплашдим, холос-ку, - деди Элдор ажабланиб. - Шунда ҳам иш юзасидан.

- Билмадим, билмадим, - деди Акмал. - Машойихлар дебдиларки, баъзан бир ўтли қарашнинг ўзи ҳам чин севги туғилиши учун кифоя қиларкан.

***

Раъно уйларига бир-кетин келаётган совчиларга онаси орқали рад жавоби берар, кўз ўнгида биргина Элдор эди. Аммо унинг қалби забт этилмаган орол янглиғ Раъно учун мавҳум эди. Элдорнинг телефонини топди. Бир-икки қўнғироқ қилиб гап ташлаб кўрмоқчи бўлди. Аммо бу уринишлари бекор кетди: йигит ҳар гал гапни қисқа қилиб узиб қўяверди. Лекин қизнинг фикру ёди унда эди. Раъно бир ёқдан ўз-ўзини койир, суймаганга суйкалиб ғурурини оёқости қилаётганидан танг бўлар, лекин кўнглининг бир четида умид бир ҳовуч кул ичидаги чўғдек ялтираб турарди.

***

Қизнинг телефони кутилмаганда жиринглаб қолди. Олиб қараса - Элдор! Кўзларига ишонмаган Раъно дарҳол гўшакни қулоғига тутди.

- Раъно, ўзизмисиз? - сўради Элдор.

- Ҳа, - деди қиз.

- Кўришсак дегандим, вақтингиз борми?

Қиз "Қаёқдан қуёш чиқди?" деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Дейишга деди-ю, лаб тишлади.

- Бугун туғилган куним эди, - деди йигит, - шунга...

- Тушунарли, неча киши бўлади?..

- Иккимиз, холос.

- Мен таътилда эдим, чақиртиришди. Эртароқ бўшашга ҳаракат қиламан.

- Соат бешда банк ёнида кўришсак бўладими?

- Йўқ, бу ерга келманг, гап-сўз кўпаяди. Ўзим айтган жойингизга бораман.

- Унда соат бешда "Фазо" бекатида кутаман.

- Хўп.

Қиз қулоқларига ишонмади. Ишини наридан-бери саранжом қилди-да, бозорга чопди. Бозор ёнидаги супермаркетга кириб, битта қўлсоат олди. Бекатга келса, Элдор аллақачон келиб бўлган экан.

- Туғилган кунингиз билан, - деди қиз. Шу топда унинг қувончлари ичига сиғмас эди.

- Раҳмат, - деди Элдор. - Қани, машинага ўтиринг.

Учқур машина текис йўлдан ғизиллаб юриб кетди. Раъно чексиз хаёллар гирдобига ғарқ бўлган, умиди рўёбга чиқаётганлигидан қувонарди.

Машина саҳни яшил ўтлар билан қопланган, фавворалар сув пуркаб турган уч қаватли кафе олдига келиб тўхтади.

Улар иккинчи қаватдаги бўш хонага кириб жойлашишди.

Стол усти кўп ўтмай, турли егулик ва салатларга тўлди.

Раъно нима деярини билмас, дилидаги гапи тилига чиқавермасди.

- Кузда Японияга кетармишсиз, - деди у ниҳоят.

- Кимдан эшитдингиз? - ажабланди Элдор.

- Билдим-да.

- Қойил. Айғоқчиларингиз зўр ишларкан. - У афтидан нимадир демоқчи бўларди-ю, айтолмай тараддудланарди. Охири деди:

- Раъно, мени севасизми?

Қиз унга бир он тикилиб қолди. У нима деярини билмасди.

- Айтинг, севасизми?

Қизнинг томоғига бир нима тиқилди, қўлидаги санчқини столга оҳиста қўйди. Сўнг тасдиқ маъносида бош ирғади.

- Илтимос, мени севманг, - деди ниҳоят у.

- Нега?

- Чунки мен сизнинг ишончингизни оёқости қилишдан қўрқаман. Чунки ҳозир мен фақат ўқиш ҳақида ўйлаяпман. Бинобарин, мени деб азоб чекишингиз ноўрин.

Қиз ўнғайсиз ҳолда унга тикилар, гўё қаршисида Элдор эмас, ўзга сайёралик одам ўтиргандек эди.

- Биласизми, Раъно, бир воқеа сабаб севмайман деб ўзимга ўзим сўз берганман, - деди Элдор ниҳоят сукунатни бузиб.

- Нега, нима учун?

- Бунинг тарихи узоқ. Келинг, яхшиси сизга қисқа қилиб айтиб берақолай. Бир куни ишдан уйга бордим. Дадам чақирди. - Умрида қаттиқ гап айтмаган дадам мени койиди. Сабабини билолмай ҳайрон бўлдим. Шунда дадам: мен ёшлигимда бир қизни севганман. Совчи қўйганман. Аммо у мингта ҳийла ишлатиб, бошқага тегиб кетди. Мен онангга уйландим. Сизлар туғилдиларинг. Ўшандай аёлларнинг мингтасига ҳозир онангни алишмайман. Аммо юрагимда ҳалиям севги жароҳати бор. Сени Зафарнинг қизи билан юрганингни кўрдим. Уни ким, қандай эканлигини сўраб-суриштир. Кейин сен ҳам мендай куймагин, ўғлим, яна ўзинг биласан, дедилар.

Дадам бу сўзларни шундай ўкинч билан айтаётганлигини ҳис қилдим, вужудим титраб кетди. Шу-шу севги масаласига жиддий қарайман. Сиз жудаям гўзал, меҳрибон қизсиз, лекин...

Сиз ҳам менга умид боғлаб юрганингизни сезаяпман. Илтимос, ундай қилманг ва мендан сираям ранжиманг. Сиз ҳали дунёдаги энг бахтли оила бекаси бўласиз. Ҳаётда мендан ўн чандон яхши йигитлар бор. Ишонинг. Буларнинг пули тўланган, сиз бемалол....

Элдор шундай деди-ю, ташқарига йўналди. Раънонинг эса, кўз ўнги қоронғилашиб кетди.

Истироҳат боғи йўлагидан йиғлаб бораётган қиз қачондир онасининг қўшни аёлга гапдан-гап чиқиб ёшлигида бир талаба йигит роса совчи қўйганини, аммо уни алдаб кетганини кула-кула айтиб берганини эслади. Демак, Элдорнинг дадасини алдаган қиз унинг .....

Раъно мажолсиз оёқларини зўрға ташлаб, уйи томон йўл олди.

Икромжон АСЛИЙ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди