Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№25, 16.06.2016

Талаба тадқиқоти

"ҲИББАТ УЛ-ҲАҚОЙИҚ" АСАРИДА МАЪНАВИЯТ МАСАЛАСИ

Халқимиз қадим-қадимдан фарзанд тарбиясига, ёшларнинг таълим олиши, юксак одоб-аҳлоқ соҳиби бўлиб камол етопиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Айниқса, улуғ адибларимиз томонидан бу масалада кўплаб асарлар яратилган. Улардан бири Аҳмад Югнакийнинг "Ҳиббат ул-ҳақойиқ", яъни "Ҳақиқат совғалари" асаридир. Навоийнинг таъкидлашича, муаллиф "зийрак ва закий" инсон сифатида ислом дини, тасаввуф таълимотини жуда яхши ўзлаштиради ва "Ҳиббат ул-ҳақойиқ"да инсонни комилликка етакловчи хусусиятлар, инсон руҳини нопокликлардан халос этишга бағишланган муҳим масалалар хусусида бетакрор ва умрбоқий фикрлар баён этилган.

Адиб асарда билимсиз кишини қимматсиз емишга ўхшатади. Айниқса, шоирнинг илм олишнинг инсон ҳаёти учун муҳим аҳамият касб этиши тўғрисидаги қуйидаги образли фикрлари ниҳоятда қадрлидир:

Қўнгакка йиликтан эранга билик,

Эран кўрки ақл, сўнгакнинг-йилик.

Биликсиз-йиликсиз сўнгактан қоли,

Йиликсиз сўнгакка сунулмас алик.

Сўнгак (суяк) да илик бўлиши лозимлиги эран, яъни эр кишига илм кераклигига қиёс қилинади. Кишининг кўрки ақл бўлса, сўнгакники иликдир. Шоир илмсиз кишини иликсиз сўнгак каби бўш бўлади, деб ёзади. Шу боис иликсиз сўнгакка қўл узатилмайди. Аҳмад Югнакий ғоятда чуқур мулоҳазалар асосида ўқувчига ўзининг катта ҳаётий тажрибаси замирида туғилган теран фикрларини етказаркан, уларни жамиятдан йироқ бўлмасликка даъват этади. Чунончи, шоир нигоҳида илмли бир киши минг илмсизга тенгдир.

Достоннинг тил одоби, дунёнинг ўзгариб туриши, саховат ва бахиллик оқибати, тавозеълилик манфаати, кибру ҳаво ва ҳирснинг зарари ҳақида сўз борувчи боблари ҳам юксак ахлоқий-таълимий аҳамият касб этади. Шунингдек, Аҳмад Югнакий адабнинг ибтидоси муомала маданияти, деб билади. Шу боис ҳам у сўзлаш маданиятига алоҳида эътибор қаратади. Кишиларни ортиқча гапирмасликка чақиради. Адибнинг сўз айтмоқда тилни маҳкам тутиш, мулоҳаза билан гапиришга чақириши, акс ҳолда тишнинг синиши мумкинлиги хусусидаги фикрлари ўқувчи учун катта тарбиявий аҳамиятга эгадир.

Қатиғ кизла розинг киши билмасун,

Сўзунгтин ўзунгга ўкунч келмасун.

Қамуғ яшру ишинг бўлиб ошкоро,

Бу кўрган, эшитган санга кулмасун.

Шоир дўстнинг ишонч билан айтган сирини маҳкам тутишга, бошқаларни бу асрордан воқиф қилмасликка даъват этади. Сўзингдан ўзингга ўкинч келмасин, барча пинхон ишларинг ошкор бўлиб, кўрган-билган кишилар сенга кулмасин, дея инсонларни сергакликка ундайди.

Асар ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, етук шахс бўлиб вояга етишига кўмак берувчи илғор фикрлар, ғоялар мажмуаси сифатида катта тарбиявий аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этиш лозим. Маънавий бўрхонлар, турли ғоя ва қарашлар ўртасида зиддиятлар кучайган бугунги кунда оқни қорадан ажратишга кўмак беришга хизмат қилувчи бу каби асарлар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, доно халқимизда шундай мақол бор: "Терак қийшиқ ўсса, уни тўғрилаб бўлмайди, фақат кесиб қутиласан". Эндигина ўсиб-унаётган навниҳолларни тўғри ўсишига кўмаклашиш барчамизнинг олий бурчимиз ва бу йўлда барчамиз бирдай масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, бу йўлда улуғ аждодларимизнинг нодир асарларидан ўринли ва оқилона фойдаланишни яхши билишимиз лозим.

Нозима ТОЛИПОВА,

АДУ талабаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди