№26, 23.06.2016 АЁЛ, СЕНИНГ БОРЛИГИНГ БАХТДИР...
Меҳру муҳаббати дунёларга тенг,
Сабри сарҳад билмас, кўнгли шунча кенг,
Бунча марҳаматли, бунча бағри кенг,
Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!
Олима, шифокор, муаллима сен,
Ердан зар ундириб шимарасан енг,
Ижод дунёсида хассосдирсан энг,
Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!
Бир қўлингда бешик, бир қўлда олам,
Дейсан: "Юртга қалқон бўлолгин, болам",
Излари гул-чаман, қошлари қалам,
Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!
Пойингга поёндоз ошиқлар ори,
Лек қалбингда пинҳон дилинг изҳори,
Фақат сенга бахшдир қадрнинг бори,
Аёл, сенинг боринг бахтдир аслида!
Акрамжон МАМАТОВ, Андижон шаҳри.
|