№27, 30.06.2016 Дил изҳори
ҲАЁТИМ МАЗМУНИ - ЖАННАТИМ ОНАМ
Ҳар онда дуогўйим,
кечам - кундузим,
Йўлларим ёритган
йўлчи юлдузим.
Ғам чеккан чоғимда
ёлғиз сирдошим,
Кўнглим олгувчи,
дардкаш, дилдошим.
Олам ичра танҳо,
ёлғиз, ягонам,
Ҳаётим мазмуни -
жаннатим онам!
Инсонга ҳаётда ҳамиша суянч бўла оладиган ягона зот бу, албатта, онадир. Ҳар қандай кунда бирга бўладиган, сирдош ва дардкаш ҳам ўша мўътабар зотдир....
Менинг ҳам ҳаётдаги суянчим - ёлғиз онажонимдир. Баъзан ҳаёт ташвишларидан чарчаган кезларим ёлғиз онажоним қалбим кечинмаларини тушуна олади. Эришган ютуқларимдан мендан-да кўпроқ қувонгувчи, ғамга ботган пайтимда эса мендан-да кўпроқ қайғу чекадиган ҳам онам. Улар ҳамиша менга энг ишончли дўст, яқин сирдош ва доно маслаҳатгўй бўлган. Мени дунёга келтириб, гул ғунчасидай асрай олган, бировдан кам қилмай улғайтирган, ҳаёт қийинчиликларига дош беришимда мададкор бўлган, шууримда инсоний туйғуларни тарбиялаган, умр дафтаримнинг зарварақларига фақатгина эзгу амалларни муҳрлашни ўргатган онажонимдан миннатдорман ва ундан бир умр қарздорман.
Ҳаётдаги ягона тилагим - онажоним отам билан биргаликда умрларининг сўнггига қадар бахтли ҳаёт кечириб, биз фарзандлари ардоғида умргузаронлик қилсинлар, бизга ҳамиша бош-қош бўлсинлар. Мен бу икки меҳрибонларим қаршисида ҳамиша бош эгаман. Улар борлиги учун кўнглим хотиржам, қаддим тикдир.
Марҳабо АКБАРАЛИЕВА,
Асака педагогика ва ижтимоий - иқтисодиёт коллежи ахборот-ресурс маркази раҳбари.
|