Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№27, 30.06.2016

Ҳикоя

СОҒИНЧ

ЧЕТ ЭЛ АДАБИЁТИ НАМУНАЛАРИ

Турмуш оворагарчилиги ва хизмат билан бўлиб анчадан буён кўришолмай юрган дўстларим ҳайит куни уйимга йиғилдилар. Қўлимдан келганича дастурхон тузадим.

Дугонам Розия мен умуман танимаган, бошқача ясаниб олган ўрта ёшлардаги бир аёлни бошлаб келибди. Меҳмонлар билан дастурхонга ўтирдик. Бир пайт қарасам, бояги аёлнинг ҳолати бошқача. Қош-қовоқларини сузиб, бўялган лабларини буриштириб, дастурхонга қия бўлиб ўтирибди. Ўнғайсизланган Розия уни дастурхонга таклиф қилди:

- Ўртоқ, бундай тузукроқ ўтир, ширинликлардан ол.

- Кўп зўрлама! - деди у хотин қовоқларини янада сузиб. - Биз қачонгача мана шундай нарсаларни худди от жўхори егандек қисирлатиб еб юрамиз? Ҳозир маданиятли уйларда турли неъматларни ялтираб турган вилкаларга чиройли санчиб, сиполик билан ейишади, ажойиб ичимликларни ичишади. Зерикдим бу ердан. "Вайгу" дегани нечоғли яхши!

- Ўртоқ, нималар деб алжираяпсан? - деди Розия ҳижолатдан қизариб. - Вайгу деганинг нима ўзи?

- Шуни ҳам билмайсанми? Вайгу чет эл деган гап, чет эл!

Хотин шундай деди-да, оғзига солиб олган сақичини худди аравакаш қамчи ургандек қарсиллатиб чайнай бошлади.

Ҳаммамиз анчагача жим бўлиб қолдик. Кайфиятимизни бузган у аёлга ер остидан қарадим.

- Ҳайит байрамига йиғилиб, мотамга келгандек ўтираверамизми? - деди Розия чидамай. - Қачондан бери энди кўришдик, бундай гаплашиб ўтирайлик. Қани, Сабоҳат, гапни аввал ўзинг бошла.

- Маъқул, - дедим мен. - Биз-ку, ойда-йилда бир кўришсак ҳам, ўз ватанимизда яшаймиз. Лекин болалик дугонамиз Чамангул биздан, Ватандан айрилиб чет элда яшаяпти. Шу дугонамиздан кеча хат келди.

Ичимизда энг таъсирчанимиз бўлгани учун Шамсия:

- Жон ўртоқ, аввал шу хатни ўқиб бер! - деди юзлари ловуллаб ёнган ҳолда.

- Майли, - дедим-да, хатни ўқий бошладим.

"Ассалому алайкум, азиз дугонажоним Сабоҳат. Айёминг муборак бўлсин!

Шу топда Ватанда байрам шодлигига чўмиб, қариндош-уруғ, ёр-биродарлар билан жам бўлгандирсизлар?

Мана, мен ҳам ўзимнинг каттагина дачамда байрамни нишонламоқдаман. Эримнинг башанг кийинган дўстларининг аслзода хонимларини байрам билан табриклаётган, уларнинг табрикларини қабул қилиб, юзимда қувонч билан ўтирган бўлсам-да, ўз юртимизнинг ҳайит дастурхонидаги ширинликлар, турли туман мевалар ҳиди димоғимга урилаётгандек бўляпти.

Ҳайит кунлари баланд пештоқларда янграйдиган ноғора, сурнайларга жўр бўлиб байрам нишонлайдиган оташ-қалб юртдошларимизни, сочларини майда ўриб, ҳайитга атаб тиктирган кўйлакларини кийиб, кўчага чиқадиган бепардоз, лекин табиий гўзал қизларни соғиндим.

Мана, олдимда Франциянинг аташга одамнинг тили келмайдиган турфа ноз-неъматлари турибди. Лекин Турфоннинг ёз қуёшига тобланиб пишадиган узум, қовун-тарвузлари кўз олдимдан кетмайди. Уйимга тили, дили бошқача талай меҳмонларни чақириб қўйиб, ўзим ёлғиз балконда, кўзларимни олисларга, Ватан томонга тикиб сизларни эслаяпман.

Болалик чоғларимизда айём кунлари онам кўзёш қилсалар, нимага йиғларканлар, деб ҳайрон бўлардим. Энди ўйласам, одам улғайган сари юртини, ота-онасини, қариндош-уруғларини соғиниб, гурунглашгиси, ўтган ишларни эслаб кулишгиси, йиғлагиси келаркан. Гоҳида, машинамни озода йўлларда ҳайдаб келаётиб, эшак аравада қизилча ташиган вақтларимни соғинаман. Эрим, болаларим билан денгиз соҳилига бориб, уйимиз ёнидаги биз доим чўмиладиган анҳорни соғинаман. Эски тегирмон, маҳалламиздаги ромлари қийша-йиб қолган қоронғи жувозхона ҳануз кўз олдимда.

Энг хавотирланадиганим, болаларимнинг ўз тилини билмай улғайишидир. Уйда болаларим билан доимо ўз тилимизда гаплашаман. Бу ерда менга ўз тилимни эшитиш имконияти жуда оз бўлгани учун ҳам, тилимиздаги чиройли гап-сўзларнигина эмас, кўчага чиқиб олиб, бир-бири билан талашадиган вайсақи хотинларнинг гапларини ҳам соғиндим. Агар, мана шу кунларда бу ернинг кўчаларида мени биронтаси соф уйғур тилида сўкса ҳам, хурсанд бўлардим.

Сабоҳат, мен турмушга чиқиб, чет элга кетадиган пайтимда сен менга ҳавас қилган бўлсанг, мана, энди мен сенга ҳавас қиляпман. Оллоҳ насиб қилса, ҳайит байрамига қадар болаларим билан Ватанга бориб, ота-онамни, яқинларимни кўрмоқ, она заминнинг тупроғини кўзларимга суртмоқ ниятидаман. Соғинч-ли саломларимни айём аҳлларига етказиб қўйгайсан. Олисдаги мусофир дугонанг Чамангулдан."

Хатни кўнглим бузилган ҳолда ўқиб бўлиб, стол атрофида ўтирган меҳмонларга қарасам, ҳаммасининг кўзларида ёш. Лекин барчамизнинг ёшли кўзларимизда недир бир мамнунлик бор эди. "Ўзга юртда султон бўлгунча, ўз юртингда ултон бўл", деган ҳикматнинг тагига етгандек эдик. Шу лаҳзада дўстларим билан бир-биримизга авалгидан ҳам қадрдон эдик. Бояги "вайгупараст" хотин ҳам нимагадир кўзларидаги ёшларини тўхтатолмай, энтикиб-энтикиб йиғларди...

Гулбаҳор СИДДИҚ.

Уйғур тилидан Ҳабибулла

ЗАЙНИДДИН таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди