Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№29, 14.07.2016

Ҳикоя

ГИЛОС

Тунги соат иккида янграган бемаврид телефон қўнғироғидан кўзимни очдим. "Ана холос, қайси бетайиннинг ярим кечаси бировнинг уйқусини бузишга ҳадди сиғди экан?" дедим норози бўлиб. Телефон экранида "Отам" деган ёзувга кўзим тушди. Юрагим орқага тортди. Бемаҳалда нега мени йўқлаб қолди экан, ҳайронман. Бир фалокат юз берган кўринади. Шоша-пиша телефонни қулоғимга тутдим.

- Ўғ-ли-им, - гўшакдан онамнинг овози титраб чиқди.

- Ҳа, онажон, тинчликми? - сўрадим дабдурустдан, бу савол шу даражада тез оғзимдан отилиб чиқдики, ҳатто сўрашишни ҳам унутганимни кейин англадим.

- Ти- инч-лик, - деди ойим ҳамон титроғини босолмай, - шунчаки, овозингни бир эшитай довдим-да, болам.

Бу гапдан кейин фиғоним фалакка чиқди:

- Нима? Тунги соат иккида-я! Эртагача кутишнинг иложи йўқмиди, ойи? Бир кор-хол бўлдими, деб эсим чиқиб кетай деди-ку! - Шундай оҳангда сўзладимки, муштипар онагинам бемаврид қўнғироқ қилганини фаҳмлаб, ноқулай аҳволга тушди.

- Вой, эсим қурсин-а, чиндан ҳам икки бўлибди... Кечирасан, болам, соатга қарамабман. Майли, эртага ўзинг қўнғироқ қиларсан, - деди-да, гўшакни қўйди.

Онамга терс гапирганим учун кўнглим хира бўлди. Бир кор-ҳол рўй бергани аниқ, акс ҳолда бу пайтда қўнғироқ қилмасди. Ўзим ҳам тузук ўғил эмасман-да, шундай оҳангдаям сўзлашаманми, бечорагина қўрс муомаламдан довдираб, каловланиб, дилидагини айтолмади. Тинчлик бўлсин-да, ишқилиб. Вужудимда турган титроқ ҳадеганда босилмади. У ён-бу ёнимга ағдариламан, бироқ кўзларимга уйқу инай демайди. Каравотнинг ғижир-ғижири эса тун сукунатини бузаяпти. Бу туришда ҳамхонамни уйғотиб юборишим аниқ. Нафасим сиқилиб балконга чиқдим. Ойдин кеча, ёруғ юлдузлар самони ёритиб турибди. Кеч баҳорнинг салқин шабадаси секин юзимни силаб-сийпалайди. Тунги чироқлар шуъласи остида кўзга ташланаётган маҳобатли шаҳарни кузатарканман, кўз олдимда сўлим қишлоғимнинг сокин қиёфаси пайдо бўлди. Текис ва равон йўл бўйидаги баргларини бетиним шитирлатиб, титраб турган тераклар гўё қишлоқнинг мусаффо ва соф ҳавосидан баҳраманд бўлган кўйи эркин шамол мусиқасига рақс тушаётгандек туюлади. Олисдан болаларнинг қий-чуви қулоққа чалинади, уларнинг овози худди қушларнинг чуғурлашига ўхшайди. Офтобда қорайган бир тўда бола лойқа ариқ сувида балиқдай ҳаракатланади. Уларнинг шўх овози кўнгилга қувонч улашади. Учқур от мисоли қишлоқ томон шошган хаёлларим чанг кўчаларда кезинади. Мана, қишлоқ этагидаги кенг қулоч ёйган чинор.

Илҳом отанинг дарвозаси ёнида узоқ йиллардан бери тик турган бу кекса дарахт олисдан донишманд соҳибининг ўзгинасини эслатади. У ўтаётган кунлар, ҳаётнинг синовларини чуқур мушоҳада қилиб, ёз жазирамаси-ю қиш қаҳратонига сабр қилишга даъват этаётганга ўхшайди. Савобталаб Илҳом ота қишлоқдошларидан меҳрини аямагандай у ҳам одамлардан соясини қизғанмайди. Чинорнинг қуюқ сояси саратонда қуёш тобида куйиб кетганларга салқин бошпана. Мана, дарвоза очилиб, Илҳом ота кетмон кўтариб чиқди. Қария бир маромда вазмин қадам ташлаб, ўтган-кетган билан сўрашганича боғ томонга йўл олади. Қишлоғимизда ҳозир айни иш қизғин палла. Гилослар ғарқ пишган. Ҳосилни асраб-авайлаб, териб олишга бел боғлаган каттаю кичик астойдил меҳнатга шўнғиган бўлса керак. Қишлоқ аҳлининг асосий тирикчилиги шу гилосдан. Боши ва охири кўринмайдиган боғ эгалари йилдан-йилга бойиб боришяпти, ким машинали бўлди, ким янги иморат солди, ким тўй қилди. Отам бўлса уч фарзандини пойтахтда ўқитяпти. Гилос сотиб олувчилар ҳосилнинг пулини олдиндан тўлаб қўйишади. Илҳом ота хушламайдиган бу иш аллақачон одатга айланиб улгурди. Чол: "Кўза кунда эмас кунида синади. Пул дегани тилсиз, бирпасда сувдай оқиб кетади. Худо кўрсатмасин об-ҳаво ёмон келиб, дарахтларни совуқ урса борми? Барингнинг уйинг куйиб кетади-ку! Пулини эгасига қаердан топиб, қайтарасизлар кейин", - дея жаврагани-жавраган. Бироқ пулни кўрганда, каттанинг гапи кор қилармиди. Ҳамманинг ҳам кам-кўсти бор, ҳамма ҳам рўзғорини тезроқ бутлашни истайди. Кўпдан кам бўлмаган отам эл қатори ҳосилнинг пулини олдиндан олиб, Тошкентда ўқиётган биз уч талабанинг шартнома пулини тўлаб қўйганини айтганди.

- Шу йил сен, келаси йил уканг, сўнг синглинг ўқишни тугатса, уч йил ичида кўкрагимга шамол тегиб қолса кераг-а, нима дединг, ўғлим? - деди отам ва мен ҳали жавоб бермасимдан туриб, хотиржам оҳангда давом этди. - Гилос шундай ҳосил бериб турса, сенлар ўқишни тугатганингдан сўнг бир йилдаёқ машина минаман. Худо хоҳласа...

Отамнинг оғир меҳнатдан қадоқ бўлган қўлларини эсладим. Умр бўйи ҳалол меҳнат қилган қўллар машина бошқаришни қандай эпларкин? Бирдан Назар амакини эсладим ва ичкаридан отилиб келаётган кулгимни босолмадим. Ўтган йил гилоснинг фойдасидан янги машина олганди. Таътилда уйга қайтганимда отамнинг айтган илк янгилиги шу эди. Ҳар ҳафта эр-хотин иккаласи болаларга "ҳой-ҳойлаб" машинани итариб, дарвозасидан чиқаради ва ҳафсала билан уни ювиб-тараб, тағин ичкарига киритиб қўяди. Икки-уч ҳафта кузатиб, секин қўшнининг олдига яқинлашдим. Жонини жабборга бериб, машинанинг балонларини юваётган Назар амаки ўрнидан туриб, мен билан сўрашди.

- Ҳозир, ҳозир, тугатай, деб қолдим. Ичкарига киравер, чой ичамиз.

- Йўқ, кетаман, амаки, бирровга машинангизни кўрай, деб келдим. Буюрсин, амаки, зўр экан, қачон олдингиз?

- Қуллуқ, уч ойча бўлиб қолди, жиян, - деди Назар амаки хушнуд оҳангда. - Айтганингдай чинданам зўр мошина! Ўзимга ҳам ёқади.

- Амаки, нега буни ҳеч ҳайдамайсиз? Қачон қарамай, нуқул янгам билан дарвозахонадан итариб чиқарасиз-да, кейин тағин ичкарига киритиб қўясиз?

- Шу десанг, ҳалиги, шу десанг... - Назар амаки каловланиб қолди. Бир муддат сукут сақлади ва гўё курашдан енгилган одамдай мулойим оҳангда, деярли шивирлаб сўзлади. - Бир гап айтсам, ҳеч кимга очмайсанми?

- Кўнглингиз тўқ бўлсин.

- Ҳайдашни билмайман-да, уч ойдан буён ўрганишга ҳаракат қиламан, қуриб кетгур, мошина рулига ўтиришим билан юрагим қинидан чиққандай бўлади. Ҳайдолмаяпман. Қўшнилар кўрсин, деб машинани юваман-да, тағин ичкарига киритиб қўяман. Тўхтаб тур, яхшилаб ўрганиб олай, кейин миниб юраман, Худо хоҳласа, асосийси, мошинанинг ўзи насиб этди-ку, нима дединг?

Гарчи кулгини тийиш қийин бўлса-да, ўзимни аранг тутиб қолгандим ўшанди. Ҳа, бизнинг одамлар шунақа, керакми-керакмасми, барибир, савдони олдиндан пишитиб қўяди. Хаёлларим гилосзоримизни айланиб, уйимизнинг дарвозаси олдида тўхтайди. Остонада уч боласини шаҳарга жўнатиб, инжиқ эрнинг раъйига қараб яшаётган онагинамга кўзим тушди. Шўрлик меҳнатдан эзилиб, соғинчдан адойи тамом бўлгандай туюлди менга. Эртагаёқ бир ҳафтага ўқишдан жавоб олиб, қишлоққа жўнайман, дея аҳд қилдим ўзимга ўзим. "Отам тузалмас оғир дардга чалиниб қолибди", - дейман. Бу - ҳар қандай тошюракларни ҳам эритишга қодир сабаб.

Яқиндагина отасини сўнгги манзилга жўнатган гуруҳ раҳбаримизга менинг "дардим" бегона эмасди. Ёлғонларимга чиппа-чин ишонган аёл кўзларида ёш билан отамга саломатлик тилаб, мени факультетнинг эшигигача кузатиб чиқди.

- Бекор отангни касалга чиқардинг-да, - деди хонадошим Толиб норозилигини яширмай.

- Нега энди?

- Соғ одамни касалга чиқариш яхши эмас, Худо кўрсатмасин, фаришта "омин" деса, ёлғон ростга айланади. Отанг чиндан ҳам касал бўлиб қолса нима қиласан?

- Э, мен бундай ирим-сиримларга ишонмайман.

- Бекор қиласан.

- Бошимни қотирма, биродар, хайр яхши қол, мен кетдим, бир ҳафтада қайтаман, - дедим-да, оёғимни қўлимга олиб, кўчага югурдим.

* * *

Намозшом чоғи қишлоққа етиб бордим. Олисдан кўчада ўйнаб юрган болалар кўзга ташланади, катталарнинг эса сояси ҳам йўқ. Мана ўша чинор... шунча йиллар ўтса ҳамки, унинг қиёфаси асло ўзгармаган. Маъюс, мулойим, меҳрибон... Минг йиллик чинорнинг танасини силайман ва юракда қадрдон туйғулар уйғонади. Қия очиқ дарвозадан секин-аста қадам ташлаб ичкариладим. Сўрида ўтирган Илҳом отанинг ташвишли, ўйчан нигоҳи менга қадалди-ю, бирдан қайғуга ботгандай туюлди.

- Давронбойнинг ўғлимисан, кел болам, кел. Яқинроқ кел, мана бу ёққа ўтир, - у шундай дея ўз ёнидан жой кўрсатди. - Иссиқ чой бор.

Донишманд чолнинг раъйини қайтармай, сўрига чиқдим. Салом-аликдан кейин гурунг бошланди.

- Қандоқсиз, ота, чарчамай юрибсизми?

- Яратганга шукр, ҳар бир куни ғанимат, болам.

- Бу дейман, ҳовлида ёлғизмисиз? Ўғилларингиз, невараларингиз кўринмайди. Гилос тергани боққа кетишдими ё?

Чол ҳайрат ичра менга тикилди, сўнг бошини эгиб, бир хўплам чой ичди-да, одатига биноан салмоқ билан сўзлади:

- Э, қанақа гилос, болам? Ҳамма дарахтларни совуқ уриб кетди-ку. Бу йил энди серҳосил гилос дарахтларини тушида кўради улар. - Чолнинг юзида изтиробнинг излари кўринди.

- Улар деганингиз ким?

- Ким бўларди, сен, мен, қишлоқдошлар. Мен уларнинг ҳаммасига айтдим, бу табиат, биродарлар, унинг ишларига бурун суқиб бўлмайди. Об-ҳавога ишониб, хом савдони пишитиб бўлармиди, ўзинг айт, ўғлим. Йўқ булар мени эшитмайди, қулоғи том битган ҳаммасининг. Бу дунёнинг ҳаваслари кўзларини кўр қилиб қўйган. Мана энди харидорларга ё гилосни бериш, ё пулини қайтариш керак. Пул аллақачон сарфланиб бўлинган, гилос эса йўқ.

- Энди нима бўлади, ота? - сўрадим хавотирланиб.

- Нима бўларди, гўрни кавлаб бўлса-да, пул топиш керак, ўғлим. Пулнинг миқдорини эшитсанг, ҳушинг бошингдан учади. Ҳар бир хонадон қарзга ботган... Пулни қайтарганлар ҳам бўлди. Қайтаролмай нарсаларини арзон-гаровга сотиб, бир қисмини тўлаганлар ҳам бўлди. Кимлардир менинг ўғилларимга ўхшаб мусофирчилик азобини бўйнига илиб, шаҳарга ишлагани кетди.

Елкамга тушган юкнинг залвори қаддимни букаётганга ўхшарди. Уйга яқинлашганим сайин оёқларим оғирлашиб, худди юролмаётгандай бўлиб борардим. Отам ҳам аллақачон пулни ишлатиб қўйган. У бу чигал вазиятдан қандай чиқиб кетдийкин? Отагинам ҳам қатордан қолмай шу ёшида оғир меҳнат қилгани олисга кетдимикан? Ойим бекорга қўнғироқ қилмаган кўринади. Қандайдир кўнгилсизлик юз бергани аниқ. Харидорлар пулларини сўраб, эшигимизнинг турумини бузган бўлсалар керак. Шу хаёллар ичра боғимизга яқинлашганимни сезмай қолибман. Қаршимдан бир тўда болалар югуриб чиқди.

- Қочинглар, анави девона келяпти! Қани бўлақол, қоч ҳамманг! Гилосзорга ўғриликка тушгансанлар, деб ҳозир тош отишни бошлайди. Қочинглар тезроқ!

Жойимда тошдай қотдим. Уст-боши кир, соч-соқоли оқарган девонасифат одам болаларнинг ортидан қўлида тош билан югуриб келарди. Рўпарамга келганида кўзларимга маънисиз тикилиб турди. У мени танишга уринарди. Мен эса танидим... Гарчи қаршимда салобатли тана ўрнига озиб-тўзиб, кичрайган жуссани кўриб, юрагим орқага тортган бўлса-да, аввалгидай тийрак боқаётган кўзлардан уни танидим. Бу отам эди...

Шаҳноза РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди