Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№30, 21.07.2016

Жаҳон адабиёти намуналаридан

Ҳикоя

ТАКСИ ҲАЙДОВЧИСИ

Такси ҳайдовчиси автомобил чироқларининг нури остида секин ҳаракатланаётганди. "Яна икки-уч мижозга хизмат қилсам, уйга қайтиб ухлардим" дея ўйларди. Қаттиқ ҳориган эди. Машинасига меҳр билан қаради: "Ризқ топишимга сабабчим менинг" дея мамнун пичирлаб қўйди.

Соатига қараб "уҳ" тортди. "Бир мижоз чиқса ҳам майли эди, уйга бўш қайтмасам эди" деб ўйлади. Эрталаб акасиникига бориши керак эди. Барвақт уйғониши учун барвақт уйга қайтишни истарди. Фақат ҳамма нарса инсон истаганидек бўлмайди бу ҳаётда. Изтироб билан акасидан ёзғирди ичида: "Эҳ, ака... Шу қимор деган балойи қазони ташламадинг-да. Қиморда ютқизиб, ҳамманинг оромини бузиб ўтирибсан энди". "Пулни бугун топгин дегандинг, бўлмади. Эрталаб қарз-ҳавола қилиб пул топаман-да, сени қутқараман қиморвозларингдан. Аммо шу кетишда давом этсанг мени ҳам, оилангни ҳам хонавайрон қиласан!.."

Шу хаёллар билан кўча кезаётиб, йўл четида қўл силкиган эркакни кўриб севинди. Тезгина унинг қаршисига бориб тўхтади. Эркак таксига ўтирди ва хавотир билан гапира бошлади:

- Илтимос, тезроқ юринг, шу орадаги кўчада... - Такси ҳайдовчиси бирор одамни олишни ўйлаганди, мижознинг гапини эшитиб юраги хижил тортди: - Худо сақласин, жуда қўрқинчли ҳолат. Бир одамни тўрт жойидан пичоқлабдилар. Ҳозир танасидаги қон буткул оқиб кетиб, ўлиб қолиши мумкин. Биров ёрдам бермайди, ҳамма тўпланиб олиб томоша қилаяпти. Қанчалик ҳиссиз, шаф¬қатсиз оломонга айландик! Ёрдамга муҳтож, жони узилаётган одамни томоша қилиб туришибди. Ҳайдовчининг юраги сиқилди: "Машинамга қон оқади". Йўловчи давом этарди:

- Ҳозир иккита машина ярадорни олмади, ишонгим келмайди-я. Бир инсон қони тугаб, жон бераяпти, улар раҳм қилмай олдимиздан газни босиб ўтиб кетди. Мана, келдик, ярадор шу одамлар тўпланган жойда. Такси ҳайдовчиси:

- Қани, сиз ярадорни олиб келинг, мен машинани унинг олдига олиб бораман, вақт йўқотмайлик,- деди йўловчи машинадан тушди ва тўпланганлар орасига кириб "йўл беринг, такси келди" деб бақирди. Аммо ярадорнинг ёнига бориб улгурмасдан, машинанинг узоқлашган овозини эшитиб ортига ўгирилди. Рақами кўринмасин деб орқа чироқларини ёқмай таксининг тезлик билан узоқлашаётганини кўрди. Эркакнинг юраги узилиб, йиғламсираган овозда "Ё Раббим! Нима бўлди бизларга?" дея ерга умидсиз чўккалади.

***

Такси ҳайдовчиси пешойнадан орқага сўнги бор қаради. Бақир-чақирлардан жаҳли чиқди: "Менга нима? Қонга беланиб ётган ярадорни ол, машинани булға... Бошқа такси йўқми? Топилиб қолар мендан бошқаси!" Шу сўзлар билан гўё виждонини овутиб, чўнтагидан хорижий сигарет чиқариб ёқди. Йўлида давом этди.

Шу пайт қўл силкиб тўхташ ишорасини берган мижозни кўриб, хаёлларини йиғиштирди. "Мижоз дегани шунақа, кутилмаганда йўлингдан чиқиб қолади" дея бояги тумонат одамни ҳам, пичоқланиб ўлим ёқасида ётган ярадорни ҳам унутди.

Такси ҳайдовчиси ўша кеча бир муддат ишлаб, уйининг йўлини тутди. Яхшигина пул топиб хотиржам уйига кириб келаётганида, эшик олдида уни кутиб турганларга кўзи тушди. Хавотирланди. Машинасини гаражга қўйиб, сўнгра вазиятни билмоқчи эди бир қўшниси тўхтатди уни:

- Машинани жойлаштирмай тур, балки керак бўлиб қолар...

Ҳайрон бўлиб машинадан тушди. Эшик олдида йиғлаётган хотини ва болаларига яқинлашди:

- Нима бўлди? - Хотини йиғлаганча бўйнига осилди:

- Акангиз вафот этди!

- Акам?!.. Нега?

- Пичоқлаб кетишибди. Кўп қон йўқотиб, ҳалок бўлибди. - Такси ҳайдовчиси ваҳима билан овозини баландлатди:

- Қаерда? Қачон? - Хотинининг жавобини эшитиб ерга чўккалаб қолди. Кўз олдидан машина фараларини ўчириб қочган кўчаси ва тўпланиб турган тумонат томошабин ўтди. Тумонат ичида қонга беланиб ётган, ўзига музтар тикилиб турган бир юз кўринди гўё. Мадорсиз йиқилдию ҳушидан кетди...

Аҳмад Унал ЖАМ.

Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди