№31, 28.07.2016 Меҳмондўстим, ширин сўзлигим, ўзбек
Бир калом, саломим ўзбек тилимда,
Ихлос, эътиқодим жону дилимда,
Меҳр, сабрлилар яшар элимда,
Кичик кўнгилгинам, ўзлигим ўзбек,
Майдонда мард, битта сўзлигим ўзбек.
Ҳазрат Навоийнинг ғазали жоним,
Бобурийлар юрти жон Андижоним,
Тилимда тиловат, Қуръон - иймоним,
Ҳокисор, буғдойранг юзлигим ўзбек,
Бағри тўла ўғли-қизлигим ўзбек.
Истиқлол қуёши кўрсатар жамол,
Топган луқмаси-ю нон-тузи ҳалол,
Қомуси, ҳуқуқи кўксида шамол,
Холис ният, қутлуғ излигим ўзбек,
Истарали қора кўзлигим ўзбек.
Бунда инсон олий, кенгдир имконлар,
Ҳайри эҳсонларга тўла маконлар,
Гуллари жилмайса, сўлар тиконлар,
Ўзига бек бўлган ўзлигим ўзбек,
Меҳмондўстим, ширин сўзлигим ўзбек.
Мукаррама ҒАНИЖОН қизи.
|