Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№35, 25.08.2016

Турмуш чорраҳаларида

СЕПЛИ ҚИЗ БЎЛДИМУ, БАХТЛИ КЕЛИН БЎЛМАДИМ

Тўйимдан кейин ота уйимга биринчи марта кулиб кирганимни кўриб, отамнинг кўзларидан ёш чиққанди:

- Қизим, сен ҳам куляпсанми? Эшикдан кулиб кирадиган кунингни ҳам кўрар эканман-да? Ўзига шукр...

Отамнинг севинчи, шукроналик кўз ёшлари юрагимни ўртаб юборди. Қиз боланинг чиққан жойида тинч ўтириши ота-она учун бахт экан. Уларнинг қувонганимни кўриб, ота-онамни шунчалик қийнаб қўйибман-а, деган хаёлга бордим....

Қайнонам билан онам ҳамкасб. Бир ташкилотда ишлайдилар. Аввалига қайнонам бизникига кўп марталаб совчи бўлиб келдилар. Онам уларнинг такаббур, мол-дунёга ўчликларини яхши билганлари учун дастлаб уларга розилик бермадилар. Қайнонам тонгдаям, пешиндаям, тундаям уйимизга совчиликка боравериб ҳол-жонларига қўймаганларидан кейин ота-онам тўйга розилик беришди. "Ҳеч нима керак эмас", "Қизингларни берганингларнинг ўзи катта гап" деган қайнонам, фотиҳа тўйидан сўнг ўзгарди-қолди. Онамнинг сарполари маъқул келмаса қайтариб юборар, ҳатто тап тортмай қандай нарсалар хоҳлаётганини очиқ-ойдин айтарди. Бошга тушганни кўз кўради, деб ота-онам чидаб, қайнонамнинг айтганини қилардилар. Сарпо-суруқ, сепимдаги кийим-кечаклару, мебель, гилам, тўшаклардан ташқари чинни идишлар, ошхона анжомларининг ўзига ўн миллондан ортиқ пул кетди. Ота-онам ҳам қиз чиқарамиз, деб роса йиғинишган, йигирма йил ўзлари емай, ичмай, киймай пул жамғаришган экан. Етмаганига қариндош-уруғ, таниш-билишлардан қарз ҳам олишди. Қайнонамнинг нафси ҳеч қонмасди. Онам куёв уйидагиларга сарпо қилаётганларида қайнонам онамга қўшилиб кийим-кечаклар бозордан кўра бир неча ўн баробар қиммат турадиган дўконларга борарди. Хуллас, бир дунё сарф-ҳаражат, дабдаба билан тўйимиз бўлиб ўтди. Шу бўйи бошланди: қайнонамнинг гап-сўзи, майдакашлиги, тирноқ тагидан кир ахтариши...

Қайнонамнинг қилғиликларига парво қилмай, келинлик хизматларида давом этавердим. Тўйимиздан бир ой ўтиб, бўйимда бўлиб қолибди. Мазам бўлавермагач, қайнонам билан шифокор кўригига борган эдик, ҳомиладорлигимни айтиб суюнчи олган дўхтир аёл қайнонамнинг шубҳали эътирозидан хижолатга қолди.

- Қанақасига ҳомиладор бўлади, ўйлаб гапиряпсизми? Ахир ўзи келин бўлиб тушганига эндигина бир ой бўлган бўлса!..

- УЗИ аппарати икки-уч ҳафталик ҳомилани ҳам аниқлайди...- Шифокорнинг тишлари орасидан сирғалиб чиққан сўзлар қайнонамнинг қулоғига кирмасди.

- Келин, - истеҳзо билан менга қаради қайнонам, - тинчликмиди? Ўзи никоҳ кечаси сизлардан ўзим хабар олишим керак эди. Уйга борайлик, ўғлим билан гаплашиб олишим керак!..

Шифокорнинг олдида ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам дедим! Кечқурун қайнонам куёвимни қистовга олдилар. Бу машмашалар ота-онамгача етиб борди. Албатта, улар ўзлари тарбиялаган қизга ишонадилар. Тўнғич фарзандимнинг дунёга келиши ҳеч кимни қувонтирмаётганидан юрагим ўксиди. Одамлар келини ҳомиладор бўлса, қувончдан ўзини қўярга жой тополмайди, менинг қайнонам ҳомиладорлигимни эшитиб, ҳудди шарманда бўлгандай "Вой, тавба", "Вой, астағфуруллоҳ"дан бери келмади. Ҳомиладорлигим сабаб бўлиб қайнонамнинг кўзига ёмон кўринганим ва ота-онамнинг тинчи бузилгани учун ўзим ҳам она бўлишимдан хурсанд эмасдим. Қайнонамнинг авзоидан турмушим бузилишини кўнглим сезаётганди. Ҳаловатим йўқолди. Тўғриси, туғилажак фарзандим кўзимга балодай кўринарди...

Молу дунё, бойлик бахт бермаслиги аниқ экан. Дабдаба асосига қурилган турмушимиз бир ойгинага зўрға етди. Уруш-жанжаллар, ишхоналарида қайнонамнинг пичинг-кесатиқлари онамнинг жон-жонидан ўтиб, мени уйга олиб кетдилар. Ўн тўққиз ёшимда турмуш қуриб, бир ойда эрдан чиқиб келган аёл тамғаси билан ота уйимга қайтдим. Яшаяпман. Агар шу аҳволим яшаш деб аталса, умрим ўтяпти. Нафас оляпман. Туғилмай туриб, диёнатсизлик қурбони бўлган, боламни ўйласам, юрагим увишади. Аллоҳ шу гўдакни менга бериб хор қилганидан кўра, неча ўн йиллаб фарзанд кутаётган инсонларга берсин эди, дея йиғлаганимда онам:

- Ундай дема, қизим, шаккоклик қилма, болам. Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандасига, ўзи муносиб кўрганига зурриёд беради. Сен фарзанд тарбиялашга, оналикка лойиқ экансанки, Яратган Эгам фарзанд берибди. Шукр қилган, Аллоҳнинг тадбирида хато бўлмайди, - дедилар. Ҳа, Аллоҳнинг ҳар бир иши ҳикматли. Бунга шубҳам йўқ. Аммо мен отасизликда, фарзандимни ёлғиз ўзим тарбиялайманми? Болам туғилиб, тили чиққанида дадасини сўраса, нима дейман? Мен шу машаққатларни кўтара оладиган, енгадиган даражада кучли эканманми? Ахир инсонга тоқатидан ташқари мусибат юборилмайди-ку...

Нима бўлганда ҳам бу менинг тақдирим, дийдиё қилиб бахтсизлигимга кимларнидир айбдор қилмоқчи эмасман. Мактубим билан ота-оналарга, янги ҳаёт бўсағасидаги қизларга бойлик, ҳашам ва дабдаба устига бахт ошёнини қуриб бўлмаслигини, бахт хотиржамлик, сени қадрлаган инсонларнинг меҳр-муҳаббатидан барпо бўлишини айтмоқчиман, холос.

ФАРЗОНА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди