Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№37, 08.09.2016

РИАМ-ЭНГ, ТАИЛАНД АДИБИ

(ҳикоя)

ТЎЙ КУНИ

Гронг хонасига ирғишлаганча кириб келди-да, каравот устида ётган оқ кўйлакни юлқиб олиб, кўксига босганча, таманно билан кўзгу қаршисида юра бошлади.

"Менинг тўй куним, - ўйлади у, - бир неча соатдан сўнг Читнинг рафиқасига айланаман, оппоқ уйга кўчиб ўтаман, ҳашаматли автомобиль соҳибасига айланаман. Ниҳоят, бу вайронани тарк этиб, дарслардан ва болаларга қарашдан бир умрга қутуламан. Сингилларим билан бўладиган жанжалларга ҳам нуқта қўйилади!"

Гронг қувонч-ла жойида айланиб, мароқ билан кўзгуга боқди. Бу кўйлак унинг қоматини қанчалик бўрттириб кўрсатади! У кароват четига ўтириб, тезда кўйлакни кийди ва яна кўзгу ёнига шошилди: "Панитларда ростдан ҳам ёмон тикишмайди. Кўйлак ҳудди қуйиб қўйгандек".

Гронг кўзгу олдидан нари кетолмай чир айланди ва беҳосдан титраб кетди: "Вой Худойим-ей, ахир бу беҳаёликнинг ўзи-ку! У шунчалик тор..."

Кўйлак ҳечам тор эмасди, бироқ ёқаси чуқур ўйилганди.

"Меҳмонлар нима деб ўйлайди?" - бу нарса хаёлига келганида Гронг уятдан лоладай қизариб кетди. У никоҳ маросимида куёв ёнида ўтиргани, кўплаб нигоҳлар ўзига қаратилганини тасаввур қилиб, меҳмонлар чеҳрасида ҳозирданоқ таъна аломатларини кўрди.

Бошқа тарафдан олинса, кўйлакни танлаган, бир неча соатдан сўнг унинг эри бўлмиш Чит барчасини зиммасига олган экан, у нима учун хавотирланиши керак? Агар никоҳ кўйлаги кимгадир маъқул келмаса, унга нима? Ахир меҳмонларни деб турмушга чиқаётгани йўқ-ку.

Яна бир неча вақт Гронг шу тарзда фикр юритди. Сўнг хаёлига, агар Читга - миллионер Читга, пхуктедаги конлар соҳибига - турмушга чиқмай, ўз қўшниси, болаликдаги дўсти Дедга чиққанимда не бўларди?

Дед, албатта, бунақа кўйлак кийишига рози бўлмасди - ахир у ўз урф-одатларига оғишмай амал қилади. Бир неча марта: "Европача удумдан эси оғиб қолувчи, ярим яланғоч енгилтабиатхонимчаларни кўргани кўзим йўқ, улар аёлнинг асл латофати камтарлик ва оқилаликда, иффатини сақлашида, европача рақсларда қабул қилингандек, дуч келган биринчи одамга ўзини қучишга йўл қўймасликда эканлигини тушунмайдилар!" - деганди.

Гронг удумга кирган европа рақсларини умумий дўстлари уйида қунт билан ўрганаётган чоғида Дед билан бўлган сўнгги суҳбатини икир-чикиригача эслади. Ахир ўшанда бу нарса Дедни ғазаблантиришини, ораларидаги деярли йигирма йил давом этган дўстликни ўлдиришини хаёлига ҳам келтира олмасди у! Ортга-да йўл йўқ - бунинг учун ҳар иккиси ҳам керагидан ортиқ ғурурли!

Сўнг эса тақдир Гронгни Читга дуч қилди. У деярли ярим йил барча урф-одатларни маромига келтириб, Гронга хушомад қилиб юрди ва қизга Читни севиб қолгандек туйила бошлагач, оила қуришга келишдилар.

Гронг кўзгуга орқа ўгириб, чуқур хўрсинди.

"Бугун тўйим, мен эса миямни бўлмағур нарсалар билан банд қилиб ўтирибман. Ўтмиш аллақачон ортда қолган. Дед бирон идорада елкаси букчайиб ишлаб ўтиргандир, мен майин чарм қопланган юмшоқ ўриндиқли, ҳашаматли автомобилда кезиб юраман. Эрим мени муҳтожлик ва қисматнинг барча кўргуликларидан ҳимоя қилади, ойдин кечалари иккимиз денгиз бўйлаб яхтада сайр этамиз, машҳур "ўн мингталикка"кирувчи олий табақага қабул қилинаман". Гронг ушбу манзарани барча тафсилоти билан кўз олдига келтириб, ёмғирдан қутулиб қолган парвонадек бахтли ҳис этди ўзини.

У девор соатига кўз ташлади: ўзини тартибга солиш пайти келибди. Кўйлакни яна кияётганида - чўмилишдан сўнг ҳали атнаси ҳўлмиди ёки кескин қўл ҳаракатидандир, балки кўйлак беҳосдан чап сони ва қўлтиғи тагидан сўкилиб кетди ва юраги ёрилгудек бўлди: у шунчалик ишонч билан ўзини тайёрлаган нарсаларнинг бари рўёбга чиқармикин?

Гронг ногаҳонда англади: ҳар қандай оилали аёлнинг ҳаёти ушбу кўйлакка ўхшайди. Янгилигида чиройли, нима қилиб бўлса-да, авайлаш керак, бироқ эртами-кечми охорини йўқотади ва барчаси исталган пайтда чиппакка чиқиши мумкин. Чит унга айтган назокатли сўзлар бутун умр кафолат бўлишга ишониш қийин. Янги нарсага ошуфталик ўтгач, ишқ олови сўнса, нима бўлади? Ўшанда ҳам Читнинг муҳаббати ва садоқатига суянса бўладими?

Гронгнинг хаёллари яна Дедга қайтди. Турмушга чиққанини қанчалик оғир қабул қилади, уни бу уйда бошқа кўрмай, қанчалар қайғуга ботади! Ким-ким, аммо у Дедга тўлиқ ишониши мумкин эди - у ҳаммасини кечира оларди, ҳар қандай, ҳатто энг бемаъни қилиғини ҳам!

Тушликдан сўнг никоҳ маросими ўтадиган уйига олиб кетиш учун Чит унинг ортидан келиши керак. Бироқ, автомобиль сигнали янграганида Гронг ҳар доимгидек дераза томон отилмади. У никоҳ кўйлагини бепарвогина эгнидан ечди-да, хаёли паришон ҳолда майда-майда парчаларга бўлиб ташлади, сўнг каравотга ўзини ташлаб, юзтубан ётганча аччиқ-аччиқ йиғлади.

Рус тилидан

Иброҳим ЧОРИЕВ таржимаси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2020 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди