№38, 15.09.2016 Кечинма
КУЗ ҲАДЯЛАРИ
Куз... Хаёл қатларини ҳар қаёққа учириб, олис-олис хотираларни қувалаб етолмаётган туйғулар манзили у...
Қадамлар остида аста шитирлаётган япроқлар нимадир демоққа чоғланаётгандек гўё. Уларни тингламоққа ошиқаман. Секин-аста тўкилмоққа, хазонга айланмоққа кўникаётган дарахтлар либосларига ачиниб боқади нигоҳлар. Уларда сўнгсиз саволлар намоён.
Осмонинг кўзларини ёшлаган нима у? Ёмғирини аямай қуяётган фалак нимадан безовта? Бунчалик хавотирнинг сабаби не? Ёмғир-ла тиллашиш умиди тинч қўймайди. Саволларга жавоб топмоқ бунчалар мушкул...
Куз хаёллари шунчалар сокин. Сукунат фасли у...
Шилдираб оқаётган анҳор суви кечагина бирам ёқимли, муздек нафаси хуш этарди вужудни. Бугун эса наҳордаёқ жунжиктирувчи зилол сув ҳам эътиборни тортолмай ҳалак. Куздан ранжийди гўё.
Кечагина хувиллаб ётган мактаб ҳовлисидаги қий-чувдан баҳри дил очилади. Ўқишга интиқ болакайлар, йигит-қизларнинг нигоҳида илмга ташналик, дарсларга соғинч балқийди. Устозалар бағрига отилаётган кичкинтойлар ҳавасни тортади.
Кузнинг бу каби тортиқларини суймай бўлмас...
Эргашой ЖЎРАЕВА,
Марҳамат тумани.
|