Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хидоят нури

№30, 21.07.2016

ЭНГ УЛУҒ АМАЛ - ОТА-ОНАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШДИР

Барча даврларда инсоният ҳаётида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликлар борлиги боис, инсонлар орасида ҳам ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган.

Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, хонадонларимиздаги файз-барака, дастурхонимиз тўкинлиги Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳмати, юртимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғам¬хўрликнинг самараси, десак асло муболаға бўлмайди.

Зотан, ҳар бир кунини, ёинки ҳар бир сониясини ўзгалар корини осон қилишга, муҳтожларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонлар чинакам фидойилардир. Инсонларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини равон қилиш мўмин банда учун улкан саодат ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ўз каломида сизу биз, яъни бандаларига қарата хитоб қилади: "Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг" ("Моида" сураси, 2-оят). Исломда инсонларни хайр¬ли ва эзгу ишларга бошламоқ, қилаётган амалларида яхшиликнинг бошини тутмоқ ҳар бир банданинг бурчи эканлиги айтилади. Айниқса, ёши улуғ кишиларимизнинг ёшларга қилаётган панду насиҳатларини тинг¬лаб, амалда қўллаб борсак, асло адашмаймиз, ҳаётимиз янада гўзал ҳамда фаровон бўлади.

Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онага яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардандир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам яхшиликдир, икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади", деганлар.

Ан-Наввос ибн Самъон Ансорий (р.а)дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в)дан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўрадим. Шунда у зот: "Яхшилик ҳусни хулқдир. Ёмонлик кўксингда тўқилган ва одамлар уни билиб қолишини ёқтирмаган нарсангдир", дедилар".

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида: "Яхшилик - фарзу вожибларни қилиш. Ҳаромдан ҳазар қилиш. Одамларга очиқ чеҳра билан қараб, уларга эҳсон қилиш", дейилган.

Эзгуликларнинг энг улуғи ота-онага яхшилик қилишдир. Аллоҳ таоло: "Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишликни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этади. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга "уфф" дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!" ("Исро" сураси, 23-оят) деган. Дарҳақиқат, банда учун Аллоҳга ибодатидан кейинги келадиган иш ота-онага яхшилик қилишдир.

Ҳофиз Абу Бакр ал-Баззор Бурайдадан шундай ривоят келтирилади: "Бир одам зиёратда онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. У Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳузурига келиб: "Онамнинг ҳаққини адо қилдимми?" деб сўрабди. Шунда Пай¬ғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) : "Йўқ, бир оҳ тортишининг ҳаққини ҳам адо қилганинг йўқ", деган эканлар".

Демак, яхшилик қилишни, мурувватни, энг аввало, ота-онамиздан бошлайлик. Айниқса, улар кекса ёшда бўлсалар улардан меҳр-муҳаббатимизни аямайлик, уларни қувонтирадиган ишларимиз билан кўнгилларини хушнуд этайлик. Ширин сўзимиз, чиройли хизматимиз билан уларни хушнуд эта олсак, ҳар қандай ишларимиз бароридан келишига асло шубҳа йўқ. Ҳаётда барча-барчага яхшилик қилсак, асло кам бўлмаймиз. Қолаверса, Яратганнинг ажру савобларига эришамиз. Яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди деганларидек, яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам, тинч ва осойишта бўлиб, янада юксалади. Бундай диёрда инсонлар бир-бирига меҳрли, мурувватли бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбимизга яхшилик уруғини сочсин, доимо яхши амалларни бажарувчи, ота-онмизга, яқинларимизга меҳр-оқибатли, мурувватли, хушхулқ бандалари қаторида бўлишликни насиб этсин.

Мирзамақсуд АЛИМОВ,

вилоят бош имом-хатиби ўринбосари.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди