№31, 28.07.2016 Истиқлол баракоти
… Ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб йўдимизга яна бир бор назар ташлаб, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширган ишларимиз, эришган натижаларимизни холисона бахолаш ва уларнинг мохияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг эътибори ва онгу шуурига етказиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Ислом КАРИМОВ.
Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олдик. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва ҳасратда дунёдан ўтиб кетишди. Яратган Роббимизга шукрлар айтамиз, истиқлол йилларида халқимиз учун чексиз имкониятлар эшиги очилди. Жамиятимизнинг барча жабҳаларида бўлганидек, мустақилликнинг дин аҳлига кўрсатган таъсири ҳам беқиёсдир. Шу ўринда, бугунги кунда барчаларимиз Президентимизнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" асарларини қайта-қайта мутолаа қилишларини, унда бир пайтлар давлатимиз раҳбари ўртага ташлаган саволлар у кишининг қалбларида нечоғлик изтироб уйғотганини англашларини ва тушуниб етишларини истардим. Саволлар қуйидагилар:
"Ўзингиз ўйлаб кўринглар, азиз дўстлар, мустабид тузум, мустамлакачилик даврида биз ким эдик? Тақдиримиз, эркимиз кимларнинг қўлида эди? Каъба деб қаерга сиғинар эдик? Ҳар тонг "Ассалом!.." деган мадҳия оҳанглари остида кимларга қуллуқ қилиб уйғонардик? Тилимиз, динимиз қай аҳволда эди? Имом Бухорий, Имом Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбандларнинг муқаддас хокларига эътибор бормиди? Амир Темур, Бобур Мирзо ва бошқа улуғ бобакалонларимизнинг буюк номлари қайси тупроқларда қоришиб ётган эди? Миллий ғуруримиз, инсонлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай тушунчаларга алмаштирилган эди? Хўш, ўзимиз-чи? Ўзимиз ўзлигимизни билармидик? Қандай мўътабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни англармидик?.." Алҳамдулиллаҳ, озгина бўлса-да, ўз мустақил фикри, инсоний зикрига эга киши англайдики, бугунги кунда ана шу саволларга ижобий жавобни ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида кўриш бахтига эга бўлиб турибмиз. Дарҳақиқат инсоннинг тўрт мучаси соғ-саломат бўлса-ю, қалбида ҳаловат ва ҳотиржамлик бўлмаса, ҳеч нарса татимайди. Шунинг учун ҳам биз бугун ҳар қанча фахру ғурур оғушида яшаб, бунинг учун Аллоҳ таолога кечаси-ю кундузи беадад шукроналар айтсак шунча кам. Зеро, Жаннатмакон юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, ҳалқимиз оқибатли, ерларимиз унумдор, сувимиз эса зилол. Истиқлол туфайли меҳрибон Роббимиз берган барча неъматларнинг қадр-қиммати беқиёс эканлигини яна бир карра англаб етмоқдамиз. Албатта давлатимиз "Мустақил" деб эълон қилинганидан бери ўтган давр мобайнида юртимиз фуқаролари ҳаётида жуда кўп янги ўзгаришлар содир бўлди. Шу янгиликлар ичида энг каттаси ва шукру тахсинга сазовори мусулмонларимизнинг диний эркинликка эришишларидир. Дарҳақиқат, йиллар давомида ўтган ота – боболаримизнинг эришолмай келган орзу – умидларини кўриш сизу биз авлодларга насиб этди. Ўтган давр мобайнида минглаб янги масжидлар, ўнлаб мадраса ва олий диний таълим муассасалари очилди. Ўрта Осиёда ягона бўлган Тошкент Ислом Университети ташкил қилинди. Юртимиз фуқароларидан ҳар йили минглаб мусулмонлар Хаж ва Умра зиёратига хеч қандай тўсиксиз бемало бориб амал ва зиёратларни бажариб келмокдалар. Диний байрамларимиз бўлмиш Рамазон ва Қурбон хайитлари хукуматимиз томонидан қонуний дам олиш куни қилиб белгилаб берилди. Мусулмонларимизнинг диний ва маънавий эхтиёжларини қондириш мақсадида турли мавзудаги диний адабиётлар беҳисоб чоп этилмоқда. Айниқса юртимизни, диёримизни, шаҳару қишлоқларимизни кўркам ва обод бўлиб бораётганини таърифлаб, сифатлаб баён килишга тиллар ожиз илоҳим кўз тегмасин. Энг асосийси жуда куп хайрли,
ижобий ўзгариш ва янгиликлар бўлиб турганига барчаларимиз бирдек шохидмиз ва бу улуғ неъматлар учун Аллоҳ таолога хамду сано ва беадад шукрлар айтишлигимиз лозим бўлади. Зеро, Парвардигори олам шукр қилувчиларни ёқтиради ва шокир бандаларига неъматларини яна ҳам зиёда қилиб беради. Қуръони Каримда: "Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар) ни эслангиз: "Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангизлар, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир". (Иброхим, 7-оят). Жаннатмакон юртимизнинг мана шундай гўзал ва обод тараққий топишида муҳтарам юртбошимиз бошчилигида давлат ва дин раҳбарларининг ҳам ҳизматлари беқиёсдир Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, динимиз ривожи ва давлатимиз ободлиги ва озодлиги йўлида олиб бораётган ишларида Аллоҳ таоло Ўзи ёру мададкор бўлсин. Демак бу неъматлар сизу-бизларга ўз-ўзидан келиб қолмаган. Шунинг учун ҳам барчаларимиз бу тинчлик неъматини қадрига етиб доимо шукрини адо қилиб, меҳр-оқибатда, итфоқликда Аллоҳга ҳамд айтиб юришимиз лозим бўладики Саид ибн Жубайр (р.а) дан ривоят қилинишича, у киши "Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир" - деганлар. Албатта, барчаларимиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: имон, ватан ва истиқлол. Имон бу буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг амр фармонларига итоатда бўлиш демакдир. Ватан эса бу – муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимиз ифтихоридир. Уни авайлаб – асраш, унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва мухаббат таянчидир. Истиқлол – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган. Аллоҳга шукрлар бўлсинки барчаларимизни Аллохга бўлган имонимиз ва ихлосимиз истиқлол шарофати билан янада мустахкамланиб, зиёда бўлиб бормокда. Зеро, Аллоҳ таоло "Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиганлардир" - деб марҳамат қилган. (Анфол, 2-оят). Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо (с.а.в) ҳам жуда кўп ҳадиси шарифларида тинчлик улуғ неъмат эканлигини ва уни қадрига етиш ҳар бир инсон учун лозимлигини баён қилганглар. Жумладан, "Икки неъмат борки кўпгина одамлар унинг қадрига етмайдилар– сихат саломатлик ва хотиржамликдир" дедилар. Дарҳақиқат истиқлол неъматларига эга бўлганимиздан кейин мукаддас дин – Исломга катта эътибор берила бошлади. Чунки Ислом дини юртбошимиз таъкидланганларидек, "… ота – боболаримиз дини, у биз учун ҳам имон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканини унутмайлик. У қуруқ ақидалар йиғиндиси эмас. Ана шу маърифатни кишиларимиз жон –жон деб қабул қиладилар ва яхши ўгитларига амал қиладилар". Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларини хусусан Мустақиллик неъматини янада бардавом қилсин. Байрамларимиз байрамларга улансин. Байрамларни тинчлик ва хотиржамликда, иттифокликда, кўтаринки кайфият билан ўтказишимизда Яратганнинг Ўзи ёру мададкор бўлсин! Омин.
Манбалар асосида:Андижон шаҳар "Абу-Ҳурайра" жомеъ масжиди имом хатиби Шарофуддин Мусабоев тайёрлади.
|