№5, 27.01.2011 БУГУННИНГ ГАПИ
ИСТЕЪМОЛЧИ, ГАЗ ВА ТЎЛОВ
(ЁКИ ФОЙДАЛАНИЛГАН ТАБИИЙ ГАЗ УЧУН ТЎЛОВНИНГ АФЗАЛ УСУЛИ)
"Иқбол" газетаси таҳририятига Хўжаобод тумани, Эгамбердиобод МФЙда яшовчи фуқаро М.Охунжоновадан шикоят хати келиб тушган эди.
Шикоятда айтилишича, мазкур шахс хонадонига ўрнатилган ГҲУ (газ ҳисоблаш ускунаси)дан фойдаланиб келади. Шу бўйича табиий газдан фойдаланганлик тўловларини ўз вақтида тўлаб боради. Натижада у истеъмолчи сифатида табиий газдан қарздор эмас. Аксинча, маълум миқдорда ҳақдор бўлган.
Бироқ Хўжаобод тумангаз ходимлари унга "меъёр" деб, 37000 сўм тўловни амалга оширишни талаб қилганлар.
Мазкур ҳолатни ўрганиш учун мухбиримиз "Ўзтрансгаз" АК "Водийгазтаъминот" УК Андижон вилояти "Хўжаобод тумангаз" филиалида бўлди ва унинг раҳбари К.Аҳмедов билан суҳбат уюштирди.
- Айтинг-чи, истеъмолчилар ҳозирда табиий газ ҳисоб-китобини қайси тартибда амалга оширишмоқда?
- Табиий газдан фойдаланганлик ҳисоб-китобини амалга ошириш учун махсус газ ҳисоблаш ускунаси (ГҲУ) жорий қилинган. Барча истеъмолчилар хонадонида эндиликда ана шундай ускуналар мавжуддир. Демак, ҳар бир истеъмолчи бугунги кунда табиий газдан фойдаланганлик ҳисоб-китобини ўз хонадонларига ўрнатилган ГҲУлар асосида амалга оширишмоқда. Бу албатта, истеъмолчи учун ҳам қулай, ҳам адолатлидир. Чунки бунда истеъмолчи ГҲУ қанча нарх ҳисоблаган бўлса, шуни тўлайди.
- Энди, "меъёр" ҳисоб-китоби ҳақида тушунча берсангиз?
- Меъёр ҳисоб-китоби истеъмолчиларнинг газ ҳисоблаш ускунасисиз табиий газдан фойдаланган ҳолатларида қўлланилади. Меъёр ҳолатида табиий газ учун ҳисоблаш керак бўлган маблағғ маълум миқдорда ўзгаради. Буни ҳар бир истеъмолчи тўғғри тушуниб етмоғғи керак.
Шу маънода, фуқаро М.Охунжонова ҳам маълум вақт ГҲУсиз табиий газдан фойдаланган. Яъни, ГҲУ аппаратини ўз вақтида лаборатория текширувидан ўтказмаган. Шу боис, маълум муддат учун М. Охунжоновага меъёр ҳисоб-китоби қўлланилган.
- Меъёр ҳисоблашда қонуний асос борми?
- Албатта. Истеъмолчининг меъёр ҳисобини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган ва амалга киритилган 19-03-22-05-РУЗ-33-2010-сонли реестрга асосланилади. Шу бўйича табиий газдан фойдаланганлик ҳақлари белгиланган перескурант асосида ундирилади.
- Истеъмолчи учун табиий газдан фойдаланишда ҳисоб-китобнинг қайси тартиби афзал?
- Ҳозирда истеъмолчи 1 м3 табиий газ учун 67,5 сўм ҳақ тўлаши белгиланган. Бу сумма агар у ГҲУ дан фойдаланганда ҳисоб-китоб қилинади.
Меъёр бўйича ҳисобланадиган бўлса, қуйидаги тартиб жорий этилади. Яъни, хонадонда истиқомат қилаётган бир жон одам учун 1 м3 табиий газ учун 1750,5 сўм, бир жон одам учун ҳаммомга 3150,9 сўм, бир бош қорамол учун 2765,8 сўм, бир бош қўй учун 256,75 сўм, бир бош от учун 653,5 сўм ҳақ ундирилади.
Демак, кўриниб турибдики, истеъмолчи учун қулай усул, бу ГҲУлардан фойдаланган ҳолда табиий газ тўловларини амалга оширишдир. Лекин очиқ гап, айрим фуқароларимиз ГҲУлар ҳисоб-китобини гўёки ўзлари учун "зарар" бўлаётгандай ҳис қилишади. Аслида эса бу тартиб амалдаги меъёр тартибидан анча афзалдир.
Суҳбатни Маҳфуза
НОРБОЕВА ёзиб олди.
|