№10, 03.03.2011 ВИЛОЯТ ХОТИН-ҚИЗЛАРИГА БАЙРАМ ҚУТЛОВИ
Қадрли опа-сингиллар, меҳрибон онахонлар!
Сизларни нафис ва беғғубор баҳорнинг илк байрами, азиз аёлларимиз эъзозланадиган 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Халқимиз, айниқса, аёлларимиз қалбига яқин бўлиб қолган ушбу байрам арафасида шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишончим комилки, бундан буён ҳам, айниқса, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб номланган ушбу йилда бу каби хайрли ва ибратли ишлар изчил давом эттирилиши, шубҳасиздир.
Азиз ва лобар опа-сингиллар, мўътабар онахонлар! Бугун андижонлик аёллар илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, кўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғғор хотин-қизлари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир.
Муҳтарама опа-сингиллар! Бугунги қувончли байрам кунида Сизларга тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз камоли йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилайман.
Қалбингиздаги жамики эзгу-ниятларингиз ижобат бўлиб, фарзандларингиз камолини, аёллик, оналик бахтини кўриш насиб этсин.
Сизларни баҳорий кайфият ҳеч қачон тарк этмасин!
Н. К. ЯҚУБОВА, вилоят ҳокимининг ўринбосари,
хотин-қизлар қўмитасининг раиси.
|