№16, 14.04.2011 2011 - КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ
ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКДА ТЕНГ ҲУҚУҚЛИЛИК
Мамлакатимизда хусусий мулкчилик асослари яратилиб, тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшиги очилмоқда. Вилоятимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши йил сайин ошиб бормоқда. Юртбошимиз томонидан 2011 йил - "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб номлагани айни муддао бўлди. Чунки кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ҳамда фермерлик ҳаракатлари иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини жадаллаштириш, бандлик ва оила даромадларини ошириш масалаларини ҳал этишда етакчи ўрин тутади.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб, мамлакатимизда ҳунарманд ва тадбиркорларга кенг йўл очилди. Давлатимиз уларнинг самарали фаолият юритишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиб бермоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғғрисида"ги қонунининг 3-моддасига асосан, барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият - тадбиркорлик фаолияти ҳисобланиши кўрсатиб ўтилган.
Эр-хотин умумий, биргаликдаги мулк негизида оилавий тадбиркорликни йўлга қўяётганларида иш муомалаларида эр ёки хотиннинг розилиги билан улардан бири иштирок этади, бу розилик тадбиркор якка тартибда давлат рўйхатидан ўтказилаётганда тасдиқланиши лозим.
Тадбиркор фаолияти жараёнида уй-жойдан фойдаланиш билан боғғлиқ оилавий бизнесни амалга ошираётганда уй-жой ва оиланинг бошқа мулкларидан фойдаланиши учун ўша оиланинг вояга етган бошқа аъзоларининг нотариал тасдиқлаган розилиги билангина амалга ошириши мумкин.
Оила, эр-хотин, уларнинг болалари, энг яқин туғғишганларидан иборат кишилар гуруҳи - хонадон ҳисобланади. Улар оилада ҳуқуқ ва мажбурият жиҳатдан тенг ҳуқуқга эгадирлар. Шу сабабли ҳам оилавий тадбиркорликнинг ривожи учун оиланинг барча аъзолари бирдек масъулдирлар.
Нодирбек РАСУЛОВ,
Марҳамат тумани 2-сон Давлат
нотариал идораси нотариуси.
|