№17, 21.04.2011 "ЮРТИМ, СЕНГА ЖОНИМ ФИДО!"
Мустақиллик байрамини юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида муҳрланиб, бир умр ёдида қоладиган тарзда чиройли ва мазмунли ўтказиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Республика Халқ таълими вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида "Юртим, сенга жоним фидо!" лойиҳаси доирасида ўтказилаётган бадиий-ижодий тадбирлар ўқувчи-ёшларнинг ўз истеъдодларини намоён этиш, уларнинг қалбида Ватан, миллий ғурур ва ифтихор, ўзликни англаш, эртанги кунга умид, санъат соҳасидаги иқтидорларини тўлақонли юзага чиқаришга ишонч туйғуларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнамоқда. Бу вилоятимизда икки кун давом этган "Юртим, сенга жоним фидо" мавзусидаги бадиий-ижодий учрашувларда ўз исботини топди.
Тадбирлар Андижон шаҳридаги 3-сон ҳамда Жалақудуқ туманидаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларининг истеъдодли вакиллари, устоз ва мураббийлари иштирок этдилар. Тадбир доирасида тасвирий санъат йўналиши бўйича таҳсил олаётган ўқувчилар томонидан чизилган расмлар кўргазмалари ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н. Яқубова сўз олиб, барчани ўтказилаётган санъат байрами билан табриклади, вилоятимизда болалар санъатини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ибратли ишлар хусусида гапирди. Шу куни Андижон шаҳридаги болалар боғида, вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги Болалар шаҳарчасида ҳам концерт дастурлари уюштирилди.
Пойтахтдан ташриф буюрган Шайхонтохур тумани болалар ижодиёти маркази қошидаги "Тантана" гуруҳи, шунингдек, турли халқаро танловларида ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, юртимиз шуҳратини ошираётган В. Успенский, Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари тарбияланувчилари ҳамда вилоятдаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган истеъдодли болалар ижросидаги Ватан мадҳи, Истиқлол, бахтли болалик мавзусидаги куй ва қўшиқлар барчага манзур бўлди.
Андижонлик ўқувчилар нуфузли халқаро танловлар ғолиблари бўлган иқтидорли тенгдошлари билан яқиндан танишдилар, уларнинг ижро маҳоратидан бевосита баҳраманд бўлдилар. Бундай имконият уларнинг қалбида ҳавас, юксак марраларни забт этишга интилиш ва ўзларига бўлган ишончни кучайтиргани аниқ.
Кейинги йилларда юртимизда болалар мусиқа ва санъат мактаблари ривожи, санъат соҳасида иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоя-тимизда ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 27 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари мавжуд бўлиб, уларда 3090 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. .
2009-2010 йилларда вилоятдаги қатор туман ва шаҳарларда барча қулайликларга эга бўлган болалар мусиқа ва санъат мактаблари янги қурилди, мавжуд бинолар реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар билан таъминланди. 2011 йилда эса 2 та янги мактаб қурилиши, 5 та мактабда капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мусиқа ва санъат мактаблари ўтган 2010 йилда 69 млн. 282 минг сўмлик, жорий йилда эса 47 млн. 490 минг сўмлик мусиқа асбоблари билан таъминланди.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида таълим-тарбия савияси кўтарилди, таълим йўналишлари кўпайди. Мавжуд ўзбек халқ чолғу асбоблари, фортепяно, тасвирий санъат йўналишларига 2010-2011 ўқув йилида анъанавий хонандалик, баян, акордион, рақс, эстрада ва театр йўналишлари қўшилди. Истеъдодли ва иқтидорли ёшлар сафи ҳам тобора ортиб бормоқда.
Жалақудуқ туманидаги 18-сон мусиқа ва санъат мактаби хор жамоаси, шунингдек, иқтидорли ўқувчилар Саидахон Собирова, Исмоилжон Ашуровлар "Болалик баҳори" фестивалида ғолиб бўлдилар, қўрғонтепалик Шоҳруҳбек Неъматжонов "Янги авлод-2010" танлови совриндорлари қаторидан жой олди.
"Юртим, сенга жоним фидо!" тадбирлари ҳам шубҳасиз, кўплаб истеъдодларни кашф этади.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|