№17, 21.04.2011 ҚИЗ - ХОНАДОН ФАРИШТАСИ
Оилада қизлар, ёш келинларнинг масъулияти, оилани мустаҳкамлашдаги бурчлари қандай бўлиши лозим? Бугун мазкур масалага қай даражада амал қилинмоқда?
Бунга ҳар бир киши, айниқса, аёлларимиз жиддий эътибор беришлари керак.
Оила қураётган ёш келин-куёвларни кўрганда мени аллақандай ширин ҳислар чулғаб олади. Шу лаҳзадаги қувонч уларни умрбод тарк этмаслигини истаб, дуога қўл очаман.
Мустақил ҳаёт остонасида турган келин-куёвларга тиланган тилаклар, орзулар, олқишлар уларни оила аталмиш муқаддас қўрғонга бахт сари етаклайди. Қани энди, тилаклар ижобат бўлса-ю, жамики ёш оилалар тўкис бахтга эришсалар? Қизларимиз рўзғорга уқувли, пазанда, саришта бўлсалар, умид билан келин туширган қайнона-қайноталар келиннинг оиласида кўрган тарбиясидан қониқиш ҳосил қилса?
Қани энди, йигитларнинг ҳам қўлида ҳунари, иши тайин бўлиб, рўзғор юкини бемалол уддаласалар-у, жуфтини аёллик бахти билан сийласа?
Қани энди?..
Бироқ...
-Опа, биласизми, уй-рўзғор ишларини пала-партиш қилади, овқатини эса гапирмаса ҳам бўлади. На маза бор, на бошқа. Ўз уйимда ҳаловат топмагач,оилам билан қандай яшайман? Бунинг устига, орзу-ҳавас билан келин туширган ота-онамнинг ҳам ҳурматини кўпам жойига қўявермайди. Ҳали болали бўлмай туриб аҳвол шу бўлса, кейин нима бўлади? Шунинг учун ажралишга қарор қилдим,-дейди яқиндагина уйланган йигитлардан бири.
Таажжуб!.. Оила қуришдан аввал,улар турмушга тайёрмиди?
Қиз боқиб, вояга етказаётган оналар ўз қизларига нималарни ўргатишган? Қизлар вояга етиб, бировнинг уйига боргач, уй бекалиги, оила саришталигини эплай оладиларми? Оналар бу ҳақда қизларига сабоқ беришни унутиб қўймадимикан?
Йигитнинг гап-сўзларидан сўнг ана шу саволлар мени ўйлантирди.
Танишларимдан бири келин туширди. Ойдеккина келинчакни кўрганлар унга ҳавас билан боқишди. Ўзи бир гўзал, сочи бир гўзал экан, - дейишди суқланиб.
- Ўзим топдим. Оиласини суриштириб, онасини кўриб, кейин келинликка муносиб кўрдим,- қайнона бўлмиш ҳам ғурурланиб қўйди, ўзича.
Бироқ бир йил ўтмай, қайнонанинг шашти пасайганини кўриб, ҳол-аҳвол сўрадим.
-Кўнглимдагидай эмас экан, сиртига қараб, ўғлимга муносиб кўрибман, ўқимишли, зиёли оиланинг фарзанди дебман-да. Ҳамма қизлар ҳам онасига тортавермас экан. Иш буюрсам ёки қилган ишидан кўнглим тўлмай, билмаганини ўргатсам, ёқмайди.Терс бўлиб олади.Ўзига қўйиб берсам, кирлар уюлиб кетади. Фарзандли бўлгач, бу яна-да билинди. Энди боланинг усти-боши, тагликларигача уюладиган бўлди. Супир-сидирни бошласа, охиригача етмайди. Чанг артганини кўрмайман. Тутимимга сололмай, бошим қотди. Онасига айтай дейман-у, қудалар ўртасига совуқчилик тушадими, деб авайлайман-да.
Танишимнинг гапларини эшитиб, қизининг онасини кўз олдимга келтирдим. Аёл нуфузли идорада ишларди. Наҳот, иш деб қизининг тарбиясига беътибор бўлган бўлса?..
Биз қизлар тарбияси ҳақида кўп гапирамиз. Бироқ тарбия ҳамиша зарурлигини, у эскирмаслигини ёдда тутишимиз керак, деб ўйлайман.
Онам биз қизларга ёшлигимиздан супир-сидир, чойнак-пиёла ювишни обдон ўргатарди. "Қозон-товоқ ювуқсиз қолса, уйдан барака кетади" деб, қулоғимизга қуярди. Қилган ишимиздан айб топса, ғижинардик. Шунда "Сизлар менинг тутимимни ўзга хонадонга олиб борасизлар. Сизларнинг қилган ишларингга қараб, менга баҳо беради" деб кўп гапирарди.
Буни нега айтяпман. Яқинда келин бўлган бир қиз менга кўнглини очиб қолди.
Биласизми опа, қиз боланинг ўзга хонадонга кўникиб кетиши қийин экан. Бу рўзғор ишларига қийналдим, дегани эмас. Ҳар қанча иш бўлса, қилавераман. Ахир, қишлоқда ўсганман. Бироқ "менга қўпол муомалада бўлишларига чидолмайман. Уйга гап топиб бормайман. Лекин онамга менга танбеҳ бериб, қўпол муомала қилиб туришингиз керак экан. Шунда ҳар қандай вазиятда ҳам бунга тайёр турардим", дейман.
Бунинг устига қайнонам бирор ишимдан кўнгли тўлмаса, "уйингиз ҳам шундай бесарамжом турармиди?" Ёки музлаткич бирор кун артилмай қолса, "уйингларда музлаткич борми ўзи?" қабилида шундай гап қиладики, алал-оқибат гап онамга келиб тақаларди. Шунинг учун онамга гап олиб бермаслик учун ҳовли-жойга, ҳар бир қилган ишимга қайнонамнинг назари билан қарайман.
Ҳа, қиз-хонадон фариштаси. Қизлик уй саришта, саранжом бўлади. Айниқса, бувилари бор хонадонда улғаяётган қиз бола обдон тарбияланади.
Тонг отиб, қушлар чуғурлай бошлаганда, кўпчилик ҳали уй-қуда бўлади. Шу вақт кўча дарвозалари олдида супир-сидир қилиб, атрофга сув сепаётган қиз-келинлар шарпасини илғайсиз.
Уларнинг бири талаба, бири ишчи, бири муаллима. Булар оиладаги ўрнини билишади. Ака-ука, ота ёки ёрларига ором, кўнгилли ҳордиқ, ҳузур-ҳаловат бахш этишини исташади. Бир-бирларига бўлган меҳр ана шу ҳаловатга, қадр-қимматни йўқотмасликда, бурчларини бажаришида, деб билишади.
Оила-сердаромад ёки ночор бўлиши мумкин. Аммо унинг бекалари, қиз-жувонлар ўз ўринларини, бекалик масъулиятини билишлари муҳимдир. Шундагина, оила муқаддаслиги сақланиб қолади.
Зумрадхон
АБДУЛЛАЕВА.
|