№17, 21.04.2011 (ҲИКОЯ)
СИЗНИНГ КЎЗЛАРИНГИЗ...
(Давоми. Боши ўтган сонда.)
Бахтимга қўнғироқ чалиниб қолиб тез синфдан чиқиб кетдим.
- Хайр!
- Хайр, домла...
Шу бўйича душанба куни дарсга кирдим. Ўқувчилар ўйлаганимдек кулгу билан кутиб олишди. Лекин мен бошқача йўл тутмоқчиман. Бугун анча дадилман. Саломлашгач, уларни бир-бир кўздан кечирдим-у, мақсадга ўтдим:
- Бугун дарсимизда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди мавзусини ўтамиз.
Биламан, бу йигит-қизлар учун севгидан бошқа нарсанинг кераги йўқ, Шунинг учунми, синфда ғала-ғовур тинмади. Ғашим келди, лекин барибир дарс ўтдим.
- Саволлар борми?- дедим ўқувчилар диққатини тортиб.
Энг охирги партада ўтирган бесўнақай йигит қўлини баланд кўтариб:
- Менда савол бор,- деди.
- Қани...
У эринмай ўрнидан турди. Аввал синфдошларига мағрурона боқиб қўйди-ю, кейин ҳар бир сўзини мас-харали оҳангга ботириб гапирди:
- Домла, учар тарелкаларни бор, дейишади. Ростданам улар борми, йўқми?
Ғазабимдан бармоқларим мушт бўлиб тугилди:
- Шуми саволинг?
- Ҳа, - у осмонга қараб кулди.
- Доскага чиқ, тушунтириб бераман,
Ҳасан исмли бу йигит бамайлихотир менга яқинлашди. Муштумни ёйдим-у, мени масхара қилгани учун "мана жавоб" дегандай шапалоқ тортиб юборибман. Синф ўқ овозидай жаранглаб кетди. Ҳасан икки қўли билан қулоғини чангаллаб қолди. Ўқувчилар эса тошдай қотиб қолишди.
- Жойингга ўтир. Қайтиб ўқитувчининг устидан кулганингни кўрмай.
Болаларга қарадим:
- Яна саволлар борми?
Ҳамма жим. Гўё мендан норозидай. Фақатгина Ҳолиданинг кўзлари ҳақиқатни айтиб турарди. "Сиз ҳақсиз".
Ана шу битта шапалоқ туфайли ўқувчилар мендан бироз қўрқиб қолишганди. Айниқса, йигитлар. Бу ҳуркиш, аста-секин меҳрга, ҳурматга айланди.
Ўқитувчилик касби нақадар машаққат. Бир кунда тўртта-бешта синфга кирасан, юзлаб ўқувчилар билан муомала қиласан. Ҳаммасининг феъл-атвори ҳар-хил. Фақатгина ўз синфимга кирганимда ором олгандай бўламан. Чунки улар мени тушуниб қолишган, анча дўстлашиб олган эдик.
- Домла, бугун дарс ўтмай қўя қолинг,- деди ўқувчиларимдан бири.
- Сабаб?
- Уйда ўқиб келамиз.
- Унда мен бир соат нос чекиб ўтираманми?
Муҳайё исмли қиз луқма ташлади:
- Йўқ, ўрнингизга биз нос чекамиз, сиз ўзингиз ҳақингизда гапириб берасиз.
Бу гап ҳаммага мойдек ёқди шекилли, чуғурлашди:
- Гапирақолинг...
- Йўқ деманг...
Ноилож қолдим.
- Бўлмаса қулоқ солинглар, - дедим муштумимни иягимга тираганча.
Ўқувчилар жимиб қолишди.
- Мен бундан роппа-роса йигирма икки йил муқаддам туғилганман. Кенжа ўғилман.
- Роса эркатой бўлгандирсиз?..қиқирлади кимдир.
- Жуда эркаликни дўндирганмиз. Опаларим турмушга чиқиб кетган. Мактабни тугатиб ўқишга кетдим. Дадам ҳам, онам ҳам ўқитувчи. Насиб қилса...
- Болаларингиз ҳам ўқитувчи бўлади,- гапни илиб кетди яна бир қиз.
Кулиб юбордим:
- Эҳтимол...
- Тўйингиз бўлганми?
Бош қашиб турувдим, эшик очилиб, котиба жонимга оро киргандай бўлди.
- Сардор ака, телефонга,- деди синфга бош суқиб.
- Ким экан?
- Болларингиз...
Юрагим "шувв" этиб кетди. Сирим фош бўлди-ку. Ҳар қанча урунмай иложини тополмадим. Ҳолиданинг кўзларига боқдим. Унда ўкинч бор эди."Уйланганмидингиз?"
* * *
Уйдан чиқдим-у, юрагимга ғашлик ўрмалаб қолди. "Яна нима гап бўларкин? Бирор кўнгилсиз воқеа бўлиши турган гап. Бўлмаса юрагим бунчалик безовталанмас эди".
Дарсда эдим.
- Домла,- Муҳайёнинг менга таниш бўлиб қолган ўша дўрилдоқ овози эшитилди. - Холидалар Бухорога кўчиб кетишяпти экан...
Ўрнимдан сапчиб туриб кетдим:
- А-а?..
- Бухорога.
Бир неча дақиқа ўзимни йўқотиб қўйдим. Бор кучимни йиғиб, Ҳолидага қарадим.
- Ростми?
У ибо билан бош силкиди:
- Ҳа...
- Нима учун?
- Дадамни Бухорога ишга ўтказишибди...
Энди билдим. Кўнгилсиз воқеа шу экан. Юрагим алдамабди.
Овозим титраб чиқди:
- Бутунлайгами?
Ҳолида эса нозик елкаларини қисди:
- Билмасам...
Дардим ичимни ёндириб турса ҳам, далда бердим:
- Майли, қайда бўлсангиз ҳам соғ бўлинг. Синфдошларингизни унутманг...
Секин пичирладим. "Мениям... Мениям унутманг!"
Хонани қулфлаяпман-у, нуқул қўлим қалтирайди, калит жойини тополмайди. Оёғим ерга ёпишиб қолгандай аранг қадам босардим. Ҳолиданинг сирли кўзлари эса менга зимдан боқиб турарди."Кўришолмасак хайр".
Хаш-паш дегунча уч ой ўтиб кетибди. Уч ой! Бу муддат менга уч йилдек, йўқ, йўқ, уч юз йилдек туюлди. Осон бўлмади. Сабаби...мен қандайдир сеҳрли кўзларни йўқотгандим.
Ҳолида,ҳар куни синфга кирибоқ, сизнинг бўш партангизга қарайман, маъноли кўзларингизни қидираман. Тополмайман...
Биласизми, Ҳолида, кўзлар ҳар хил бўларкан. Оҳу кўзлар...Шаҳло кўзлар...Сизнинг кўзларингиз эса бутунлай бўлакча!
Сиз Бухорога кўчиб кетганингиздан то шу кунга қадар маҳаллада, кўча-кўйда, ҳиёбонда, кинотеатрда, бозорда юзлаб, минглаб, эҳтимол миллионлаб кўзларни кўргандирман. Аммо ҳеч бирини сизнинг кўзларингизга ўхшата олмадим. Мақтаниш бўлса ҳам айтиб қўяй. Мен ҳар қандай кўзга боқиб туриб, нима деяётганини билиб оламан.
Ҳолида, мен сизнинг кўзларингизни тушимда бўлса ҳам кўришим керак. Унга ном қидираман.
- Шаҳло!
- Оҳу!
- Қаро!
Йўқ, сизнинг кўзларингиз жуда-жуда бўлакча. Бир дунё маънони англатади. Одамни эсанкиратади. Орзулар томон етаклайди. Билдим, топдим. Сизнинг менга меҳр ила боққан кўзларингиз муҳаббатли кўзлар экан...
Улуғбек АБДУСАЛОМОВ.
|