№18, 28.04.2011 МАЪНАВИЯТ САБОҒИ
ҚАЙНОНА БЎЛИШ ИЛМИ
Турсуной СОДИҚОВА.
(Давоми. Боши ўтган сонларда.)
Бир улуғ ёшдаги қайнонанинг кўлдай ивиб йиғлаётганининг гувоҳи бўлдим. Набираси обдон ўғлининг бундан адойи томом бўлганини айтиб бўзларди.
"Бунга мен айбдорман" - дейди у,-келинимнинг менга озорлари ҳаддан ошгач, "илоҳим, болангдан тортгин" деб юборган вақтларим бўлган, воҳ, демасам бўлар экан", - деб ўз бошини ўзи муштлар эди!
Қайнонага озорлик бўлган у келиннинг ўзининг биттагина келинига қилган адолатсизлигини ҳам кузатганмиз. Яратган унга дилбар келин берди - ораста, пазанда, чевар, муомалали, чиройли. Аммо у ҳамиша иддаода, қачон кўрманг, келинга ҳамлага тайёр туради, ўқланган қуролдай ўқ ёғдиргани ёғдирган. Кўринганга тинмай ёмонлаб чарчамаганини айтмайсанми! Бир ёшли, уч ёшли набираларига "ҳамма ёмон ишларинг онангга ўхшайди!" деб бақириб-чақиришларини айтмайсизми! Келин эса сукутда. Шу ҳолатнинг ичида, ўн йилдан ортиқ яшаб келаётган бўлса-да, бу баттол қайнонанинг юзига ҳаргиз тик қарамади, жавоб тошини отмади....
Бугунлик кунда эса уни биттагина ўғли нақ оловгинага ўтқизиб қўйди! Кулфатдан қандай қутилишни билолмай карахт! Бу аёлнинг қайнонасига бериб келган азоблари, энди эса биттагина келинини қон йиғлатишлари жавобсиз қолади дейсизми? Аллоҳ бор ва ҳеч бир бандасининг яхши-ю ёмон ишини жавобсиз қолдирмайди. Аллоҳдан ҳеч ким қочиб қутулолмайди!
***
Бир ширин холапошшага "Устозингиз ким?" дея савол бераман. "Худо раҳмат қилгур қайнона ойимлар" деб жавоб беради. "Келин бўлиб келганимдан кейин, қўлимдан ушлаб рўзғорни айлантирдилар. Мана бу супургининг ини, мана бу хокандознинг ини. Мош бу ерда қопқоғи ёпиқ туради, гўшт анови ерда докага ўроғлиқ туради. Хуллас, шу ерда нимам бўлса, энди сизга топширдим. Шундоқ тартибда сақланг, яхшилансинки, ёмон бўлмасин. Ўзимни ҳам сизга топширдим - берсангиз ейман, бермасангиз ўламан, дедилар. Ерга урса кўкка сапчийдиган асов той эдим. Раҳматли қайнона онам силаб-сийпаб мени одам қилганлар", дея ёшларини артади холапошша.
Яхшиликка чорлаш - устозлик! Яхши амалларни ўзинг қилиб бировларга ўргатиш - улуғ устозлик. Ҳар биримиз қайсидир даражада устоздирмиз ва жамиятнинг покланиб бориши учун масъулмиз.
Сўзимиз сўнггида ҳар доимги тилагимни яна тилга оламан: ҳар биримизга ўзимиздан кучлироқларни уйғотиб кетиш насиб бўлсин ва улардан "Устозинг ким эди?" деб сўраб юрсинлар.
***
Қиз бола узатилар экан, куёв хонадонини Эрам боғи деб боради. Зуҳрога айланмоқ учун боради. Атлас-у шойилар ичида Ой бўлиб, балқиб боради, сукунатга тўла ҳовлингизга баҳорий жаранг¬лар ва баҳорий ранглар билан ҳаётнинг энг ширин қўшиқларини бошлаб, маликалардай кириб боради:
Орзулари ушалсин унинг!
Ихлослари синмасин унинг!
Тоҳирини топсин шу даргоҳдан! Мажнунини топсин шу боғдан!
Онасидан ҳам меҳрибон онани, отасидан ҳам аълороқ отани шу ердан топсин!
Ўз уйим деб жойлансин уйин¬гизга,Ўлан тўшагим деб жойлансин!
Қайноналик имтиҳонларидан ёруғ юз билан ўтишингизда Аллоҳ мададкор бўлсин!
(Тамом).
|