№18, 28.04.2011 МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУДИГА
ХАЛҚ ҚАЛБИДАН ЖОЙ ОЛГАН ШОИР
Ҳаётда шундай ажойиб инсонлар яшаб ўтадики, улар Аллоҳ берган умри давомида халқ қалбидаги нозик туйғуларни топиб, уларга бадиий жило бериб, яна халққа ҳадя этадилар. Улар кўпчилик номидан эътироф этилиб, мангуликка дахлдор ижодкор сифатида тан олинади.
Биз ҳамиша шеърларини севиб ўқийдиган, қўшиққа айланган ижод намуналарини жон қулоғимиз билан тинглайдиган севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида 57 баҳорни қаршилаган бўларди. Инсонлар қалби гўзалликка талпиниб, яшариш ва яратиш ишқи билан ёнган фасли баҳор айёмларининг яна бир қадрли томони шундаки, бу фаслда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган.
Шоир номини абадийлаштириш, унинг ижодий ишларини давом эттириб, унга муносиб издош бўлиш - ҳар бир андижонлик қаламкаш учун юксак фахру ифтихордир.
Шу маънода, бундан беш йил аввал Марҳаматда Муҳаммад Юсуф номли ёш ижодкорлар адабий тўгараги ташкил қилинди. Тўгаракка туман халқ таълими бўлими масъул ходими, ижодкор Абдураҳим Бозорбоев раҳбарлик қилиб келмоқда.
Биз-тўгарак аъзолари дастлаб ишни М.Юсуфнинг қабрини зиёрат қилишдан бошладик. Қабр атрофига гул кўчатлари ўтқаздик. Шоир ўқиган 25-умумтаълим мактабида Муҳаммад Юсуф уй музейи ташкил қилинди. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги, кенг жамоатчиликнинг сайъ-ҳаракатлари билан Муҳаммад Юсуф номли "Хотира боғи" яратилиб, 400 тупдан зиёд турли хил мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Адабий тўгарагимизга дастлаб машғулотларни тумандаги ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, журналистлар, кўзга кўринган ижодкорлар олиб боришди. Вақт ўтиши билан ижодкорлар ўзларининг шеърлари, ҳикоя ва мақолалари билан туман "Оқ олтин" газетасида, кейинроқ вилоят газеталарида кўрина бошлашди. Ижодий ютуқларимиздан яна бири шундаки, тўгарагимиз аъзоларидан Зулхумор Жўраеванинг "Райҳон ифори", Иқбол Тонг тахаллуси билан ижод қилаётган Музаффар Сатторовнинг "Райҳон" номли шеърий китоблари нашр¬дан чиқарилиб, мухлислар қўлига етиб борди.
Шоир туғилган табаррук заминда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими бошлиғи Назиржон Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Абдумутал Абдуллаев ва бошқалар билан ижодий учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди.
Шу кунларда тўгарагимиз аъзолари томонидан шоир таваллуд айёми муносиб нишонланди. Барча ўқув муассасаларида шоир ижодига бағишланган кўрик-танловлар, мушоиралар ва давра суҳбатлари уюштирилмоқда.
Айниқса, куни кеча тумандаги "Турон" ўқув марказида шоирнинг туғилган кунига бағишланиб ўтказилган адабий-бадиий кеча адабиёт байрамига айланиб кетди. Тадбир иштирокчиларида, меҳмонларда катта тассурот қолдирди.
Муҳаммад Юсуф ўз юртини, Ватан тупроғини яхши кўрар эди. Шу боис, у она юрт тупроғини, шу тупроқда ўсган гиёҳни, лолақиз-ғалдоқларни ўзига байроқ қилиб олди. Айниқса, унинг "Ўзбекистон ёшлари" фахрияси бугунги кунда ёшлар мадҳияси сифатида янграмоқда:
Оқ йўргакка ўрагансан, ўзинг бизни,
Оқ ювиб, оқ тарагансан, ўзинг бизни.
Бешигимиз узра бедор она бўлиб,
Кунимизга ярагансан, ўзинг бизни.
Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!
Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!
Бир сўз билан айтганда, шоир ўз шеърлари билан қалбларимизда яшамоқда, мангу яшайверади.
Зулҳумор АКБАРОВА,
Фароғат МАМАТУРСУНОВА,
Муҳаммад Юсуф номли
"Ёш ижодкорлар" адабий тўгараги аъзолари.
|