Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№18, 28.04.2011

ИШҚ

(ҳикоя)

Давронбекнинг ота-онаси қистови билан турмуш қургани ҳақидаги хабарни эшитган Мумтоза эсанкираб қолди. Лекин... Тақдир экан... На илож. Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди.

Шундан кейин Мумтозанинг ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлди. Севгига ишонмай қўйди. "Севги - бу хаёлий орзу, холос. Уни орзу қилиш мумкин. Лекин чин маънода севгига етишиш - бу сароб. Агар сароб бўлмаганда, не-не ошиқ-маъшуқлар висолга етмасмиди..." деган ўйга борди. Сўраб келган совчиларга рад жавобини айтавериб чарчади. Охири касал ҳам бўлди.

Бир куни кечки овқатдан кейин пайт пойлаб онаси тўй ҳақида аста гап очиб, қизига насиҳат қилди.

- Қизгинам, бизнинг ҳаётлигимизда турмушга чиқ, бахтингни кўрайлик. Ҳали тақдирингда нималар бор, ёлғиз Аллоҳ билади, - деди у қизининг маъюс кўзларига термулиб.

Онаизор дилбандининг севги изтиробида ёнаётганидан хўрлиги келди.

- Тўйдим!.. Ҳеч ким керак эмас менга! Билганингизни қилингла-а-а-ар! Мен учун ҳаёт тугаган!

Мумтоза онаизорни эшитишни хоҳламади. Ҳеч бир гапига қулоқ солмади. Сукут сақлаб, бир нуқтага боқиб ўтираверди. Она билдики, сукут аломати - бу ризодан дарак. Шундан сўнг хонадонда тўй тараддуди бошланди...

***

Мумтоза тушган янги хонадонда меҳр-оқибат, осо¬йишталик, қадр-қиммат, тинчлик бор эди. Бироқ, шундай тинч жойда кўнгли ҳаловат тополмасди. Нечоғли бахтли бўлмасин, ўзига берилган бу неъматга нимадир етишмаётгандай туюлаверарди. Нима етишмасди, ўзи ҳам билмас эди.

Мумтоза шу зайлда кунларини ўтказарди. Гарчи, юзига табассум, лабига кулгу инмаса ҳам "ҳаёт шу экан", деган фикрда яшайверди. Лекин мурғак гўдакдан оналик меҳрини аямади. Ўзи кўркам, ахлоқли, чин сўзли, юмшоқ кўнгил, саховатли аёл эди. Катта-кичик, яхши-ёмон, дўсту-душманга бирдай ёқимли эди. Ўйин-кулгудан ўзини тиярди. Сўзлари чиройли, мазмунли, мулойимлиги боис, у чиндан-да, гўзал, оқила эди.

Эри эса Мумтозанинг бу ҳолатини вазминликка йўярди.

Бир куни Зафарбек кўчадан кирибоқ, хотинига юзланди:

- Сизни тўйга олиб бораман. Қани, тез кийиниб чиқинг, аяси.

Мумтоза ийманибгина жавоб қилди.

- Танимаган даврага қандай бораман?

- Одамларни кўриб, ёзилиб келасиз-да, аяси. Шу уйдан чиқмай ўтираверасизми? Уйимиздан Ой чиққанми, ё? Қани, бўлинг, - деб Зафарбек уни шошилтирди.

... Зафарбекнинг энг яқин биродари Юсуфбек ўғилчасига хатна тўйи қилаётган эди. Чироқлар нуридан чароғон тўйхонада ноз-неъматлар билан шоҳона безатилган стол атрофида ўтиришаркан, Зафарбек Мумтозага дўстлари ва уларнинг оиласини таништириб чиқди.

Тўйхонага ташриф буюрган меҳмонлар бири қўйиб, бири тўйболага тилаклар билдиришар, қўшиқ куйга уланар, рақслар авжига чиқар эди. Ногаҳон навбат ҳаваскор қўшиқчига берилди.

Қўшиқчининг озғин, рангпар юзларидан умрининг армонлари сезилиб турарди...

Мумтоза яшин ургандай қалқиб кетди... У қўшиқчини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолганди. "Даврон ака!!!" деб юборишига бир баҳя қолди.

Ҳа, бу ўша, бир пайтлар Мумтозанинг юрагига ягона ҳукмдор бўлиб қолган энг азиз инсон - Давронбек эди!

Давронбек шоиртабиат бола эди. Доим шеър ўқиб юрарди. Қўшиқ куйлашни хуш кўрарди.

Мумтоза ундан нигоҳини узмас, чамаси, яраси янгиланганди. Зўрға ўзини қўлга олиб, эридан сўради:

- Зафар ака, бу одам ким... танийсизми?

- Тс-с... Кейин айтиб бераман, - Зафарбек кўрсаткич бармоғини лабига босди.

...Улар тўйхонадан жуда кеч қайтишди.

Мумтоза туни билан дарди янгиланганидан қийналиб, қалбини алам ўртаб, йиғлаб ётди. Ишқ йўлида қийналди, азобланди, руҳан эзилди.

Эрталаб нонушта пайтида Зафарбек кутилмаганда кечаги "ҳофиз" йигитдан сўз очди.

- Аяси, кеча тўйда куйлаган қўшиқчини сўраган эдингиз...

Мумтоза ўғлини овқатлантираётган эди, эрининг гапидан кейин диққатини унга қаратди.

- У маҳалламизда туради, ичкуёв бўлган... Ҳофиз йигит. Яхшигина қўшиқ айтади. Маҳалламизда тўй бўлса, албатта, ундан қўшиқ куйлаб беришни илтимос қилишади.

Мумтозанинг қулоқларига гап кирмай қолди... "Бир пайтлар жондан азиз кўрган инсони бугун ичкуёв бўлиб яшаркан... Кошки эди шу сўзларни эшитмаса. Ортиқ ҳам бўлмапти-ю?"

Ҳа, Давронбек ишқда беқарор бўлиб, Мумтозанинг покиза севгисини увол қилганди. Тўғриси, ота-она орзусини севгидан устун қўйганди. Алал-оқибат, етган ери шу бўлибди. Дарвоқе, қўшиқда ҳам бежиз куйланмас экан-да, "Мен ёмондан айрилиб, яхшини топганинг қани?" деб. Давронбек демак, яхшини тополмабди. Бу унинг мағлубияти эмасми?

Ҳа, ишқда кимдир ғолиб, кимдир мағлуб бўлади. Ғолиб - бу садоқатли ёр-у, ишқ яловини баланд тутган чин маҳбублар. Мағлуб эса - Давронбек каби ишқни ўткинчи туйғу сифатида баҳолаганлар...

Мумтоза бу борада анчайин ўзини мағрур тутса арзирди. Не бахтки, у бугун ишқ қурбони эмасди, ёнида вафодори, дилбанди бор...

Нигора САЙДАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди