№18, 28.04.2011 СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ
"САЛБИЙ РОЛНИ ИБРАТ УЧУН ЎЙНАЙМАН..."
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма ва комедия театрининг етакчи актрисаларидан бири Одинахон Ғозиева баҳорнинг илк кунларида вилоятимизга ташриф буюрди.
Фурсатдан фойдаланиб у билан суҳбатда бўлдик.
Актриса билан суҳбатимиз аёл, оила, онанинг ҳаётдаги ўрни ва мана шу учликнинг жамият ривожига таъсири мавзусида бўлди.
- Одина опа, Сизнинг Андижон фарзанди эканингиз бизларни ғурурлантиради. Чунки ҳар қандай юрт ўз бағрида истеъдодли фарзандлар етишгани билан ифтихор қилади. Айниқса, истеъдодли фарзанд халқ хизматида бўлиб, юртга танилса, бу унинг юрти учун фахрдир. Шу маънода, ўз туғилиб ўсган заминингиз ҳақида қисқача сўзласангиз?
- Тўғри, Андижон фарзандиман. Шу гўзал юртда менинг киндик қоним тўкилган. Андижоннинг Шаҳрихон туманида санъаткорлар оиласида туғилганман. Онам - Ширмонхон Ғозиева "Чашма" ансамблини тузиб, унга узоқ йиллар раҳбарлик қилганлар. Унинг ҳам бадиий раҳбари, ҳам балетмейстри эдилар. Отам - Муҳаммадхон Юсупов таниқли қўшиқчи бўлганлар.
Оиламизда санъат нафаси, ижодий жараён ҳукмрон эди. Биз фарзандлар ана шу жараёнда ўсиб, улғайганмиз. Санъатнинг таъсири ҳаётимизда муҳим роль ўйнайди. Мен акаларим Мансурхон ва Асқарбеклар ота-онамиз йўлидан кетдик. Чунки биз санъатнинг нонини едик, бу эса руҳиятимизни санъат оламида яшашга кўниктирган.
- Сиз ҳам "Чашма" ансамблида иштирок этгансиз. Адашмасак, санъатдаги бугунги даражангиз тамал тошини ана шу "Чашма" ансамбли қўйиб берган бўлса керак?
- Худди шундай. Модомики, санъаткорнинг боласи эканмиз, албатта, умримиз саҳнада ўтган-да. Болаликдан саҳна кўрдик. Чунки ота-онамиз доимо халқ хизматида юрганлар. Байрамлар, турли кўнгилочар томошалар, тўйлар, халқ сайлларида концерт қўйиб, меҳнаткашларга маданий хизмат кўрсатишарди. Албатта, концерт дастурларининг оммавий саҳналарида биз ҳам қатнашар эдик.
Шундай қилиб, саҳнага ёшликдан кўникиб борганмиз. Бу, албатта, келажак тақдиримизга замин бўлган.
- Ижодингиз қайси йўналишда бошланган? Қўшиқ куйлаганмисиз, рақс тушганмисиз? Ёки ўшандаёқ роль ижро этиб, актрисалик маҳоратингизни кўрсатганмисиз?
- Мен бошида рақс ижро этиб саҳнага чиққанман. Аввал оммавий саҳналарда рақс тушдим. Ўн уч ёшимдан бошлаб эса яккахон раққоса сифатида "Доира", "Чўпон қиз", "Роҳат", "Тановор", "Муножот", "Лазги" каби рақсларни ижро этдим. Албатта, саҳнага мустақил чиқишларимда онамнинг роли катта бўлган. Онам менинг биринчи устозим эди.
- Сиз қўшиқ ҳам айтасиз-ку? Буни ҳам ёшликдан ўрганганмисиз?
- Ҳали айтиб ўтдим, отам қўшиқчи бўлган, деб. Қўшиқ куйлашни отам ўргатганлар. Бора-бора саҳнага гоҳ рақс тушиб, гоҳ қўшиқ куйлаб чиқа бошлаганман. Лекин ҳар икки йўналишдаги машқларим, изланишларим ҳаётимда фойда берди. Шу туфайли мен мусиқали драма актрисаси бўлиб етишдим.
- Демак, Сиз учун профессионал маҳорат пиллапояларига чиқиш осон бўлган экан-да?
- Очиқ гап, ҳаётдаги орзуларим ушалди. "Чашма" ансамблида бадиий ҳаваскор бўлиб юрардим, эндиликда профессионал санъаткор даражасига етдим. Аммо бу даражага етишиш осон бўлмаган. Санъатнинг ўзига хос талаблари, қийинчиликлари бор. Аввало, ўқиш, ўрганиш керак. Маҳорат сирларини пухта ўзлаштириш керак. Шу боис, 1975 йили Тошкент Давлат театр ва рассомчилик санъати институтига ўқишга кирдим. Ўқиш жараёнида иш фаолиятимни ҳам бошладим. Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма ва комедия театрига мени ишга таклиф қилишган. Шу даргоҳда ҳақиқий устоз санъаткорлар сабоғини олдим.
Булар саҳна юлдузлари Раззоқ Ҳамроев, Бахтиёр Ихтиёров, Фароғат Раҳматова, Эътибор Жалилова, Марям Ихтиёрова, Наима Пўлатова, Лутфихоним Саримсоқова, Дилором Сафоевалар эдилар. Мен ана шулар билан бир сафда туриб "катталар мактаби" аталган театр ижодкорлигини амалга оширдим. Устозлар кўмагида театр сир-синоатларини ўргандим, истеъдодимни кучайтира бордим.
Албатта, ижодий жараёнга тез мослашиб кетишга "Чашма" ансамблига қатнашиб, дастлабки кўникмаларни эгаллаб олганим муҳим сабаб бўлган. Айтиш жоизки, мен "Чашма" ансамбли билан дунёнинг жуда кўп мамлакатларида ижодий гастролларда бўлганман. Республикамизда ўтказилган ёш талантлар кўрик-танловларида қатнашганман. Ҳаттоки, Бутунжаҳон санъат фестивалида "Доира" рақсини ижро этиб, лауреат бўлганман. Бу муваффақиятлар кейинги фаолиятларимга замин яратган.
- Сиз Муқимий театрининг етакчи актрисасисиз. Шу билан биргаликда, телевизион экранлари орқали ҳам республикамиз аҳлига таниқлисиз. Телеэкранлар орқали намойиш этилаётган "Турмуш манзаралари", "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" кўрсатувларида мунтазам қатнашиб келасиз. Шу кўрсатувларда ижобий роллардан кўра кўпроқ салбий ролда чиқасиз. Масалан, кўпинча ёмон қайнона ролини ижро этасиз. Айтинг-чи, бу роллар ўзингизга қандай таъсир қилади?
- Ҳамма шу саволни беради. "Салбий ролни ўйнаганда қийналасизми?", "Ўзингиз ҳаётда қандай онасиз?" каби саволларни кўп эшитаман. Ростини айтсам, салбий ролда чиқиш қийин. Виждоним қийналади. Лекин ибрат учун ўйнайман. "Зора, келинлар, қайноналар бундан ибрат олишса..." деган ўйда образ талқинига киришаман.
- Ўзингиз ҳам келин бўлгансиз. Айни пайтда қайнонасиз. Шу ўринда, аёллик бахти хусусига тўхталсангиз?
- Аёллик бахти - бу инсон умрининг гултожиси. Аёл бахтли бўлса, олам мунаввардир. Аёл - жамият таянчи. Унинг оиладагина эмас, жамиятда ҳам ўрни катта. Бугун у эл юмушини бажаряпти, давлат сиёсатини амалга оширяпти, ўз илми, салоҳияти билан мамлакат ривожига улуш қўшяпти.
Энг муҳими, аёл - бу она! Унинг оналик мақомига ҳеч нарса тенг келолмайди. Шу боис, аёл - келажак асосчиси ҳам. Фарзанд тарбиялаб, уни комил инсонлар қилиб жамиятга қўшган аёлки бўлса, бахтлидир.
- Кези келганда, оилангиз хусусида ҳам икки оғиз сўз эшитсак?
- Мен бу борада фахрлансам арзийди. Чунки ҳаётда бахтимни топган аёлман. Турмуш ўртоғим билан институтда бирга ўқидим, бир театрда ёнма-ён 35 йил ишладим, шунча йил ҳаётда бирга яшадим. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Улуғбек мукофоти лауреати Саъдулла Нарзуллаев менга чин маънода садоқатли ёр, яхши дўст, оилапарвар инсон, фарзандларга меҳрибон ота эдилар. У кишини Аллоҳ раҳмат қилсин, орамиздан эрта кетдилар.
Аммо ундан бетакрор ижро этилган роллар, яхши инсоний фазилатлар бизга мерос қолди. Уч қизни узатиб, 3 набирали бўлдик. Фарзандлар камолотида оталарининг умри давом этади, деб ўйлайман.
- Андижон аҳлига, хотин-қизларимизга тилакларингиз?
- Мен ота қадрдон, она қадрдон юртим, юртдошларим билан фахрланаман. Андижон - бугун Ўзбекистон учун ифтихорли, ғурурли диёрга айланган. Ҳар гал ташриф қилсам, уни ўзгача қиёфада кўраман. Юртим кундан-кунга чирой очаётганидан қувонаман. Бу ҳам бўлса, андижонликларнинг омади.
Тилагим - юртимизга асло кўз тегмасин. Юртдошларим ҳамиша омадларини сақлаб яшашсин. Хотин-қизларимиз ҳаёти янада, фаровон бўлсин!
- Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!
Суҳбатдош: Маҳфуза НОРБОЕВА.
|