Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№19, 05.05.2011

Маслаҳатчилар ҳаётидан

БИЗДА БЕКОРЧИ ОДАМНИНГ ЎЗИ ЙЎҚ

- дейди шаҳрихонлик маслаҳатчи

МОМОХОН ОПА ҚОРАБОЕВА.

Момохон опани маҳаллага бориб сўрасангиз, "Ҳозиргина шу ерда эди, бир муҳим масала бўйича чиқиб кетган эди, ҳозир қайтади", - деган жавобни эшитасиз. Шунда билингки, маслаҳатчи жиддийроқ муаммони ҳал этаётгани аниқ.

Очиғи, шаҳрихонлик бу тиниб-тинчимас аёл ҳақида кўп эшитганман. У киши билан бир кун бирга юриб, айрим воқеаларни кўриб, маҳалла маслаҳатчиси деган оғир, масъулиятли вазифани сидқидилдан уддалаётганига ҳавас қилдим.

Момохон опа Қорабоеванинг асл касби ўқитувчи. 32 йил Шаҳрихон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида ўқитувчи, директор ўринбосари, директор бўлиб фаолият кўрсатган. 2004 йилдан буён шаҳардаги "Бувайдо" МФЙ маслаҳатчиси.

Опа бу вазифага киришган дастлабки кунлариданоқ маҳалла ободончилиги, хонадонлардаги саранжом-саришталик, оилалар мустаҳкамлиги, хусусан, ажримларнинг ҳамда шу ҳудуддаги мактаб ўқувчилари ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу ниятда МФЙ раиси Толибжон Мўминов, маҳалла фаоллари Муҳаббатхон Маҳкамова, Ҳадичахон Мадаминова, Дилоромхон Мадраҳимова сингари онахонлар билан кенгашиб, қилинажак иш режаларини тузиб олди.

Қувонарлиси, ушбу ҳудудда неча йилдирки, оилавий ажримлар қайд этилмаяпти. Вояга етмаганлар жиноятчилиги эса бу маҳалла учун бегона. Гузарлар обод, йўл четларига ҳар баҳорда янги-янги кўчатлар ўтқазилиб, гуллар экилади.

Чин маънода ўз маҳалладошларининг маслаҳатчисига, яъни, энг яқин маслакдоши, суянчиғига айланган Момохон Қорабоеванинг иш куни кеча-ю- кундуз давом этади, десак ишонаверинг. Боиси, опа ҳаётини, иш фаолиятини энг аввало, аҳил ва қадрдон маҳалласисиз тасаввур қила олмайди.

- 5250 нафар аҳоли, 598 та хонадон, 686 та оиланинг қувончу-ташвишига бирдай шерик бўлиш, керак пайтида ёрдам бериш баробарида уларнинг иссиқ-совуғидан бохабарлик сингари хайрли иш менга куч беради, - дейди опа. - Аввало, рўзғордаги камчилик аёлга сезилади. Агар у ишлаб, жамиятда ўрни борлигини ҳис этса, оиланинг камчиликларини бутлашга ҳаракат қилади.

Мен шуларни ҳисобга олиб маҳалламиз аёлларини иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратдим. Мўминахон Ҳолиқова, Фаридахон Раҳимова, Ферузахон Ҳолиқова сингари тикувчи аёлларимизга уйда ўтирган ишсиз хотин-қизларни бириктириб қўйдик. Ҳозир уларнинг ҳар бирини 15-20 нафардан шогирдлари бор. Уйларида аёллар пальтосини тикишади. Латофатхон Темирова ва Оминахон Абдуллаевалар ҳам устоз-шогирд йўналишида эркаклар дўпписини тайёрлайдилар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, маҳалламизда бекорчининг ўзи йўқ.

Момохон опа 2221 нафар аёлнинг яшаш шароити, нима иш билан машғуллигини яхши билади. Уларнинг феъл-атворига қараб муомала қилади. Йўриғига солади. Бу борада нуроний онахонлар билан ёшларнинг давра суҳбатларини ташкил қилмоқда.

Шунингдек, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, фаоллар билан бўлган давра суҳбатларидан аҳолининг тиббий ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилади.

Тўй-тўркин, маърака-маросимларда ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмаяпти. Дастурхончилар Муҳаббатхон Мадраҳимова, Ўринхон Рўзиева, Дилоромхон Тожибоева, Мавжудахон Ғофурова, отинойилар Ҳимоятхон Қурбонова, Дилоромхон Ҳожиматова, Дилбархон Ўлмасоваларнинг хатти-ҳаракати билан ортиқча олди-бердилар йўқ қилинди.

Халқимизнинг энг гўзал қадриятларидан бири, бу ориятни баланд тутишдир. Бунинг учун эса оилада соғлом муҳит ҳукм суриши, инсон ўзининг қадрланаётганини, кимларгадир кераклигини ҳис этиб яшаши керак. Момохон опа Қорабоева маҳалла аҳли учун ана шундай соғлом муҳитни яратишга ҳаракат қилади.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди