№19, 05.05.2011 Жараён
САЙЛОВ ҚОНУНИЙ ТАМОЙИЛЛАР АСОСИДА ЎТКАЗИЛАДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2011 йил 31 мартдаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини тайёрлаш ва ўтказиш тўғрисида"ги қарорига асосан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови шу йил май-июнь ойларида бўлиб ўтади.
Ушбу ижтимоий-сиёсий тадбирни муваффақиятли, қонуний тамойиллар асосида ўтказилишини таъминлаш борасида вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Фаридахон Араббоева билан суҳбатда бўлдик.
- Мазкур сайловнинг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги аҳамияти хусусида тўхталсангиз?
- Мамлакатимизда кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш жараёни кечаётган бугунги кунда маҳалла тизимининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва роли катта. Маҳалла - фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини. Қолаверса, фуқароларнинг ўзини-ўзи бош-қариш институти сифатида ҳам алоҳида мавқега эга.
Маҳалла ўз фаолиятида одамларнинг ўй-фикрлари, орзу-истаклари ва манфаатларини ифодалайди. Барча ишлар ана шу муқаддас маскандан бошланади. Маҳалла қадимдан тарбия ўчоғи, одамларни ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик асосида турмуш кечиришларини таъминловчи гўша ҳисобланган.
Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар, кўпни кўрган нуронийлар маҳалладаги барча ишларни, маросиму тўйларни бошқарганлар. Маҳалла аҳлига барча масалаларда йўл-йўриқлар, маслаҳатлар берганлар. Ҳар бир оиланинг тинч-тотувлиги, ҳар бир кишининг одоб-аҳлоқи, ҳулқи, юриш-туриши маҳалла катталари томонидан назорат қилинган ва бошқарилган. Шу маънода айтиш мумкинки, маҳалла мазмун ва моҳиятига кўра халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари улуғланадиган ўзига хос тарбия ва бош-қарув маскани ҳисобланади.
Маҳалла фаолиятининг ана шу ўзига хос жиҳатлари ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, маҳалла томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан яқин муносабатини таъминлаш, аҳолини аниқ мақсад сари йўналтириш орқали маҳаллани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, маҳалла мақомини юқори босқичга кўтаришда мазкур сайловнинг аҳамияти каттадир.
- Маҳалла раиси, маслаҳатчиси лавозимларига номзодлар саралашда нималарга асосий эътибор қаратилади?
- Маҳалла раиси ўша ҳудуднинг юз-кўзи, обрўси ҳисобланади. Шу боис ҳам фуқаролар йиғини раиси бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, билимдон, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини эргаштира олиш қобилияти бор инсон бўлиши керак.
Айтиш жоизки, бўлажак сайловларда маҳалла йиғини раиси лавозимига муносиб номзодлар сайлансагина, маҳалланинг нуфузи янада ортади. Сайланадиган маслаҳатчилар ҳам эл-юрт иши учун фидойи, ҳалол-пок, тўғрисўз кишилар бўлиши керак.
- Айни кунда сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
- Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ўтказишга кўмаклашувчи 2 та шаҳар, 14 та туман комиссияси ҳамда 866 та маҳалла, 94 та қишлоқ ва 6 та шаҳарча фуқаролар йиғинларида, жами 966 та ишчи гуруҳлари тузилди. Улар қонунлар доирасида белгиланган режа асосида фаолият олиб бормоқдалар. Комиссиялар ва ишчи гуруҳларига тўлақонли фаолият олиб боришлари учун зарур иш шароитлари яратиб берилди, тегишли қўлланмалар билан тўла таъминландилар.
Комиссия ва ишчи гуруҳлари аъзолари томонидан олиб борилаётган ишлар сайловларга оид амалдаги қонунлар доирасида олиб борилмоқда. Аввалги сайловларда тўпланган тажрибалардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳлари таркибига маҳаллада, кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган, билимдон, ташкилотчи, кимнинг қандайлигини яхши биладиган фаол кишилар киритилди.
Айни кунда вилоятда бўлажак сайловга тайёргарлик қизғин паллага кирди. Жойларда сай- ловолди тушунтириш ва тарғибот ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар туман ва шаҳар комиссиялари раислари, ўринбосарлари, ишчи гуруҳлар раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида кўплаб семинар-йиғилишлар ўтказилди.
Сайловни ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар аниқ ва пухта амалга оширилмоқда. Вилоятимизда мазкур сиёсий жараён юқори савияда, уюшқоқлик билан ўтказилади.
Суҳбатдош:
Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ.
|