№19, 05.05.2011 Иқтидорли ёшларимиз
ИНТИЛГАНГА ТОЛЕ ЁР
Президентимиз томонидан ёшлар спортига катта эътибор берилмоқда. Шундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда ёшларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Бунга мисол қилиб, Андижон кичик ва ўрта бизнес коллежи талабаси Гуласалхон Абдувоҳидовани олсак, муболаға бўлмайди. Айни пайтда ҳуқуқшунослик бўлимининг 2- босқичида таҳсил олаётган бу спортчи қизнинг спортга бўлган иштиёқи 5 ёшидан бошланган. Онаси Гулнорахон Абдувоҳидованинг таъкидлашича, беш ёшли қизалоқ "мен келажакда зўр спортчи бўламан" деганида, онаси унинг жажжи қўлларидан етаклаб, каратэ машғулоти ўтказиладиган клубга олиб борган. Ўшанда Гуласалнинг келажакда спортда танилиб, Ўзбекистон чемпиони бўлиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз?
Ҳа, Гуласалхон спортсевар қиз. У уч йилдан буён спортниг кик - боксинг йўналиши бўйича "Алпомиш" спорт клубида шуғулланиб келмоқда. Бир неча бор ҳудудларда ва вилоятда ўтказилган спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллади.
Мураббийлари Тўлқинжон ва Бобуржон акалар бу қизимиздаги истеъдодни кўриб, келажакда ундан жаҳонга танилган спортчи етишиб чиқишига ишонч билдирмоқдалар. Чунки у мураббийлари ишончини қозонмоқда. Масалан, навбатдаги мусобақада ҳам мураббийларининг ишончини оқлаб, 7-10 апрель кунлари бўлиб ўтган спортнинг "SEMIKONTAK" йўналиши бўйича Республика чемпионатида фахрли 1-ўринни эгаллади ва олтин медаль соҳиби бўлди. Дарвоқе, "Алпомиш" спорт клубидан моҳир спортчилар етишиб чиқмоқда. Жумладан, Достонбек ва Аббосбек Турсуновлар, Исломбек Рўзиев, Нозимжон Тожибоевлар бунга мисолдир. Улар 21-24 апрель кунлари Тошкентдаги "ЖАР" спорт комплексида бўлиб ўтган кик-боксинг бўйича республика очиқ турнирида фахрли ўринларни эгаллаб қайтишди. Бу спортчиларни мусобақага моҳир тренер Бобуржон Тошматов тайёрлади.
Шаҳринисо ҚОРАБОЕВА,
коллеж бошланғич хотин-қизлар комиссияси раиси.
|