№19, 05.05.2011 9 май - Хотира ва қадрлаш куни
ЁҚИМТОЙ ВА СУЛУВ ЭДИ...
"...Ҳаёт - узоқ сафар. Бу сафарда тойиб кетмагин".
Қаердадир ўқиганим ушбу сўзларга авваллари унчалик эътибор бермагандим. Дилдош шоира дугонам - Робияхонни мангу сафарга кузатгандан сўнг ички изтироб билан кўп бор шу сатр-ларни ёдга олдим. Ҳа, дугонам ҳаёт аталмиш сафарда ногоҳ тойиб кетди. Узоқ йиллик юрак хасталиги уни тойдирди.
"-...Эсимда, 16-17 ёшларда эдим. Касалхонада даволанаётгандим. Тасодифан шифокорларнинг ота-онамга айтаётган гапларини эшитиб қолдим. "Биз қўлимиздан келганча ҳаракат қилаверамиз. Аммо қизимиз узоғи билан яна 5-10 йил яшаши мумкин, холос...
Ишонсангиз, ўшанда шунақа ғалати ҳолатга тушганман-да. Кейин ички бир қайсарлик билан ўзимга-ўзим сўз бердим: "Мен Худо хоҳласа, узоқ яшайман!" Сўнгра ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқим шу қадар кучайиб кетдики, қўяверасиз. Мана, ўша иштиёқ билан ҳали ҳам яшаб юрибман..."
Робияхон бу сўзларни юзлари тўла кулгу, мамнунлик билан айтганди. Худди ўша кунлари у ёлғиз ўғли - Умиджонни уйлантириб, қайнона бўлганди. Ўзи айтганидек, Робияхоннинг ҳаётга бўлган иштиёқи жуда кучли эди. Асли касби агроном бўлгани учун туман уруғчилик назорати идораси - "Агрокимёлаборатория"да раҳбарлик вазифаларида ишлади. Баҳор, ёз, куз демай, хаста юрак билан дала кезарди. Экин майдонларидаги ҳосил ҳолатини кўздан кечириб, офтобда қорайиб қайтарди.
Гоҳида "Янги шеър ёздим, эшитасизми?" деб қоларди. Сўнг ҳамма нарсани унутиб, шеърхонлик қилардик. Робияхоннинг деярли барча шеърларининг илк ўқувчиси - мен эдим....
Туман радиосида ишлаётган кезларим. Бир куни Робияхоннинг шеърларини эфирга узатиб эшиттирдим. Эртаси эрталаб ишга келсам, эшигим олдида кекса бир отахон турибди. Кўзларида ёш.
- Кечаси билан ухлай олмадим, қизим. "Қизғалдоқлар" шеърини яна эшитай, деб келдим.
Отахонга шеърни ўқиб бердим:
...Баҳор келиб уйғонар борлиқ,
Болалар-чи, уйғонмас бироқ.
Тўртта қабр, беғубор, илиқ,
Униб чиқар лолақизғалдоқ...
Гўдаклар фожиасига бағишланган бу шеърни тинглаб, отахон кўзларида ёш билан "Раҳмат" деб, чиқиб кетганди.
2000 йилда "Ҳаёт" нашриётида Робияхон Сатторованинг "Қўмсаш" номли шеърий тўплами чоп этилди. Китоб тақдимоти Булоқбоши қишлоғида ўтказилди. Бир ажойиб тадбир бўлганди, ўшанда.
"Иккинчи китобимнинг тақдимотини энди Жалақудуқда ўтказамиз-а, ўртоқ?" - деганди. Афсуски, Робияхоннинг бу орзуси армонга айланди...
Жарроҳлик столига ётишга шунчалар шошилдики, гўё юрагини операция қилдирса, батамом соғайиб кетаман, дея ишонарди. Пойтахтда операция қилдирди. Сўнгги бор кўрганимда ёқимтой, сулув дугонам оғир хас-талик туфайли анча сўлиб қолган экан...
...Вафотидан олдин аста-аста юриб, хонамга кириб келди. Қувониб кетдим.
- Наҳотки, ўзингиз юриб келган бўлсангиз? - дедим уни маҳкам қучоқлаб.
- Бир неча кундан буён сизнинг ёнингизга келиш учун куч тўпладим. Ўз оёғим билан юриб, таҳририятга келишни шундай орзу қилгандимки...
Робияхон туғилган қишлоғини қўмсаб, бир шеърида "Булоқбоши тушимга кирар" деб ёзганди. Бугун унинг ўзи бизларнинг тушимизга кираётир...
Ардоқли шоир Муҳаммад Юсуф ёзганидек, шоирларнинг, ижод аҳлининг мозори бўлмайди. Улар уни соғинган кўнгилларда мангу яшайверадилар...
Раҳимахон
АБДУРАҲМОНОВА.
|