№19, 05.05.2011 УНУТМОҚ ОСОНМАС ...
Юрак йиғлар, зирқирар
жону-танам,
Илондайин кемирар
жисмимни алам,
Оҳ чекаман, Аллоҳга етмайди
нолам,
Қаторидан хато бўлган
болам-а!
Бу дардли сатрлар кимнинг фарёдию, кимнинг оҳу-фиғони, деб ўйларсиз? Ҳа, бу фарзанди учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган мендай онанинг фарёди! Бундан олти йил муқаддам 45 ёшли, қадди-қомати келишган, хушрўй, хушмуомала, меҳрибон ўғлидан айрилиб қолган онаизорнинг фиғонидир!
Мен Хакан қишлоғида туғилиб-ўсганман. Ўғил- қизларимни вояга етказиб, уларни эл хизматига сафарбар қилдим. Йигирма уч нафар невара, тўрт нафар чеваранинг бувижонисиман. Аммо ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа, деб бежизга айтишмаган. Менинг тўнғич фарзандим, юрагимга яқини, укаларига етакчи Ботиржоннинг бевақт ўлими бир дардимга минг дард қўшди. Ахир, ҳар қандай она фарзандлари учун яшайди, фарзандлари учун керак бўлса, ўлиб-тирилишга ҳам тайёр.
Ботиржон ўғлимнинг болалигидаёқ қадамлари дадил, чаққон, қарашлари теран эди. Кўзларининг меҳр билан чақнаб туриши, тили чиққандаёқ сўзларни дона-дона айтиши-ю, бурро-бурро гапириши, уч-тўрт ёшга етганда "мактабга қачон бораман?" деб кўчадан ўтиб бораётган ўқувчи болаларга ҳавас қилиб, эргашиши, укалари йиғласа столга аста-аста муштлаб, "жимм-жимм" деб ёлғондакам пўписа қилишлари кечагидай ёдимда.
Дарҳақиқат, бўладиган бола бошидан билинади, дейишади. Ботиржоннинг болалигиданоқ катта одам бўлиши, уддабурон раҳбар ва масъулиятли инсон бўлиб етишиши маълум эди.
У мактабда тартибли, интизомли, озода ўқувчи, укалари Муҳаббатхон, Қаҳрамонжон, Барнохон, Баҳодиржон, Донохон ва Шуҳратбекларга эса меҳрибон ва ғамхўр ака бўлди. Мактабни олтин медалга битириб, Андижон тиббиёт институтига имтиёзли равишда қабул қилинди. Зукколиги, талабчанлиги, интилувчанлиги, фаоллиги сабаб гуруҳ етакчиси этиб сайланди. Ботиржон ўқиш давомида ҳам ўзининг ҳушхулқи, илмга чанқоқлиги, жамоат ишларидаги фаол иштироки туфайли тез кунда устозларининг назарига тушди, институтда ҳам ўз ҳурматига эга бўлди. Бизнинг розилигимиз билан фарғоналик курсдоши Зумрадхон билан турмуш қурди. Ўқишни битиришгунча фарзандли ҳам бўлишди.
Ботиржонни институт йўлланмаси билан Фарғона тўқимачилик комбинатига ишга юборишди. У пайтларда комбинат вилоятнинг энг йирик корхоналаридан бири бўлиб, унинг тиббий-санитария қисми ва шифохонаси қарийб ўн минг ишчига хизмат кўрсата оларди. Ботиржон турмуш ўртоғи - келиним Зумрадхон билан шу ерда оддий шифокорликдан иш бошлади.
Болажонимнинг ишчанлиги, унинг юқори лавозимларга кўтарилишига сабаб бўлди. У узоқ йиллик иш фаолияти давомида шу шифохона бўлим мудири, Қувасой шаҳар марказий шифохонаси бош врачи, Фарғона шаҳридаги 3-шифохонада бош шифокор лавозимларида фидокорона меҳнат қилди. Қайси вазифада ишламасин, ўз ишини сидқидилдан бажарди, ўзини эмас, кўпроқ беморларни ўйлади. Уйқусиз тунларини эса ўша-унга кўзлари нигорон бўлиб, шифо излаб келган одамларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, даволаш учун сарф этди. Бир сўз билан айтганда, у касбига содиқ бўлди. Шунинг учун ҳам жамоада унинг ҳурмати баланд эди. Унинг бевақт ўлимидан қайғурганлар кўп бўлди. Чунки Ботиржон сингари яхши инсонлар ҳар куни туғилавермайди, қисқа умрини халқига инъом этган шифокорлар ҳамиша ҳам топилавермайди.
Ботиржон нафақат беморларининг, балки оиламизнинг ҳам шифокори эди. У Фарғонадан Андижонга келганда биз билан дийдорлашар экан, энг аввало, соғлигимизни назорат қиларди.
2005 йилнинг 8 октябрида, 45 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Аммо унинг ўтган умри беиз кетмади. Хотираси қалбимизда абадий муҳрланиб қолди. Фарзандлари отасининг руҳини ўз меҳнатлари, фидойиликлари билан шод қилади, деган умиддаман.
Ботиржон сингари инсонлар ҳеч қачон унутилмайди. Чунки уларни унутиш осон эмас...
Сурмахон ИСРОИЛЖОН қизи,
Андижон тумани, Хакан қишлоғи.
|