№20, 12.05.2011 МУҲАББАТ СИНОВЛАРИ
ИШҚ ҚУРБОНИГА АЙЛАНГАН ОШИҚ
Зебуннисо бегим милодий 1639 йил, февраль ойида туғилган. Унинг отаси Аврангзеб (1618-1707) ёшлигиданоқ диндорлиги билан ном чиқарган эди. Аврангзеб Қуръонни ёд билар, талайгина шеърларни ёддан ўқир эди. Шундай бўлса-да, қаттиққўл, бировнинг ҳақидан хазар қилмайдиган, қон тўкишни оддий бир зарурат деб биладиган тошбағир бир киши эди.
Зебуннисо бегим ўз замонасининг фозила аёлларидан Ҳафиза Марям Бону қўлида савод чиқарган. Отаси Зебуннисонинг шоирлик истеъдодини пайқаб, унга ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Ашраф Исфаҳоний ва Мулла Жевонни муаллим қилиб тайинлайди. Зебуннисо бегим забардаст шоира, етук олима, уста танбур чертувчи созанда ва моҳир ҳаттот бўлиб етишади.
Зебуннисо бегим олимларга, шоирларга ва санъат аҳлларига ҳомийлик кўрсатиб, уларга маош тўлаб турган. Зукко олима, хассос шоира бўлмиш Зебуннисо бегимга умр йўлдош бўлишни истаган кишиларнинг сон-саноғи бўлмаган. Бироқ, Зебуннисо бегим уларнинг ҳеч бирини ўзига муносиб кўрмаган. Зебуннисо бегимга илҳақ бўлганларнинг аксарияти шаҳзодалар, амирзодалар, беклар ва йирик мулкдорлар бўлган. Ўз замонасининг шоирларидан ҳам Зебуннисо бегимга умр йўлдош бўлишни орзу қилганлар кўп бўлган.
Зебуннисо бегим ёшлигида Оқилхон Розий исмли шоиртабиат бир йигитга кўнгил қўяди. Оқилхон Розий ҳам Зебуннисо бегимга ишқий мисралар йўллаб турган. Шоҳ Аврангзеб ошиқ-маъшуқнинг махфий учрашувларидан хабар топгач, уларни таъқиб остига олади. Кунлардан бир куни Зебуннисо бегим билан Оқилхон Розий боғда учрашиб турганларида боққа шоҳ Аврангзеб кириб келади. Ошиқ-маъшуқлар дарҳол ўзларини панага оладилар. Оқилхон шоҳнинг ғазабидан чўчиб, беркиниш учун панароқ жой излайди. Иттифоқо, боғнинг бир четидаги ўчоққа ўрнатилган катта дошқозонни кўриб
қолବди. Оқил¬хон дарров шу қозон ичига тушиб олиб, устидан қопқоғини ёпиб олади. Албатта, унинг бу шошилинч ҳаракатини шоҳ Аврангзеб пайқаб қолади. Шоҳ Зебуннисо бегимни боғдан чиқариб юборади ва тўғри юриб келиб, дошқозон устига чиқади. Баковулни чақириб, ўчоққа ўт ёқишни буюради. Ўчоққа олов ёқилгач, қозон қизийди. Қопқоқ оғзидан жизғанак хид билан тутун чиқади-ю, аммо ҳеч қандай нидо чиқмайди. Аврангзеб қопқоқ устидан тушиб, баковулга қозон қопқоғини очишни буюради. Қопқоқ очилгач, қозон ичида Оқилхоннинг ярим қорайган жасади кўринади.
Оқилхон Розий Зебуннисога қуйидаги ғазални ўқиган экан:
Баъдаз мурдан зи жафои ту агар
ёд кунам,
Аз кафан даст берун орам ва
фарёд кунам.
Мазмуни: агар сенинг жафоларингни эсласам, ўлганимда ҳам кафандан қўлимни чиқариб, фарёд чекаман.
Оқилхоннинг ўлимидан сўнг Зебуннисо қалбида янги ёр учун ўрин қолмайди. У поёнига етмаган ишқий достонини куйлаб ўтади.
Зебуннисо бегим ўзи ҳақида камтарлик ила қуйидаги мисраларни ёзган:
Ҳар матоеро харидора аст дар
бозори ҳусн,
Пир шуб Зебуннисо ўро харидоре
ношуд.
Мазмуни: Ҳусн бозорида ҳар матога бор харидор, аммо Зебуннисо қариди-ю, унга харидор топилмади.
"Олами Ислом"да ёзилишича, шаҳзодалардан бири Зебуннисо бегимнинг ҳусн-латофатда танҳолигини эшитиб, уни ғойибона севиб қолади. Шоиранинг фироғида куйиб, ошиқона ғазаллар ёзиб, улардан бир мисрасини Зебуннисо бегимга юборади:
Туро, эй гулбадан, бепарда дидан
орзу дорам,
Латофатҳойи ҳуснатро расидан
орзу дорам.
Мазмуни: Эй гулбадан, сени пардасиз кўриш, ҳусну латофатларингга етишиш орзусидаман.
Бунга Зебуннисо бегим қуйидагича жавобни ёзади:
Булбул аз гул бигузарад гар дар
чаман бинад маро,
Бутпарасти кай кунад гар барахман
бинад маро.
Дар сухан пинҳон шудам монандибў
дар барги гул,
Майли дидан ҳарқи дорад, дар суҳан
бинад маро.
Мазмуни: Агар булбул мени чаманда кўрса, гул баҳридан кечарди, агар бараҳманни кўзи менга тушса, бутга сажда қилмасди. Гул ўз ҳидини япроқларига яширгандай, мен ҳам сўзда яширинганман, кимнинг хоҳиши кўрмоқ бўлса, мени сўзда кўрсин.
Бу Зебуннисо бегимнинг шаҳзодага берган моҳирона жавоби эди.
"Муҳаббат шароби" китоби асосида
У.АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.
|