№21, 19.05.2011 "ОБОДЛИК КЎНГИЛДАН БОШЛАНАДИ"
АНА ШУНДАЙ ШИОР ОСТИДА 21 МАЙ КУНИ АНДИЖОНДА ФЕСТИВАЛЬ БЎЛИБ ЎТАДИ
Истиқлол шарофати билан юртимизнинг ҳар бир гўшасида, жумласидан, вилоятимизда ҳам ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳамда маънавий соҳаларда жуда катта ишлар амалга оширилди.
Андижонликлар мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллик тўйини муносиб кутиб олиш, ушбу қутлуғ санага бағишлаб, вилоятнинг барча ҳудудларида улкан бунёдкорлик ишларини олиб бордилар. Айниқса, қурилиш, ободонлаштириш борасида қисқа муддат ичида бажарилган ишлар ҳар қанча таҳсинга муносибдир.
Бугунги Андижоннинг, айниқса, Андижон шаҳрининг қиёфаси бундан 20 йил аввалги Андижондан тубдан фарқ қилади. Шаҳримиз жамоли, кўрки, бетакрор гўзалликлари ҳар қандай кишини ҳайратга солиши аниқ.
Халқимизда "Тўйга тўёна билан" деган ҳикмат бор. Меҳмондўст, самимий, очиқкўнгил, ташаббускор ва меҳнаткаш андижонликлар Истиқлол байрамига тўёна сифатида "Ободлик кўнгилдан бошланади" шиори остида фестиваль ўтказаётганликлари ҳам андижонча ташаббуснинг ўзига хос бир намунасидир.
Шу куни шаҳардаги янги барпо этилган "Ўзбекистон" кўчасида Гуллар байрами, Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида Ёшлар фестивали, Боғи Бобурда Палов дамлаш танлови ва кулгу кечаси ҳамда Амфитеатрда фестивалнинг якунига бағишланган театрлаштирилган мусиқали шоулар бўлиб ўтади.
Фестиваль доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳам қатор тадбирлар ўтказилади.
"Обод юртда эъзоздадир аёл" мавзусида бўлиб ўтадиган республика илмий-амалий конференциясида республикадаги барча вилоятлар хотин-қизлар қўмиталаридан вакиллар қатнашадилар. Улар фестиваль доирасидаги тадбирларда иштирок этиш билан бирга, вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаолияти, қўмита қошидаги марказ ва уюшмалар томонидан олиб борилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишадилар, ўзаро тажриба алмашадилар.
Конференцияда республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган олима аёллар хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни хусусида фикрлашадилар.
Мухтасар қилиб айтганда, шу куни Андижонда тўй, катта тантана. Қувончимизга шерик бўлиш ниятида ташриф буюрган барча меҳмонларга ҳуш келибсиз, деймиз. Андижон аҳлини мустақиллигимизнинг 20 йиллиги арафасида ўтказилаётган ушбу тантана билан муборакбод этамиз.
|