№21, 19.05.2011 БИЗНИНГ СУҲБАТ
ОРОМГОҲЛАР МАВСУМГА ШАЙМИ?
Ҳар бир фаслнинг ўзига хос таровати ва гўзаллиги бор. Лекин ёзнинг гашти ўзгача. Айниқса, болажонлар учун интиқ кутиладиган бу ғаройиб фаслнинг унутилмас кечинмалари уларга бир дунё ҳайрат ва ҳаяжон бағишлайди.
Бугун ушбу бетакрор мавсумни кўнгилли ўтказиш учун вилоятимиз оромгоҳларини соғломлаштириш мавсумига тайёрлаш бўйича қандай ҳозирлик кўрил-япти? Шу хусусда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси раисининг ўринбосари Гулнорахон Абдуллаева билан суҳбатда бўлдик.
* * *
- Ёз мавсумида меҳнаткашларнинг фарзандларини соғломлаштириш ва дам олишини ташкил этиш қай тартибда амалга оширилади?
- Бу йил болаларнинг ёзги таътил даври ўзига хос мазмунли бўлишига янада, кенгроқ эътибор берилди. Оромгоҳларнинг ўз вақтида сифатли таъмирланиши, зарур жиҳозлар билан таъминланиши борасида доимий назорат ишлари олиб борилди. Айниқса, ҳар бир оромгоҳга вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари, фермерлар ва хусусий фирмалар хомийликларини айтиш ўринли. Шунингдек, жойлардаги касаба уюшмалари ташкилотларининг фаоллиги натижасида вилоятимиздаги жами 60 та оромгоҳ мавсумга шай аҳволга келтирилди. - Мавжуд оромгоҳларнинг 19 таси шаҳар четида, 41 таси кундузги тартибда иш олиб боради.
- Болалар лагерларида қанча бола дам олиши мўлжалланмоқда?
- Оромгоҳларда жами 19 минг 330 нафар болалар, шулардан 9 минг 930 нафари шаҳар четидаги, 9 минг 400 нафари мактаб қошидаги кундузги оромгоҳларда дам олиши режалаштирилган.
- Болаларни ҳар томонлама кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун қандай шарт-шароитлар яратилган?
- Аввало, оромгоҳлардаги барча бинолар сифатли таъмирланиб, қаттиқ-юмшоқ инвентарлар, ошхона анжомлари, тиббий, маданий ва бошқа жиҳозлар билан таъминланмоқда. Тиббий пункт, маънавият ва маърифат хонаси, кутубхоналар янги адабиётлар билан тўлдирилишига эришмоқдамиз. Шунингдек, жойларда маҳаллий ҳокимликлар, шаҳар, туманлардаги таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда оромгоҳларга мавсум давомида фаолият кўрсатиш учун етарли тажрибага эга, малакали педагог, тиббиёт, ички ишлар ва бошқа ходимлар жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
- Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 20 йиллигига белгиланган маънавий, маърифий тадбирларнинг ташкил этилиши ҳам ўзига хос бўлиши табиий.
- Албатта. Оромгоҳларда "Камолот" ЁИҲ, "Маҳалла" жамғармаси, халқ таълими, маданият ва спорт ишлари бўлимлари билан ҳамкорликда санъат фестиваллари, спорт тадбирлари, таниқли инсонлар билан учрашувлар, кечалар ташкил этиш, турли тўгараклар, ижодиёт марказларини оромгоҳларга кўчириш орқали болаларни мазмунли дам олишларини таъминлашга ҳаракат қиламиз.
Суҳбатдош:
Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.
|