№21, 19.05.2011 18 МАЙ - ХАЛҚАРО МУЗЕЙЛАР КУНИ
"ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ-ТАРИХНИ БИЛИШДАН БОШЛАНАДИ"
Ўзинг яшаётган жойнинг яқин-йироқ тарихини, юксалиш йўлларини билишга ким ҳам қизиқмайди, дейсиз? Табиийки, бунга ҳамма қизиқади. Бу қизиқиш ўтмишдан узоқлаша борганимиз сайин кучая боради.
Айниқса, ёш авлод ким, қачон, қандай яшаганлигини, нима сабабдан кураш олиб борганлигини билиши, буни чуқур ўрганиши зарур. Ҳолбуки, бу катта тарбиявий аҳамиятга эга. Боиси, юртбошимиз айтганларидек, "Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади". Яна, шунингдек, "Тарих маънавиятнинг асосидир", "Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб, ўзликни англаш мумкин эмас" каби пурҳикмат сўзлар ¬ҳам барчани тарихни ўрганишга қизиқтириши, шубҳасиз.
Шу маънода, юртимизда юзлаб музейлар фаолият кўрсатиб келаётганини айтиш ўринли. Музейлар инсонни ўтмиш ва келажак ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди. Чунки музейларда аждодларимиз босиб ўтган шонли йўл, улардан қолган бой тарихий мерос мужассам. Биргина Андижон вилоят ўлкашунослик музейининг Шаҳрихон филиали илмий бисоти фондида 11 мингдан зиёд ноёб осори, атиқалар сақланади. Шаҳрихон музейи 1966 йил 29 сентябрда ташкил этилган бўлиб, кишиларимизнинг тарихни ўрганиш илмий марказига айлантирилган.
Музейда қадимшунослик, амалий санъат, этнография, нумизматика, графика, ранг-тасвир, қўлёзма ҳужжат ва суратлар жамланган. Шулар асосида музей кўргазмалари ташкил этилган. Мана, 45 йилдан буён ушбу музей халқимизга маданий хизмат қилиб келмоқда.
Музейимизда турли мавзуларда ёшлар тарбиясига оид қизиқарли тадбир ва учрашувлар, кўчма кўргазмалар, экскур-сиялар ўтказиб туриш эса ёш авлод тарбиясини тўғри йўналтириш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлардандир.
Ҳар йили ўқув йили бошланганда ва ўқув йили якунида туманимизнинг ўқувчи ёшлари музейга саёҳат қилишади. Шу билан бир қаторда, ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини ёзиб қолдиришади.
Ушбу "Фикр ва мулоҳазалар" китобини варақлаган киши музейимизга ташриф буюрган олимларнинг, сайёҳларнинг ва ўқувчи талабаларнинг музейимиздан олган таассуротларини, дил сўзларини ўқийдилар. Айтиш жоизки, Шаҳрихон музейи доимо ҳар бир томошабин учун мисоли кўзгу бўлиб, хизмат қилаверади.
Эсонбой САРИМСОҚОВ,
музей мудири.
|