Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№21, 19.05.2011

МАЪНАВИЯТ САБОҒИ

КУЁВ БЎЛИШ ИЛМИ

Турсуной СОДИҚОВА.

Ўғлоним, сен бу муҳаббатлардан роҳатлан ва шу билан бирга бир ўктамлик қил: улар ўғилларига кўрсатмаган яхшиликларини сенга беряптиларми, сен ҳам гоҳ-гоҳида уларга ўғиллари қилолмаган мурувватлар кўрсат, қадларини кўтариб қўй. Аввало куёвдан ҳаргиз умидвор бўлинмайди, аслида эса улардан сенинг қарздорлигинг катта! Гулдай қизларини жонларидан узиб, умрбодга сенга бериб қўйдилар, унинг устига бир уй мол ҳам қўшиб бердилар, бу ҳам етмагандай, топганларини остонангга ташиганлари ташиган! Устига устак сени кафтларида тутишларини қара!

Ўғлоним, сенинг ҳам уларга мурувватпеша бўлишинг йигитчиликдандир!

***

"Улфатинг қарға бўлса, емишинг гўнг" деган гап бор. Куёв бўлган заҳотинг кўчадаги жойинг-ни бил, арзон жўраларни йиғиштир. Уйланиш - кўп қатори рисолага тушиш дегани, шу кунгача сен фақат ўз уруғ-авлодинг назари остида юрган бўлсанг, куёв бўлгач, энди сени кузатувчилар бутун бир авлодга кўпаяди. Юрт орасидаги юриш-туришинг билан на фақат ўзингнинг, балки қайнота-қайнонанг, қайинбўйинларинг шаънини ҳам ҳимоя қилиб юрасан ёки тескариси!

Шундай бўлиб олки, сенга улангач, қудаларнинг обрўсига обрў қўшилсин. Ҳаттоки, сенинг андишангни қилиб, ўзларининг айрим қусурларига чек қўйсинлар.

Бу - шарофатли куёв бўлганинг, ўғлоним!

***

Куёв бўлиш қаторга кириш демакдир. Энди маслаҳат овозига эгасан. Қуда тарафларнинг тўриси сеники. Ука-сингилларинг тақдири ҳақидаги маслаҳатлар сенинг иштирокингсиз ўтказилмайди. Энди маҳалладаги, қариндош-уруғ орасидаги фотиҳа лозим жойларга, жаноза маросимларига ўз номингдан қатнашишинг шарт. Тўйларга-ю, беморларни йўқлашга ота-онангдан ташқари, алоҳида соврин ва ўз тугунинг билан борасан. Таомил шундай.

***

Оила аъзоларинг олдида аёлингга ҳа деганда эътибор бераверма. Сўз қотаверма. Ташқарида, дўсту қадрдонларингнинг орасида жуфтингни таърифлама, у ҳақда гапиргинг келавермасин! Боиси, бир савол пайдо бўлади: тегрангда аёлингдан бошқа азизроқ одам йўқми? Улар таърифланишга арзимабдими? Ва ҳоказо. Оила мустаҳкамлигига қачон дарз кетади? Бошқаларни бир томонга суриб, ҳадеб бир кишини мақтайверишдан! Қолаверса, аёлингни парда ортида асраганинг, ориятингга ўраган гавҳарингдир. Ўз асраганини эса рисоладаги эркак ўртага солавермайди!

***

Ўғлоним, келин келгунча уйингдагилар учун бола эдинг, унча-мунчага сендан гина қилмасдилар. Куёв бўлган заҳотинг катта кишига қандай қарасалар, сени шундай тафтиш эта бошлайдилар: энди сен учун энг қалтис жой - оиланг, яқинларинг! "Рўзғор" деган хилқатнинг ҳеч қаерда ёзилмаган қонунлари, ҳукм ва жазолари бор. Кўпинча сенинг хатоларинг учун аёлинг жавоб беради. Эҳтиётсизлигинг боис, битта ўзинг бир неча кишига зиён етказасан. Бир жон сенга турмушга чиқиб фароғат кўрмоқчи эди, кўрсин! Ота-онанг сени уйлантириб орзу-ҳавасга эришмоқчи эдилар, эришсинлар! Ҳар бир ҳаракатинг ҳисоб-китоб-да, кўзингни оч, ўғлоним!

Кўчадан кираркансан, сўзинг билан ҳам, кўзинг билан ҳам аввал онангни изла, отангни зиёрат қил, аҳволларини сўра, сўнггина аёлингни кўр ва бо- лангга эътибор қил. Билгинки, ота-онангнинг битта иши қолган, у ҳам бўлса, кунда сенинг эсон-омон ишдан келишингни кутиш! Сен эса кела солиб, аёлингни сўрадинг ёки болаларингни ал-қашга тушдинг. Шугина хатоингнинг касрини кўр: кўзим тегмасин деб, сени ҳатто ўзидан ҳам қизғаниб ўтган она сени бутунлай эгаллаб олган келиндан қизғонмайдими?! Мувозанат бундан таранг тортади, қайнона-келин можаролари бошланади...

(Давоми бор).


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди