№21, 19.05.2011 ЙИҒЛАЁТГАН КЎНГИЛ
ҳикоя
- Аяжон, қаранг, мана бу гулингиз очилибди, - Руҳсора азбаройи хурсанд бўлганидан ирғишлаб юборди. - Неччи кундан бери кутаётгандик-а?
Иродахон маъюсгина кулимсиради. Қип-қизил бўлиб очилган гул унинг оғриётган қалбига малҳам бўлолмади.
- Энди буни янги уйга олиб кириб қўяйлик, аяжон! Меҳмонлар ҳам кўрсин... - Руҳсора онажонисининг паришонлигига ҳам эътибор бермай яна бийрон сўзлай бошлаганди, Иродахон осонгина рози бўлди: "Майли, қизим, обора қол..."
Қизалоқ чаққонлик билан катта гул тувагини кўтариб, уй ичига кириб кетди. Шу пайт Иродахон кўксини тўлдириб "уф" тортди. Кейин бетоқатланиб: "Ҳаво бирам дим... Яна ёмғир ёғармикин-а?" - деди.
Кўчадан кириб келган Омаджон онасининг ҳолатини дарров сезиб сўради:
- Ҳа, аяжон, бирор ерингиз оғрияптими?
- Нимагадир кўнглим ғаш... - Иродахон асл сабабини айтишдан қочиб, мужмал жавоб бера қолди. Кейин: "Майли, менга эътибор қилма, ўтиб кетади" - деб қўшиб қўйди.
Омаджон бироз ўйланиб турди-да: " - Майли, бўлмаса мен катта дадамларникига бориб келай? Уларга бирор гапингиз йўқми?" - деди.
- Йўқ... - деди-да, кейин бир нима ёдига тушгандай қўшиб қўйди: "Айтганча... бувингга кутган меҳмонлар келмас экан, деб айтиб қўйгин, ўғлим"
Иродахон бу гапни шунчалар қийналиб, ички оғриқ билан айтдики, вужуди гўё зирқираб кетгандай бўлди.
Унинг ҳаёлини бўлиб Омаджон: "Қанақа меҳмон, ая?.." - деб ҳайрон бўлиб сўради.
- Вой, болам-ей, борақолгин энди, кўп суриштирмай...
Иродахон ўғлини кузатиб қўйиб, ўзи ичкарига кирди-ю, дугонаси Гулбаҳор ёдига тушди. Дарров унга телефон қила қолди.
Иродахон Гулбаҳор билан сирдош. Ҳар қандай масалада у билан бемалол гаплаша олади. Бугун ҳам ташқарида кўришиб, кўнгил ёзишайлик, деб келишиб олди.
...Икки дугона шаҳар четидаги сўлим бир тамаддихонада кўришишди.
- Эҳ, Гулбаҳор, Гулбаҳор... Бошим қотди, - дея сўз бошлади Иродахон синиқ овозда. - Эримнинг умри қисқа экан, ўтди-кетди. Чидадим... Шу чоққача бирорта эркакни ёнимга йўлатмадим... аммо... Ёлғиз аёлнинг кўрган куни қурсин деб, энди шу эркакка кўнгил қўйиб, унга умримни баҳшида этай, десам... Мени у калака қилди, мазаҳ қилди!
Шундай деб туриб Иродахон йиғлаб юборди.
- Бўлди, ўзингни қўлга ол... Бўлди қил.
Гулбаҳор унинг елкасига аста қоқиб, тасалли берган бўлди.
Орага сукут тушди... Қанийди, вақтни ортга қайтарса-ю, ўша эркакни Иродахон учратмаган ва турмушга чиқишга рози бўлмаган бўлса, шунча кўнгил оғриғи бўлмасмиди? Атиги икки ой аввал ҳам ҳаёлида фақатгина шу икки фарзандини оёққа турғазиш, уларни ўқитиш, ўз тенгини топиб, уйлаб-жойлаш эди. Ҳаётида Адҳамжон пайдо бўлди-ю, ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди...
...Иродахон уйи яқинидаги мактабда ишлайди. Қизи Руҳсора ҳам катта қиз бўлиб қоляпти. Бу йил еттинчи синфга ўтади. Ўғли Омаджон эса рўзғорда эркак киши қўли билан қиладиган барча юмушларни бемалол бажарадиган бўлиб қолди. Кичиккина томорқасини боғ қилиб, икки бош қўйларни чиройли қилиб боқяпти-да.
Эҳтимол, эри раҳматли ҳаёт бўлганида эди, бу даражада қийинчиликларни бошидан кечирмаган бўлармиди? Ахир, болалар катта бўлган сари уларнинг ҳаражати ҳам кўпайиб бораверар экан. Тўғри, қайнонаси уларга ёрдам бериб туради, бир ёқдан ўз туғишганлари ҳам қараб туришмайди. Аммо барибир оилада эркак кишининг ўрни бошқа экан. Ҳадеб бошқаларга оғирини айтаверишдан ҳам тортинаркансан, одам.
Ҳатто қайнота-қайнонаси Иродахонга рухсат беришиб: "Болаларингиз ёш, агар бирор бир тенгингиз чиқса, бошқа турмуш қилинг, болам. Ўлган тирилиб келмайди, ҳаёт давом этаверади", - дейишганди.
Иродахон болалари кичиклигида бошқа рўзғор қилишни ҳаёлига ҳам келтирмаганди. Бироқ, улар катта бўлиб, оқ-қорани ажрата бошлашганда, катталар тўғри насиҳат қилишганини тушунди. Кейин "Бирон бир инсофли одам бўлса, мен унинг, у эса, менинг болаларимга бош бўлса..." деган ўй билан яшай бошлади.
Ана шундай иккиланишлар палласида дугонаси Гулбаҳорнинг эри уйда ўтириш қиладиган бўлиб қолди. Бунақа пайтда Иродахон дугонасиникига эрта тонгдаёқ етиб келиб, уларга қаралашиб юборади.
Бу сафар ҳам шундай бўлди. Икки дугона қўли-қўлига тегмай дастурхон тузашди.
Фозилжон уйга кириб уларга: "Жўрабошимизнинг икки учта шаҳарлик меҳмонлари ҳам келар экан, шунинг учун ул-бул нарсалардан алоҳида олиб қўйинглар. Сўраганимда берасизлар, - деб тайинлади.
- Хўп бўлади, поччажон, хавотир олманг. Сиз айтгандай қиламиз, - деди Иродахон кулиб.
- Сиз бор, биз бор-да, "қайнсингилжон"! Бўлмаса, дугонангиз ўралашиб, тўртта меҳмонни ҳам кузатолмайди.
Фозилжон атайин шундай гапларни айтиб, аёлининг ғашига тегди.
- Ҳа, гапиринг, гапиринг, дадаси! Ҳали қўлимга тушасиз-ку... - ёлғондакам пўписа қилди Гулбаҳор ҳам.
(Давоми бор).
Матлуба ЮСУФ ОХУН.
|