№22, 26.05.2011 СИЗ КУТГАН УЧРАШУВ
СЕВАРА НАЗАРХОН - АЛЛА ПУГАЧЁВА НИГОҲИДА
Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи, кўплаб хит қўшиқлар ижрочиси, халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ёш бўлишига қарамай, кўплаб устоз санъаткорлар назарига тушиб улгурди. Айниқса, таниқли рус қўшиқчиси Алла Пугачёванинг меҳрини қозониши унинг учун катта ютуқ, улкан муваффақиятдир.
Қуйидаги суҳбат Севара Назархоннинг Алла Пугачёва билан бўлган учрашуви тафсилотлари ҳақида.
- Россия эстрадасининг ёрқин юлдузи Алла Пугачёва суҳбатдош сифатида сизни танлади. Бу омадли лаҳзалар ҳақида батафсил гапириб берсангиз?..
- Бир куни "Радио-Алла"дан менга қўнғироқ қилишиб, Алла Пугачёва томонидан ўтказиладиган интервьюда қатнашиш учун мени таклиф этишди. Ушбу радиолойиҳада Алла Пугачёва бир соатлик эфир мобайнида ўз овози ҳамда услубига эга бўлган ёш санъаткорлар билан жонли мулоқот ўтказажагини айтишди. Бу мен учун кутилмаган бахт, омад эди.
Албатта, таклифни қабул этдим ва бунга хурсандчилик билан рози бўлдим. Ўша кунлари Москва шаҳрида эканлигим менга қулайлик туғдирди. Орадан икки кун ўтиб, машҳур хонанда Алла Пугачёва билан эфир орқали суҳбат қурдик. Маъқул келдим, шекилли, мени "Алла иқтидорлилари" шоу бизнесига таклиф этишди. Ўша ерда Алла Пугачёва менга ўзининг совғасини тантанали равишда топширди. Бу қувончли ва бахтли лаҳзалар ҳалигача мени тарк этгани йўқ.
- Россия шоу бизнеси ҳақида фикрингиз?
- Менимча, бизнинг шоу бизнеслар билан уларники орасида жуда катта фарқ йўқ. Албатта, тан олиш керак, Россия катта давлат. Халқи ҳам шунга яраша. Лекин Россияда ҳам, бизда ҳам мусиқани танлайдиган одамлар бор. Шунинг учун у ерда чўчиш, ҳаяжонланиш каби ҳислар менга бегона бўлди. Чунки Россияда биздаги каби мусиқа шайдолари кўп экан.
- Бундан кейинги режаларингиз қандай? Европада ўзбек қўшиқчилигини тарғиб этишингиз алоҳида эътиборга сазовор эди. Россиядаги фаолиятингиз қай тарзда кечиши мумкин?
- Мен нима учун Россияда қўшиқ куйладим? Бу Европада уддасидан чиқа олмаганим учунми? Йўқ, ундай эмас. Энг асосийси, аввало, мен рус тилида бемалол сўзлаша оламан. Ўзбек тилида қандай куйласам, рус тилида ҳам шундай - ҳеч қийналмай куйлайман. Мен бир нарсадан қаттиқ афсусдаман. Яъни, илгарироқ рус тилида альбомимни ёзмаганимдан. Сўнгги "Так легко" деб номланган альбомимдан сўнг рус тилида яна битта альбом ёзмоқчиман. Ва бугун ана шу альбом устида астойдил меҳнат қилмоқдаман.
Европа масаласига келсак. Яқин кунларда Европа ва АҚШда менинг ижроимдаги ўзбек мумтоз қўшиқлари жамланган альбом сотувга чиқади. Уларни ўзимча эмас, балки ўзбек мумтоз қўшиқлари усталари ёрдами ва маслаҳатига таянган ҳолда тайёрлаганман. Ундаги "Тортадур" қўшиғига ишланган клип ўзимга жуда ёқади. Мазкур альбом билан юртдошларимиз ҳам бемалол танишишлари мумкин.
Бундан ташқари, ўзбекча қўшиқлардан иборат янги альбом устида ишламоқдаман.
- Авваллари ўзбек аудиторияси билан чекланиб ижод қилаётганингизда доимий равишда хитларда қатнашардингиз. Ўзингизнинг рейтингингиз бўларди. Бугун эса Европа, Россия, дегандек... Бу сизга оғир кечмаяптими?
- Йўқ, умуман оғир ҳам, тушунарсиз ҳам эмас. Эҳтимол, ташқаридан қараганда шундай туюлиши мумкин. Мен анча йиллардан бери ўзим севган, ёқтирган ишим билан машғулман. Айни кунларда ҳам янги қўшиқлар устида ишлаяпман. Менинг назаримда, қўшиқчининг яратган қўшиқлари енгил-елпи ёзилиб, тўйбоп бўлиб қолмаслиги керак. Аксинча, узоқ йилга татигулик, яъни, мукаммал бўлса, нур устига нур. Юқори савияли қўшиқларнинг рейтинги ҳам юқори бўлиши, шубҳасиз. Рейтингни белгилаш борасида иш олиб борувчи мутахассислар ҳам ана шу жиҳатга эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.
- Ижодий ишларингизга омад тилаймиз. Суҳбатингиз учун раҳмат!
Матбуот материаллари асосида У.АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.
|