Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№22, 26.05.2011

ЙИҒЛАЁТГАН КЎНГИЛ

ҳикоя

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

Ана шунақа ҳазил-хузил билан меҳмонлар келгунича тайёргарлик кўрдилар. Ва биринчи меҳмонлар жўрабоши етакчилигидаги шаҳарликлар бўлди. Улар орасида Адҳамжон ака ҳам бор эди. Меҳмонлар икки дугона пиширган таомларни, пишириқларни мақтаб-мақтаб тановвул қилишди.

- Қўллари дард кўрмасин, рафиқангиз анча пазанда экан-да! - меҳмонлардан бири мақтади.

- Шунақа, аммо ҳақиқатни айтиш керак. Ёнида бир... лобар дугонаси бор. Лаззатли таомларни иккиси тайёрлади, - дея озгина кайфи бўлган Фозилжон ростини тан олиб қўя қолди.

- Қойил! - деб юборди меҳмонлардан бири. Кейин ҳазил қилиб:

- Эссизгина, бўйдоқ бўлганимизда эди, ана шу дугонасига харидор бўлардик...

- Унақа деманг-е, яна эрининг қулоғига тушиб қолса, яхши бўлмайди, - жўрабоши уни жиддий огоҳлантирди.

Шунда Фозилжон самимий тарзда Иродахонга ён босди:

- Эри қазо қилган... Болалари билан ёлғиз қолган. Фарзандларини деб турмуш ҳам қилмаяпти...

- И-я! Мана, биз ҳам келин ахтараётгандик, - иккинчи меҳмон даст ўрнидан туриб кетди-да, ёнида ўтирган оғайнисининг елкасига оҳиста шапатилади. - Ана, Адҳамжон тенгингиз шу ерда, шекилли!

...Ҳазилдан бошланган иш кейинроқ жиддий тус олди. Фозилжон бу ҳақда биринчи Гулбаҳорга айтди. Аммо иккиланди:

- Унамаса кераг-ов. Шу чоққача нечтасига "йўқ" деган.

- Сен бир марта оғиз очиб кўр-чи? - Фозилжон хотинини тергади. - Балки унаб қолар...

-Келинг, бошқача йўл тутамиз.... Адҳамжон ака бирор ишни баҳона қилиб мактабга келсин, бари бир Иродани кўради, бизникида ҳарқалай, салом-алик қилишди-ю, кўз таниш,..- Гулбаҳор эрига йўл кўрсатди.

-Бу маслаҳат ҳам яхши ..,- деди Фозилжон бошини қашиб.

Кейинроқ Адҳамжон ака мактабга янги инвентарлар масаласида келганларга қўшилиб, бу ерда пайдо бўлди. Ва табиийки, Иродахон билан тўқнашди.

- Қаранг, учрашган жойимизни. Ўша куни ҳаммамиз сизга раҳмат айтдик, пиширилган нарсалар жуда ширин чиқибди - Адҳамжон ака анча сўзамол экан, бир пасда Иродахонни ўзига қаратди-қўйди.

Биринчи учрашув самимий ўтди. Асл мақсад эса иккинчи "тасодифий" учрашиб қолганларида айтилди.

Иродахон тақдирга тан бериб, келгуси умрини Адҳамжон билан ўтказишни тасаввур қилди. "Майли, ориятли, бир сўзли инсонга ўхшаяпти. Болаларимни ҳам оғир олмасликка ваъда беряпти-ку..."

...Иродахон ўзини ҳар томонлама кўниктириб борди. Ота-онасига, эрининг қариндошларига "Мен бир тўхтамга келган куним у киши томонидан одам келади, шунда фотиҳа берасизлар", - деди, холос.

Шу орада у Адҳамжон билан тез-тез учрашиб турди. Бир-бирларини яқинроқ билишга, кўнгилларини олишга ҳаракат қилишди. Ва Иродахон "Меҳмонларингиз келаверсин", дейман деб дилига тугиб турганида эса... кутилмаганда Адҳамжоннинг катта қизи қўнғироқ қилиб қолди: "Опажон, минг узр... роса ғалати ҳолатда қолдик. Кеча кечқурун аямнинг узоқ қариндошини дадамга..."

Иродахон бошига гурзи тушгандай сесканиб кетди. Гапнинг у ёғини элас-элас эслади, "...бувижоним иш бошида турганлари учун бир нарса деёлмадик..."

У турган жойида қотиб қолди. Телефон гўшаги қўлидан ерга тушиб, тарақлаб кетди. Яхшики, ёнида болалари йўқ эди. Шундан бери ўзига келолмай юрди. "Наҳотки, наҳотки... шунча йилдан бери энди биринчи бор юрагининг измига бўйсуниб, кўнгил дарвозасини очсаю, шундай лафзсизликка дуч келса?! Яхшиямки, болаларига айтмагани".

...Гулбаҳор унинг пичирлаб гапирган сўзларидан ўзига келди.

- Шуни айтгин... бари бир ақллисан, дугонажон...

- Бу... менимча, ақллиликдан эмас. Нимагадир шу ишни орқага сургим келаверганди ўзиям. Худойим йўл бермаганидан бўлса керак... Лекин тўғри қилган эканман! - Иродахон ичи тўкилиб кетса-да, кулишга уринди.

- Ҳа, майли, мана, турмушга чиқиш саргузаштлари ҳам тугади...

- Шунақа юзсиз эркаклар ҳам бўларкан-да?! - Гулбаҳор аччиқланди.

- Қўявер! - деди Иродахон ўзини қўлга олиб. - Бўлганича бўлди. Кел, энди бу китобни ёпайлик, уни ўқигим келмай қолди.

Аёл шундай дея қўлини фотиҳага очди: "Илоҳим, фарзандларим билан умрим охиригача бақамти яшашга Аллоҳим насиб қилсин. Бандасининг йўлига ҳам, қўлига ҳам қаратмасин...

Гулбаҳор дугонасининг ортидан эзилиб қараб қолди.

...Боягина оламга сиғмаётган Иродахон энди анча таскин топганди. Шу боис, тезроқ уйига, болажонларининг ёнига боришга шошилди. Гарчи кўнгли ҳануз йиғлаётгандек бўлса-да, атрофга табассум билан боқишга ҳаракат қилди...

Матлуба ЮСУФОХУН.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди