Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Сиёсат ва хаёт

№23, 02.06.2011

БУГУННИНГ ГАПИ

ТИББИЙ КЎРИК: ОИЛАГА ЖИДДИЙ ТАЙЁРГАРЛИК

Ватанимиз мустақилликка эришгандан буён инсон манфаатини ҳимоя қилиш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш мамлакатимизда устувор вазифалардан бирига айланди. Айниқса, кишиларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиғи билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юртимизда баркамол авлод тарбияси билан боғлиқ ишларнинг кўлами тобора кенгаймоқда.

Бугунги кунда ана шу ишлар юзасидан саъй-ҳаракатлар салмоғи ортиб бораётганлиги яққол сезилмоқда. Бинобарин, юрт равнақини таъминлаш ва Ватанимиз келажаги учун мустаҳкам замин тайёрлаш фуқаролар соғлиғи ва авлодлар баркамоллигига боғлиқдир.

Шу маънода, тиббий кўрик масаласи муҳим ўрин тутади. Тиббий кўрик, бу - ҳаётий зарурат. Негаки, инсонларнинг соғлом юришлари, турли хасталикларнинг олди олиниши кўп жиҳатдан тиббий кўрикларга боғлиқ.

Айниқса, соғлом оилаларни шакллантиришда, зурриётларимиз соғлом туғилишини таъминлашда тиббий кўрикларнинг роли катта. Шуни назарда тутиб, Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 25 августда "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 365-сонли қарор қабул қилинган. Мазкур қарор бўйича никоҳдан ўтаётган йигит-қизларнинг тиббий кўриги қатъий назорат остига олинган. Жумладан, вилоятимизда ҳам бу вазифани изчил бажаришга тегишли мутасаддилар томонидан алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Масалан, Булоқбоши туманида бу масала юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда туман ФҲДЁ бўлими мудираси Инобатхон Жалилованинг фикрлари қуйидагича:

- Тиббий кўрикдан ўтиш бугунги кун ёшларининг оилага жиддий тайёргарлик асосида қадам қўйиш, келажакда соғлом оила барқарорлигига эришиш заруратига айланган. Шу боис, янги оила барпо этаётган ёшларимиз учун тиббий кўрик масаласи айни чоқда, муаммо эмас. Айтиш жоизки, бу масалага онгли муносабатда бўлиш маълум даражада ёшларимиз тасаввуридан жой олган. Тўғриси, никоҳланувчи ёшлар ўртасида бу тушунча тарғибот-ташвиқотлар туфайли шаклланиб бормоқда.

Шу маънода, туман ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилаётган ёшларимиз тиббий кўрикдан ўтишиб, ўзларининг келгуси ҳаётлари тўғрисида олдиндан қайғуришаётгани диққатга сазовордир. Масалан, 2010 йилда туманда 1218 та никоҳ қайд этилган бўлса, бу жараён амалга ошишидан олдин 2436 нафар йигит-қиз, яъни, никоҳланувчиларга тиббий кўрикдан ўтишлари учун йўлланма берилди. Шундан 2432 нафари тиббий кўрикдан ўтди. Тўрт нафар келин-куёвнинг ёши 50 дан ўтганлиги боис, тиббий кўрик улар учун мажбурий бўлмади.

Аммо тиббий кўрикдан ўтганлар орасида етти нафар никоҳланувчининг руҳий касаллиги маълум бўлди. Ёки жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 297 та никоҳ қайд этилган бўлса, тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилган 594 нафар никоҳланувчи орасидан ҳам уч нафарида руҳий касаллик борлиги аниқланди.

Демак, бундан кўринадики, тиббий кўрикнинг аҳамияти каттадир. Шу орқали йигит-қизларимиз янги ҳаётга соғлом қадам қўйишади. Бу эса бевосита соғлом оила шаклланишини таъминлайди. Соғ-лом оилада шубҳасиз, соғлом фарзандлар дунёга келади. Соғлом фарзанд эса юрт келажагидир.

Тўғри, ҳаётда оила соғломлигига, фарзандлар келажагига бефарқ қарайдиган кимсалар ҳам учрайди. Бироқ ундайлар давр талабига, жамият ички тартиб-қоидаларига риоя этмасалар, катта хатога йўл қўйишади. Бу энг аввало, ўзлари учун зарардир...

- Қонуний никоҳи қайд этилмаган ёшларга шаърий никоҳ ўқилмаслиги бугун қатъий тартибга солинган, - дейди Булоқбоши туман бош имом-хатиби Лутфулло қори Бўронов. - Сабаби, никоҳ қайд этилишидан олдин йигит-қизларнинг тиббий кўрикдан ўтишлари мажбурийдир. Тиббий кўрикдан ўтишнинг афзаллиги юқоридаги мисолларда кўриниб турибди. Ҳолбуки, шариатда ҳам оила қураётганларнинг соғлиғига эътибор берилади.

Шариатда турмуш қураётган йигит-қиз ҳар томонлама соғлом, оилага тайёр, жинсий ҳаёт тўғрисида маълум бир тушунчага эга бўлмоғи жоизлиги айтилади. Ҳақиқатан ҳам, оила - муқаддас. Унга юзаки муносабатда қараб бўлмайди. Аввало, икки ёш бу муқаддас қўрғонда қўша қаримоқлиги даркор. Бу эса биринчи галда саломатликни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан, янги оила қураётган ёшларнинг соғлиғи, балоғат ёши, албатта, инобатга олинса, дуруст бўлади.

Шунингдек, бўлғуси келин-куёв тўйдан олдин бир-бирларини кўришлари ҳам жоиздир. Бу нарса шариатда таъқиқланмаган. Зеро, икки ёш бир-бирларини кўриб, ёқтириб, маълум вақт характерларини ўрганиб олишса, оиланинг кейинги тақдири рисоладагидай кечади.

Туманимизда бугунги кунда 8 нафар имом ва 8 нафар ноибга шаърий никоҳ ўқишга рухсат этилган. Улар зиммаларидаги жавобгарликни ҳис қилишиб, қонуний никоҳ тузилганлигига шоҳид бўлгандан кейингина шаърий никоҳ ўқишади. Янги оила тиббий кўрик хулосаларидан сўнг барпо этилади...

Демак, бу фикрлардан кўринадики, тиббий кўрик масаласи никоҳланувчи ёшлар онгига тобора чуқурроқ сингдирилиб борилмоқда. Бу хотин-қизлар қўмиталари ва унинг жойлардаги бошланғич комиссиялари томонидан олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларининг самарасидир. Бошқача айтганда, тиббий кўрик талабларини тўла анг-лаб етиш ҳар бир инсон учун фойдали. Зеро, саломатлик ҳар қандай бойликдан аъло. Кишининг соғлиғи фақат ўзигагина зарур. Қолаверса, соғлом одам жамият ижтимоий ҳаётида ҳам фаол қатнашади. Шу нуқтаи назардан, кишиларимиз тиббий кўрик аҳамиятини дилдан ҳис этиб, саломатлик - туман бойлик, деган тушунчага қатъий амал қилиб яшашлари керак.

Маҳфуза НОРБОЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди