№23, 02.06.2011 МАЪНАВИЯТ САБОҒИ
КУЁВ БЎЛИШ ИЛМИ
Турсуной СОДИҚОВА.
Ўғлоним, умр йўлдошларни ҳеч қачон "жуфт атиргул", "қўш булбул" ва ё "икки юлдуз" демайдилар - "қўш хўкиз" дейдилар! Ва бу энг ҳақ таъриф!
Қўш ҳўкиздай ёнма-ён, зўриқиб меҳнат қилсанггина, рўзғор деган зил юк жойидан жилади. Эру аёл бир томонга қайишсагина, умумий тил топа олсагина битта кучга айланади. Оилада тил бирлиги, кайфият бирлиги сувдир, ҳаводир! Икки яхши бирлашган тақдирда ҳам жуфтига мослашиш учун, ўзини албатта, ўзгартириши керак! Шундай дейиш мумкинки, ҳаётда ҳеч ким оила остонасига рўзғор учун тўла - тўкис тайёр бўлиб кела олмайди. Ҳар бир рўзғор ўзи бир синоат, унинг-сир асрорини ичига кирсанггина, билиб ўрганасан. Ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг яшаш қонунлари бор ва у билан ҳисоблашмоқ ва ўрни келса, сабру қаноат билан ўзингга кўндирмоқ керак бўлади.
Ўғлон болам, шундай хулоса қилки, сенинг кўнглингга, оиланг-га юз фоиз тўғри келадиган жуфт ҳеч қачон топилмайди, дидингга эллик фоиз мос келса бўлди, фақат асли тоза, фаҳм - фаросатли, зийрак бўлса бўлди, тенг ярим феълини ўзингга мослаб-ўзинг ясаб оласан.
***
Инсоннинг бир мўртлиги бор: муддаосига етгунча жониқиб кетади, етган заҳоти хотиржам тортиб, эришган нарсасига талпиниши тугайди. Эру аёл ўртасида ўзаро интилиш бўлмаса, яшашнинг қизиғи қолмайди.
Жуфт бўлиш дегани, бир-бирига кўнглидаги борини шағал машинадай тўкиб солиш эмас. Ўғлоним, қулоққинангда тут, аёлингни ёқтиришингни ҳеч қачон ўзига айтма! Шу масалада бир умр ўқилмаган китоб бўл. Ўшандагина у атрофингда айланаверади, жуфтимга ёқаманми, йўқми, деган савол уни безовта қилаверади ва фақат сенга ёқиш учун афзаллашга тушади, қарабсанки, ҳаётинг гўзаллашади.
Эркак учун ҳам, аёл учун ҳам туйғусини сир тутган жуфт мафтункорроқдир.
Энди сўз РАШК ҳақида! Умр йўлдошинг - муқаддас никоҳдан топган ҳалол покинг! То охирги йўлинггача сенга елкадош бўладиган ҳамроҳинг шу. Ҳеч кимга айтилмайдиган гапларингни айтадиган маҳраминг шу. Дуру гав-ҳар фарзандлар берадиган хазинаи ягонанг - шу аёлинг!
Аввалги китобларимда ҳам рашк ҳақида одамзоднинг шу борадаги заифлигини афсуслар чекиб ёзганман! Эрнингдир, аёлнингдир зоти суюқ-қуюқлиги, маъни дунёсининг кенгу торлиги рашк масаласида очилиб қолади. Дунёда энг кир, жирканч нафс шаҳвоний нафсдир! Жуфтига хиёнат қилган ёки шунга мойил одам ўша нафсга йўлиққан бад инсондир! "Муҳаббат"деган табаррук сўзни бу ерга аралаштирма! Муҳаббат юракда бўлади, томирларингнинг толаларида бўлади, ёнида жуфти туриб, ўзгага жисмонан талпиниш бу нафс, шаҳвоний нафс, ҳайвоний нафс-дир!
Эй, ўғлон! Жуфтни қизғонишни ҳам сен муҳаббат деб уқдирма! Тўғри рашк - яхши кўришдан туғиладиган туйғу. Аммо у тилга чиқмай, кўнгилларнинг тубида симилиб, оғриқ бериб турадиган ширин бир туйғу. Қулоғингда қолсин, шаърий эр-хотинликнинг қоидаси шу - умрдошдай бебаҳо кишингни рашк қилиб, бадхулқларнинг рўйхатига ёзиш учун гувоҳ керак! Кўзлар кўриб, қўллар тасдиқлаган ҳужжат керак, исбот керак. Аммо бугун сену мен кўриб турган рашкларнинг тўқсон фоизи - ГУМОН! Қуръони каримда гумон қилгувчиларга энг оғир жазо битилгандир! Қандай қилиб, оппоқ никоҳингга ўраб, енгларингнинг ичига яшириб юрган гавҳарингни гумон билан минг ифлослик ичра тасаввур қиласан?! Ўз ҳалолинг-ни қандай қилиб, хаёлан бўлса-да, харомларга қўшиб санайсан! Бу аёлингга ҳиёнатинг-ку ахир?! Хоҳлаган пайтида айниб кетиши мумкин, деб ҳисоблаган кишинг билан бир уйда қандай яшайсан, бола-чақа орттирасан?! Халқда "ўғри ҳаммани" ўзига ўртоқ, ғар ҳаммани ғардек санайди" деган гап бор.
(Давоми бор).
|