№23, 02.06.2011 ФИКР
АВТОБУСНИНГ ИҚТИСОДИЙ КЎМАГИ
Шаҳримиз кўчалари кундан-кунга кенгайиб, гўзаллашиб борган сари бу равон, замонавий йўллардан юрувчи транспорт воситалари ҳам кўпайиб бормоқда. "Тико", "Дамас", "Нексия", "Матиз", "Ласетти" ва кўплаб бошқа автоуловлар ўзининг ихчамлиги, замонавийлиги ва ҳайдовчига қулайлиги билан эътиборни тортади.
Айниқса, "Дамас" автоулови йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун анча қулай бўлиб қолди. Аммо ҳар бир қулайликнинг оз бўлса-да муаммолари ҳам чиқиб тураркан. Бу - уларнинг тонг саҳарда, қош қорайиши биланоқ ҳамда бозор кунлари кўтарилган нарх билан юриши. Эҳтимол, бу бозорга йўл олган одам ёки катта маошга ишлайдиган йўловчилар учун билинмас, Лекин биз - талабалар учун маълум бир қийинчиликлар туғдириши аниқ. Яъни, иқтисод масаласида. Автоуловнинг нархи юз сўмга ошса, бу ойига биз учун 5-6 минг ортиқча сарф деган гап.
Шуни инобатга оладиган бўлсак, шаҳримизга "ISUZI" маркали автобусларнинг келиши биз - талабалар учун қулайлик туғдирди. Айниқса, "14" рақам билан ҳаракат қилаётган автобуслар бизнинг институтимиз ёнгинасидан ўтади. Нархи ҳам унчалик қиммат эмас. Автобуслар эрта соат еттидан кеч соат ўнгача юраётганлигидан кўплар жуда хурсанд..
Тўғри, баъзи пайтда автобусларни бироз кутиб қолишга, унга чиқиш учун бекатга боришга, қолаверса, йўловчи кўп бўлса, оёқда тик туриб кетишга тўғри келади. Лекин бу биз ёшлар учун катта муаммо эмас. "Дамас"нинг яхши тарафи, ҳар бир йўловчи учун алоҳида юмшоқ ўриндиқларнинг бор бўлиши бўлса, автобусларнинг бизга фойдаси ўзимиздан катталарга жой бериб, уларнинг дуоларини олишдан иборатдир. Энг асосийси, билим олиш илинжида ота-онамизнинг моддий ёрдамига таяниб, ўқиётган биз каби юзлаб талабаларга иқтисодий кўмак бераётганлигидир.
Файзулло АБДУЛЛАЕВ,
Андижон муҳандислик иқтисодиёт институти талабаси.
|