Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№24, 09.06.2011

БИЗНИНГ СУҲБАТ

Келажак бугундан бошланади

Хўжаободдаги 4-мактабгача таълим муассасаси вилоятдаги энг намунали таълим масканларидан бири бўлиб, айни вақтда бу ерда 110 нафардан зиёд ўғил-қиз тарбияланмоқда. Тажрибали раҳбар, моҳир педагог, ишбилармон мудира Ҳанифахон Шомирзаева билан ўтказган суҳбатимиз айнан бола тарбиясида боғчанинг ўрни хусусида бўлди.

- Ҳанифа опа, "мактабгача таълим" қандай таълим?

- Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич тизими ҳисобланади. У боланинг ривожланган соғлом турмуш тарзини таъминлаб, тизимли таълимга тайёрлаб боради. Мактабгача таълим муассасаси 6-7 ёшгача бўлган болаларга хизмат кўрсатади. Мазкур таълимнинг асосий мақсади - болани мактабга тайёрлаш, болада мустақил, соғлом турмуш тарзи кўникмасини, унинг қобилияти ҳамда салоҳиятини шакллантириш ва тизимли тарбиялашдан иборатдир.

- Болаларни боғчага неча ёшдан берган маъ-қул?

- Болани икки ёки уч ёшидан боғчага бериш мумкин. Негаки, шу ёшда боланинг онгги атроф-муҳитга мослашувчан бўлади. Бу ёшда боланинг фикрлаши, идроки ривожлана бошлайди. Унинг жисмоний ҳамда руҳий соғлиғини мустаҳкамлаш, шахсий қобилият ва салоҳиятини ривожлантиришни мана шу ёшда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Бироқ бизда илк ёшдаги болажонлар ҳам тарбияланишади. Уларга етарли шароитлар яратганмиз.

- Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси билан уйда ўсаётган кичкинтойнинг фарқи борми?

- Боғчада ҳозирги кунда биринчидан, ноанъанавий машғулотлар орқали болалар билан индивидуал ишлашга эришилган. Болаларга илк математика, табиат, хорижий тил, нутқ ўстириш, тасвирий санъат, йўл ҳаракати қоидалари каби машғулотларни қизиқарли ўйин шаклида ўтказиб,, таълимда юқори сифат кўрсаткичига эришишга кўпроқ эътибор қаратилган.

Ўйин - мактабгача ёшдаги болаларнинг асосий фаолияти. Турли хил ўйинларнинг болани ҳар томонлама тарбиялашдаги аҳамияти: сезги ва идроки, нутқи, тафаккури, хотираси, умуман, шахсий ақлий ривожланишига таъсири катта эканлиги, бундай соғлом муҳит, уйғун ҳаракатдаги самара юқори эканлиги бугун педагогларга яхши маълум. Боғчада мутахассис педагоглар болалар билан махсус шуғулланади. Тартиб, қоида ҳам кучли. Уй шароитида бундай муҳит йўқ. Албатта, бу икки хил шароитда ўсаётган боланинг фарқи бўлади.

- Фарзанд тарбиясидаги лоқайдлик ҳақидаги фикрингиз?

- Фарзандларимиз - оиламиз чироғи, улар бизнинг дилбандларимиз. Болаларимизни бекаму кўст ўстиришга, бош-қалардан кам қилмай вояга етказишга интиламиз. Фарзанд тарбиясидаги лоқайдлик эртага унинг ҳаётига соя солишини барча бирдай англолмайди. Муҳими, фарзандларимизга ўзимиз намуна бўла олишимиз керак. Негаки, улар биздан ўрнак олиб вояга етадилар. Яна ташқи таъсирлар ҳам борки, булар бола тарбиясига, унинг феъл-атвори, руҳиятига шикаст етказиши мумкин. Биз педагоглар, ота-оналар ҳушёр бўлсак, лоқайдликдан чекинсак, барча ишлар кўнгилдагидек бўлади. "Бир йил илгарилаб фикрласангиз - буғдой экинг! Ўн йил илгарилаб фикрласангиз - дарахт экинг! Юз йил илгарилаб фикрласангиз - инсонни тарбияланг!" деганда, донишмандларимиз ҳақ эдилар.

-Сиз раҳбарлик қилаётган таълим масканида болажонлар учун қандай шароитлар яратилган?

- Муассасамизда 110 нафардан зиёд ўғил-қиз тарбияланади. Улар ёшига қараб 5 та гуруҳга бўлинган. Болажонларнинг яйраб ўйнашлари, эмин - эркин таълим олиб, дам олишлари учун барча шароитлар яратилган. Соғломлаштириш учун чўмилиш ҳавзалари қурилган. Бадиий гимнастика учун алоҳида хона ташкил қилинган бўлиб, барча қулайликлар мавжуд. Ушбу хонада 24 нафар қизалоқларга маш-ғулотлар олиб борилади. Соғломлаштириш, мусиқа, бадиий гимнастика, сузиш, маш-ғулотлари, математика, тасвирий санъат, одобнома, хорижий тил, йўл-ҳаракати қоидалари каби қатор билимлар болаларнинг ёшига мос тарзда ўргатилади.

Бу ишларни ҳамкорликда, бамаслаҳат амалга оширяпмиз. Жамоамиз аҳил. Ёрқиной Турдиохунова, Дилдорахон Солиева, Ҳаётхон Солиева, Лобархон Собирова, Малоҳатхон Бекмуродова каби тажрибали педагоглардан ота-оналар мамнун.

- Педагоглик тажри-бангиздан келиб чиқиб, айтинг-чи, бола билан шуғулланиш жараёнида нималарга кўпроқ эътибор бериш лозим?

- Жажжи болажонларнинг диққат-эътибордан четда қолмаслиги уларнинг ҳар жиҳатдан баркамол тарзда ўсишларини таъминлаш ҳар биримизга алоҳида масъулият юклайди. Бола мисоли бир ниҳол. Уни парваришлаш, ғамхўрлик қилиш, ҳаётга йўналтириш лозим. Шундагина улар жамиятимиз равнақи йўлидаги фидойи инсонлар бўлиб етишадилар.

Суҳбатдош:

Наргиза ҲУШВАҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди