№24, 09.06.2011 ҚАТРА
СОВҒА
Шу бугунгача жуда кўп совғалар олдим. Тўғри, совғанинг
яхши-ёмони бўлмайди. Унинг қадр-қиймати ўлчанмайди.
Аммо инсон қалбини нурга тўлдирувчи, кимдандир ана шундай бахтли сонияларни тортиқ этувчи туҳфа олиш истаги, мени-да четлаб ўтмаган. Нимадир бўлди-ю, бир куни кайфиятим тушиб кетди. Ҳеч нарса юрагимга сиғмайди. Шу пайт эшик очилиб, мактабда бирга таълим олган дугонам кулибгина хонамга кириб келди. Қулоқларимга яқин келиб, мени хурсанд қилувчи янгилик айтди.
Югурганча ташқарига интилдим. Худди ўша. Уялибгина жилмаяётган яқин дўстим. "Э бор-е" - дея ҳамма ишларимга қўл силтаб, у билан бирга кетдим.
...Йўлма-йўл суҳбатлашдик. Мактаб давримизни, ўзимиз кашф этган "Бўри-Қуён" ўйинини эсладик. Кўнглим ёриша бошлади. Болалик хотиралари кўнглимга малҳамдек ёқди. Кейин бир-биримизнинг ҳаётимиз билан қизиқдик. Тўғри, шу вақтгача мен унга ҳаётим қувончи, ғам-аламим ҳақида сўз очмаганман. Ҳозир ҳам индамадим. Уни кўришим ёки сўзларини тинглашим билан барча азобли дақиқалар ўрнини хурсандчилик эгаллади.
Ҳайрон қоламан, унда ҳеч кимда йўқ бир сеҳр бордай назаримда. Нигоҳларидан эса нур ёғилиб туради. Сўзлари ёш болалардай беғубор.
Бироқ, у жуда сирли. Умрим давомида қанча-қанча инсонларни кўрдим. Улар билан мулоқотда бўлдим. Ҳиссиётларини юрак тубига яширганларнинг кўнглига қўл солиб, барчасидан хабардор бўлишга ҳаракат қилдим. Аммо бугун дўстимнинг олдида барча меҳнатим ҳавога учди. Унинг кўнглидан нималар ўтаётганини билиб бўлмасди. Шу хаёллар билан уй томонга яқинлашиб қолдик. У секингина ўзига ярашиб турган сумкасидан нимадир олиб, менга узатди. Қўлимга олиб қарасам, дўстимнинг суратлари. Жуда ўзгача, дўстларидан ажралиб турибди. "Барибир, дўстим бошқача-да", - дея фахрландим. Яна йўлда давом этдик. Кўзларим ҳамон қўлимдаги суратларда эди. Шундай кунларнинг бирида ўша дўстимни яна учратдим. Анча суҳбатлашдик.
- Тўхта, сенга бир нарса олиб келгандим, - дея у сумкасига юзланди. - Сал бўлмаса ёдимдан кўтарилиб, уйга олиб кетардим.
Мен эса бепарво уни кузатиб турдим.
- Буни сен учун олдим, - дея менга иккита шеърий китоб туҳфа этди.
Вужудим титраб кетди. Дунёларга сиғмас даражада қувондим. Кўзларимда бахт шуълалари пайдо бўлди. Шу пайт тилимга ҳеч бир сўз келмасди. Унинг бу тасодифий инъоми мени бениҳоя қувонтирди. Бу совға умрим давомида олган барча қимматбаҳо туҳфалардан кўра, қадрлироқ эди...
Сарвиноз ҲАЛИЛОВА,
Балиқчи тумани.
|