Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Аёл ва жамият

№24, 09.06.2011

САНЪАТИМИЗ ДАРҒАЛАРИ

ИСТЕЪДОД СОҲИБАСИ

З.М.Бобур номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри кўҳна ва улуғ даргоҳлардан ҳисобланади. Унинг саҳнасида қўйилган драматурглар Ҳошимжон Раззақовнинг "Нодира", Ҳамзанинг "Холисхон", Умаржон Исмоиловнинг "Рустам" мусиқали драма асарлари буюк асарлар намуналари бўлиб, уларнинг асосий қаҳрамонларини томошабинлар ҳамиша эъзозлаб, катта олқиш билан кутиб олган.

Бу образларни 60-70 йилларда бир қанча саҳна юлдузлари, яъни, Ўзбекистон халқ артистлари Ҳадичахон Аминова, Маърифатхон Убайдуллаева, Қамара Бурнашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Шарофатхон Аҳмедова, Назирахон Ҳакимовалар юксак маҳорат билан ижро эта олганлар.

Ўзбекистон халқ артисти Азизахон Аминова эса ўша машҳур актёрларнинг давомчиси, санъат бобида юксак маҳорат эгаси, кўплаб шогирдлар устози сифатида шуҳрат қозонди.

Азизахон Аминова 1929 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топди. Унинг бобоси ҳам санъаткор бўлган. Онаси Ҳадичахон Аминова эса умрини санъатга, театрга бахшида этган санъаткор бўлиб, маҳоратли актёр сифатида танилди. Унинг хизматлари муносиб тақдирланди. У Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Саҳнада моҳирона яратган роллари, ранг-баранг образлари билан театр тарихида муҳрланиб қолди. У 1983 йилда вафот этди.

Азизахон Аминова онасидек санъат йўлидан борди. Театр саҳнасида "Холисхон" мусиқали драмасида Холисхон, "Нодира" пьесасида Нодира, "Увайсий"да Увайсий ролларини юксак маҳорат билан ижро этди. Бундан ташқари, турли йилларда турли қиёфадаги характерларни томошабинга тўлақонли етказиб берди. Саҳнада ҳар бир ролни маромига етказиб ижро этиш, руҳий ҳолат ва кечинмаларини очиб бериш актрисадан юксак маҳорат талаб этади. Ана шундай ҳислатлар Азизахон Аминова ижросидаги қаҳрамонлар образида яққол кўзга ташланади.

Севимли ёзувчи ва драматург Абдулла Қаҳҳорнинг "Аяжонларим" комедиясидаги Бўстон буви образи ўз характери билан томошабинга ёқади. Азиза опа ижросидаги Бўстонбуви тимсоли қишлоқдаги оддий аёл образидир. Шунинг учун ҳам роль ишонарли тарзда томошабин қалбига йўл топа олган.

Нафақадаги санъаткор аёл Азиза Аминова билан бўлган суҳбатимизда у шундай дейди:

- Саҳнада актриса учун ролнинг катта кичиги бўлмайди. Топширилган ролни томошабинга тўла-тўкис етказиш актрисанинг юрак амри билан боғлиқ. Шундай актёр ва актрисалар борки, улар умр бўйи театрга келиб-кетиб вақтини беҳудага кетказади. Саҳна кенг, унга ҳамма сиғаверади. Лекин саҳна тарихида қолиш бу бошқа нарса. У ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Гапим бировларга оғир ботса ҳам айтишга мажбурман. Агар санъаткорнинг саҳнадаги нутқи бўлмаса, маҳорати камлик қилса, бундай санъаткорлар саҳнани тарк этиши керак.

Бир воқеа ҳеч хотирамдан чиқмайди. Бир куни Андижоннинг катта кўчасидан ўтиб кетаётсам, йўл бўйида тўп-тўп одамлар туришибди. Мен секин салом бериб кетавердим. Уларнинг эса орқамдан мени қўли билан кўрсатишиб "Ана, Ўзбекистон халқ артисти Азизахон Аминова" деган гапларини эшитдим. Бу мен учун катта бахт, ушалмас орзу ва фахр эди..

Азизахон Аминова юксак истеъдод соҳибаси сифатида саҳнада қирқ йилдан ортиқ фаолият кўрсатди. Юздан ортиқ роллар ижроси, томошабинларга таъзим қилиш, театр мухлисларига дастхатлар ёзиш санъаткорнинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бундай улкан ютуқлар, буюк ишлар онаси Ҳадича аянинг дуоси ижобатида деб билади.

1988 йилда Азизахон опанинг меҳнатлари муносиб тақдирланиб, унга Ўзбекистон халқ артисти деган юксак унвон берилди.

У суҳбатимиз сўнггида у киши шундай деди:

- Мен бу унвон билан фахрланаман. Бу меники эмас, балки ижодий жамоамизники. Унвон мени яна ҳам юксакликка кўтаради, қалб қўримнинг ёнишига, томошабин билан ҳамнафас бўлишга чорлайди.

Бугунги кунда театрда хизмат қилаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Бойматова, Мухтасар Йўлдошева, етакчи актриса Ойистахон Маҳмудовалар - менинг севимли ва суюкли шогирдларимдир.Улар нафақат шогирдларим, балки қанотларим ҳамдир.Мен айни пайтда нафақада бўлсам-да, театр келажагидан хотиржамман. Чунки боя айтиб ўтган иқтидорли шогирдларим менинг ишларимни давом эттирмоқдалар.

Азизахон опа бугунги кунда 82 ёшда. Ҳаётнинг нурафшон , ўз умрининг ширин дақиқаларида нафақалик гаштини сурмоқда. Биз опага қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин, деймиз.

Олтинбой ҚУВВАТОВ,

санъатшунос.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди