Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Адабиёт

№24, 09.06.2011

СИНГИЛ

ҳикоя

Матлуба ЮСУФ ОХУН

Дадасининг нақ пешонасидан чиқиб қолишини кутмагани учун Адиба шошиб қолди. Ҳатто баҳона топишга улгурмади.

- Ия, сен уйда бўламан, деган эдинг-ку! - Рихсивой ака қизига ажабланиб қаради.

- Озгина ишим чиқиб қолди, бир дугонамникига ўтувдим. -Адиба тутила-тутила бир амаллади.

- Ҳмм,қани олдимга туш! -чамаси дадаси унинг гапига ишонмади.

Ота-бола то уйларига етиб келгунларича "миқ" этишмади.

- Аяси, қизингизнинг назорати сизнинг гарда- нингизда, қандай юмуш билан унга рухсат бердингиз, мен бехабар! -Рихсивой ака кела солиб Райҳона опани қистовга олди - Яна ит топмас кўчаларда юрибди.

Она бечора индамайгина лабини тишлади. Гап қайтаргандан кўра, жим турган маъқул.

- Эрта-индин тўйи бўладиган қиз бўлса, яна бекорчи миш-мишларга қолиб юрмайлик!

Адибанинг кўзларига дуввиллаб ёш келди. Аммо дадасига эътироз билдиришга журъати етмади, зарда қилганича уй ичига кириб кетди.

- Дадаси,унчалик қаттиқ тегманг, мен ўзим бориб келгин, деганидим, -Райҳона опа овозини пастроқ қилиб эрининг енггидан тортди.

- Яна бир марта қайтараман, ҳеч қандай кўчага рухсат йўқ, мабодо зарур иши бўлса, ўзинг бирга борасан! -Рихсивой ака "гап тамом" дегандек, уни силтаб ташлаб кўчага чиқиб кетди.

- Уфф, бу тажанг одамнинг дастидан ўлсам ўлиб бўлдим! Тўйни ўтказиб олгунча юрак ўйноғи бўлиб қоламан, шекилли. -Райҳона опа чуқур хўрсинди.

Шу тобда Адибага ҳеч нарса дея олмайди. Чунки унинг нима иш билан кўчага чиққанини яхши билади.

"Қўй, бекор дадангнинг шубҳасини ошираяпсан, сенга ишонмай қўяди" деганига қарамай, "тўйгача албатта, уддалайман"деб туриб олган. Шу ўгай ака тўйга келмаса келмас. Осмон узилиб ерга тушадими? Урушган ота-бола, ҳайдаган дадаси. Ўзлари келишиб олсин!

- Қизим, чиқа қол,овқатга уннай қолайлик, яна даданг қайтса, гап эшитамиз, - деди ўрнидан оғир қўзғолар экан.

Кўзлари қизариб кетган Адиба ичкаридан дарров чиқди.

- Ўзингни бекорга қийнаяпсан! Вақти келиб ўзлари ярашиб олишар. Ҳадеб куйинавермагин.

- Аяжон. Агар Розиқ акам дадамни яхши кўрмаганида эди, бунчалик астойдил ҳаракат қилмасдим. Дадамнинг нақ ўзи, қайсар. Чўрткесар, шу феъли бўлмаганида уларнинг муроса қилишлари осон бўларди.

- Билмадим, қизим. Барибир Розиқжон дадангнинг тарбиясини олмаган. Унга бўйин эгиши осон бўлмайди. -Райҳона опа бу гапни шунчалар ўкинч билан айтдики, Адибанинг юраги зириллади.

- Бунга сиз айбдор эмассиз! Ҳамиша ўзингизни гуноҳкордай сезасиз, аяжон! - у онасини маҳкам қучоқлаб юзларидан ўпди.

- Шунинг учун ҳам уларни яраштириб қўяман, шунда бу ерга тез-тез келиб туради.

- Мен акамни албатта, бу уйга қайтараман. Майли, бир йўла келмасин, онаси рухсат бермаслиги аниқ. Аммо дадамнинг бу дунёда бошқа ўғли йўқ-ку? Шундай бўлгач, улардан воз кечиб кетишга ҳаққи йўқ акамнинг!

Ким ҳақ, ким ноҳақлиги унчалик муҳим ҳам эмас аслида.Бироқ, икки эркакнинг қайсарлиги туфайли кўпчилик азият чекмоқда. Рихсивой аканинг биринчи турмуши билан бахти келишмади. Ортиқча жанжал, тортишувсиз ажрашиб қўя қолишди. Ҳали ёшига тўлмаган Розиқжон онасида қолди. Рихсивой ака аввалига ўғлидан тез- тез хабар олар, ҳатто вақти - вақти билан уйига олиб келарди. Кейинроқ эса собиқ хотини ўғлини ота-онасига қолдириб, турмушга чиқиб кетди. Ўшандаёқ Розиқжонни қайтариб олса бўларкан, бироқ уйланса хотини чиқиштирмай қўйишидан чўчиб, болани қайнотасиникида қолдирди.

Райҳона опа эрининг ўғли борлигини эшитганидаёқ "опкелинг, ўзим боқаман"деганди. Лекин негадир Рихсивой ака кўнмади. На отанинг, на онанинг тарбиясини олмаган Розиқжон такасалтанг, кўчабезори бўлиб вояга етди. Ўз боласини тақдир ҳукмига ташлаган Рихсивой ака иккинчи турмушидан ягона фарзанд - қизи Адибани кўрди.Райҳона опанинг қайта-қайта илтижолари билан ўғлини тўғри йўлга солишга, ҳатто уйларига олиб келиб, бирга яшашга ҳаракат қилиб кўрди. Аммо назоратсиз юришга ўрганган йигит дадаси томонидан "қолип"га солинишни ёқтирмади. Энг ачинарлиси, пул ёки бирор кийим-бош керак бўлса, Рихсивой аканинг олдида келарди. Бир-икки кун шу ерда яшар, дадасининг ёрдами қўлига теккач, йўқолиб қоларди. Бора-бора Рихсивой ака унга пул бермай қўйди.

- Бошида ўргатманг эди, энди эса бермасангиз бир йўла кетиб қолади, - уларнинг таранг муносабатларидан безиллаган Райҳона опа эрини инсофга чақирар, Розиқжонга ён босишга ундарди.

(Давоми бор.)


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди