№25, 16.06.2011 МАСЛАҲАТЧИЛАР ҲАЁТИДАН
ҲУРМАТГА САЗОВОР МАСЛАҲАТЧИ
Мана, беш йилдирки, Мамлакатхон Сатимова Булоқбоши туманидаги Эшонхўжаев номли маҳалла фуқаролар йиғинида диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаб келмоқда. Маҳалланинг ёшу қариси уни ўз вазифасини сидқидилдан бажаришига ишонишади. Чунки, Мамлакатхон иш фаолияти давомида барчанинг қалбига йўл топа олди. Унда ташкилотчилик, тарғиботчилик фазилатлари бисёр.
Маҳаллада 2390 нафар аҳоли бўлиб, шулардан 1170 нафарини хотин-қизлар, 824 нафарини вояга етмаган ёшлар ташкил этади. Уларнинг маънавияти ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Ватанга муҳаббат ҳиссини уйғотиш мақсадида Мамлакатхон маҳалла фуқарлар йиғини раисаси Дилфузахон Мадраҳимова билан бамаслаҳатликда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси каби иллатларга қарши кураш бўйича жойларда талабалар, уй бекалари, ишчи-хизматчилар билан давра суҳбатлари ўтказиб келмоқда. Айниқса, "Ёшлар - миллат келажаги", "Оила - муқаддас даргоҳ", "Аёл - оила таянчи", "Миллий ғоя - бизнинг ғоя" каби жонли мулоқотлар кўпчиликда ижобий таассурот қолдирди.
Қизларни турмушга тайёрлаш, фойдали ҳунарга йўналтириш, оилада соғлом муҳитни вужудга келтиришга эришиш, келин-куёвларни никоҳ олдидан тиббий кўрикдан ўтишларини назорат қилиш, тўйларни камчиқим қилиб ўтказиш каби масалалар Мамлакатхоннинг асосий вазифасидир. Уларни амалга ошишида маҳалланинг жонсарак фаолларидан Гулмирахон Қодирова, Гулчеҳра Асронова, Арофатхон Солиевалар яқиндан ёрдам бермоқдалар.
Қаерда ва қайси хонадонда бўлмасин, озодалик, поклик ҳар қандай инсоннинг дилини равшан этади, кайфиятини кўтаради. Буни яхши тушунган маслаҳатчи эса маҳалладаги озодалик, кўкаламзорлаштириш ишларига эътибор қаратди. Натижада маҳалла ҳудудидаги хонадон ва кўчалар саранжом-саришта, обод бир гўшага айланди. "Мустақилликнинг 20 йиллигига 20 та кўчат туҳфам" шиори остида баракали иш олиб борилди.
Маслаҳатчи бўлиш инсондан аввало, сабр-қаноатни, ўз касбига фидойиликни, маҳалланинг обрўсини кўтариш, қадр-қимматини мустаҳкамлаш, ташаббускорликни талаб этади. Шундан бўлса керак, бу ишнинг масъулияти катта. Қаҳрамонимиз ана шундай масъулиятли вазифани елкалаб келаётган аёл.
- Аёлларимиз орасида ҳунармандлар, тадбиркорлар ҳам йўқ эмас,- дейди Мамлакатхон Сатимова. - Уларнинг орзуси ўз иш фаолиятини такомиллаштириш, янги ишчи ўринлари яратишдир. Бунинг учун уларга озгина эътибор, маънавий ва моддий кўмак зарур. Бу йилги "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик" йилида бундай ишбилармон, тадбиркор хотин-қизларимизга, янги орзу-умидлар билан интилаётган оилаларга яна-да кўпроқ эътибор бермоқдамиз. Уларнинг банклардан имтиёзли кредит олишлари, бозорларда савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйишлари учун имкон қадар кўмак бериб келяпмиз. Бир сўз билан айтганда, маҳаллаларда йилнинг моҳиятини аҳолига тушунтириш асносида тадбиркор хотин-қизларга имкон қадар шарт-шароитлар яратиш, уларнинг сонини кўпайтиришдир.
Ҳа, Мамлакатхон маҳалла билан ҳам ҳамиша ҳамнафас. Бу ҳамнафаслик эса оилаларда фарзандларнинг баркамол вояга етишига, ёш келин-куёвларнинг аҳилликда яшашига, энг асосийси, одамлар ўртасида меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланишига сабаб бўлмоқда.
Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,
Булоқбоши тумани.
|