Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
Хар тугрида

№26, 23.06.2011

Жараён

Электрон рақамли имзо:

қулай, тезкор ва ишончли тизим

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги маълумотларига кўра республикамизда 2006 йилда электрон рақамли имзо калитлари сони 93 тани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорак якунига кўра электрон рақамли имзодан фойдаланувчилар сони 163 531 нафарга етди.

Маълумки, одамзот яралгандан бери ахборотга эҳтиёж сезиб келган. Азал-азалдан ахборотни инсонлар бир-бирига турли кўринишда етказишда ҳамда ахборотни тезкор узатишда турли йўллардан фойдаланилган.

Вақт ўтиши билан барча жабҳаларда ривожланишлар илгарилади. Янги-янги кашфиётлар очилди. Ахборот узатишда ҳам янгиликлар кашф қилинди. Ахборотни узатишда ёзувнинг пайдо бўлиши муҳим роль ўйнади.

Телеграф, телефон, радио ва телевидениеларнинг кашф қилиниши ахборотни узатишда ва қабул қилишда, уни кенг тарғибот қилишда жуда самарали бўлди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида микросхемаларнинг кашф қилиниши ахборот-коммуникация соҳаси тараққиётини бугунги, юқори босқичга кўтарилишига омил бўлди.

Ахборот-коммуникация технологияларидан самарали ва унумли фойдаланиш бугунги куннинг муҳим талабларидан биридир. Шунинг учун ҳам XXI аср - ахборот асри деб айтилмоқда. Ахборот-коммуникация технологияларидан иқтисодиётда кенг фойдаланиш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, ўзгаришларнинг бош йўналишларидан ҳисобланади.

Давлат бошқарувида, корхона ва ташкилотларда ахборот технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш жамиятни ахборот жиҳатдан кенг кўламли қайта ўзгартиришларга олиб келади. Бозор иқтисодиёти шароитида замонавий корхона ва ташкилотни бошқариш мураккаб жараён бўлиб, молиявий турғунлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминловчи стратегик масалаларни ечишни тақозо этади.

Интернет тармоғи ривожлана боргани сари, ахборот ўғирлаш, мазмунини бузиш, рухсатсиз ахборотни ўзгартириш, компьютер технологияларидан изнсиз фойдаланиш, тармоқдаги серверларга тажовуз қилиш, турли ноқонуний йўллар билан ахборотларни узатиш ҳолатлари кун сайин кўпайиб бормоқда. Натижада, ахборот хавфсизлигига жиддий эътибор қаратиш лозим бўлмоқда.

Корпоратив ва глобал тармоқларда электрон ҳужжат айланишида ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган энг самарали йўллардан бири электрон рақамли имзодир. Электрон рақамли имзо орқали электрон ҳужжат бирор кимсага юборилганда, электрон ҳужжат ким томондан яратилгани аниқ бўлади, ҳужжат бутунлиги сақланади ва ноқонуний ўзгартирилишининг олди олинади.

Электрон рақамли имзо бу электрон ҳужжатда ёритилган у ёки бу маълумотларда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо эгасини идентификация қилиш имконини беради ҳамда анъанавий қўлда қўйилган имзо билан бир хил кучга эга.

Электрон рақамли имзони ҳаётга татбиқ қилиш, ундан кенг фойдаланиш ва ҳозирги даражасига етишиши учун ўзига хос йўллар босиб ўтилди. Бу йўл ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошланган бўлиб, ўз пайтида вужудга келган савол ва муаммоларни ўша вақт техноло- гиялари ёрдамида ечишнинг имкони бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу ихтиро кашф қилиниши билан бирданига оммалашмади.

Вужудга келган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун 20 йилдан ортиқ вақт талаб этилди. Ҳозир электрон рақамли имзодан фойдаланиш учун лозим бўлган барча зарур воситалар яратилди. Дунёдаги барча давлатлар қатори мамлакатимизда ҳам электрон рақамли имзони ривожлантириш борасида техникавий ва ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳаётга жорий этилмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бир давлатнинг стандарти иккинчисининг талабларига тўла жавоб бера олмайди. Шу сабабдан, Ўзбекистон Республикасида ҳам миллий криптографик алгоритмлари яратиш ва уларни такомиллаштириш вазифалари амалга оширилди. 2003-2004 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари марказида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижасида O'z DSt 1092:2005 "Ахборот технологияси. Ахборотнинг криптографик муҳофазаси. Электрон рақамли имзони шакллантириш ва текшириш жараёнлари" Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Ахборот тизимларида электрон рақамли имзо технологияларидан фойдаланиш бир қанча муаммоларни ҳал этади, яъни:

- электрон ҳужжатга юридик мақом беришни таъминлайди;

- корпоратив тармоқ орқали иш юритиш жараёнида ҳужжат ижрочиларининг рад эта олмаслигини таъминлайди;

- ахборот интернет тармоқлари орқали ошкора юборилганда унинг бутунлиги ва конфеденциаллиги таъминланади.

Олиб борилаётган ишлар шуни кўрсатмоқдаки, электрон рақамли имзо бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни амал қилиш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги ва муҳимлиги аниқланмоқда. Ҳусусан, мамлакатимизда электрон рақамли имзо технологияларини кенг қўллаш учун ҳуқуқий шароитларнинг мавжудлигига қарамасдан, мазкур соҳа имконият даражасида ривож топмаган. Бунинг асосий сабаби аксарият корхона ва ташкилотларда ходимларнинг малакаси етишмайди. Фаолият кўрсатаётган ходимлар компьютер технологияларидан фойдаланишни, хат-хабар ёзишни билишлари мумкин, лекин электрон ҳужжат айланиши тизимини тўла ўзлаштира олишмаган.

Ушбу тизимдан тўлақонли фойдаланиш энг аввало, иш самарадорлигини оширади, қоғоз сарфини тежайди. Бундан таш-қари, вақтдан ютилади. Корхона ва ташкилотлараро ҳужжат алмашувида одатий ҳолдан фойдаланмоқдалар, яъни ҳужжат тайёрланиб имзолангандан сўнг, уни почта ёки курьер орқали керакли манзилга юборилади. Бу қанча оворагарчилик ва вақт олиши барчамизга аён.

Агар хат электрон почта орқали юборилса, у ҳолда имзо қўйиш имконияти бўлмайди. Агарда имзоланган хат сканер қилиниб, сўнг юборилса ҳам юридик кучга эга бўлмайди. Оддий нусха кўчирилган ҳисобланади. Бу муаммони ҳал этиш учун электрон рақамли имзога эга бўлиш кифоя. Электрон почта орқали юборилаётган хатга электрон рақамли имзо қўйилса у юридик кучга эга бўлади.

Шу ўринда электрон имзодан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги хусусида тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги "Республикада қоғозни тежаш ва ундан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг 2010 йил июль-декабрь ойларидаги ижроси ўрганилганда, 52 тонна қоғоз иқтисод қилинганлиги маълум бўлди. Бу электрон ҳужжат айланиши қанчалик афзал эканлигини кўрсатади.

Электрон рақамли имзони ривожлантириш ва жорий этиш натижасида мамлакатимизда электрон рақамли имзо калитларидан фойдаланиш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мисол учун, 2006 йилда электрон рақамли имзо калитлари сони 93 тани ташкил этган бўлса, 2011 йилнинг 1 январь ҳолатига бу кўрсаткич 150 мингдан ортиб кетди. Жорий йилнинг биринчи чорак якунига кўра фойдаланувчилар сони 163 531 нафарга етди.

Бугунги кунда, ахборот-коммуникация технологиялари жамият ҳаётининг барча соҳаларига чуқур кириб бормоқда. Бу давлат органларининг фуқаролар билан бўладиган муносабатида ҳам шаклланиб бормоқда. Яъни, давлат идорасига шахсан бориш, ариза ва маълумотларни тўлдириш, масъул шахс қабулига ёзилиш, навбатда туриш ва шунга ўхшаш вақт ва маблағ талаб этувчи, асабни бузувчи жараёнларни ўз ичига олган шаклдан воз кечилмоқда. Юқоридаги оворагарчиликлардан ҳоли бўлган шаклга, яъни "электрон ҳукумат" шаклига ўтилмоқда.

Давлат бошқаруви органлари, ташкилот ва корхоналарида ахборот-коммуникация технологиялари қанчалик ривожланса, қоғозсиз ҳужжат айланиши ҳам шунга яраша ортиб боради. Бу эса, корпоратив ва глобал тармоқларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш шартлигини ва узатилаётган ҳужжатларни юридик кучга эга эканлигини талаб қилади. Талаб қилинаётган шартларга электрон рақамли имзо калитларидан оқилона фойдаланиш орқали эришиш мумкин.

Лазизбек УСМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2025 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди